Буюк маърифатпарвар таваллуд куни муносабати билан янги китоблар тақдимоти ва адабий учрашув бўлиб ўтди
Самарқанд вилоят A.Пушкин номидаги ахборот-кутубхона марказида Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги муносабати билан чоп этилган «Зарафшон»нинг Беҳбудийси», шоир ва журналист Суръат Ориповга бағишланган «Шоир юраги» ҳамда журналист, серқирра ижодкор Эркин Азаматовга аталган «Юрак гавҳари», «Самарқанд мушоираси» ёшлар баёзи китобларининг тақдимоти ва адабий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир вилоят ҳокимлиги, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Янги китоблар тақдимоти ва адабий учрашув давомида иштирокчилар Беҳбудийнинг ҳаёт йўли ва унинг бой адабий мероси ҳамда шоир ва журналист Суръат Орипов ва серқирра ижодкор Эркин Азаматовлар билан бирга ишлаган, улар билан замондош шоир ва ёзувчи, журналистлар уларнинг ижоди ҳақида сўз юритдилар.
«Зарафшон»нинг Беҳбудийси» китоби Буюк маърифатпарвар, замонасининг таниқли арбоби, жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги муносабати билан чоп этилди. Китобда турли йилларда айнан алломанинг ўзи таъсис этган «Зарафшон» (турли даврда турлича номланган) газетасида унинг шонли ҳаёт йўли ҳақида босилган мақолалар ўрин олган. Шунингдек, унинг турли йилларда мактаб, мадраса, миллат, маънавият, тил ҳақида ёзган халқчил қораламалари «Беҳбудий дейдики...” сарлавҳаси остида берилган.
Китобни ўқиган киши Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Марказий Осиёдаги жадидчилик ҳаракатидаги ўрни, Туркистон зиёлилари, хориждаги бундай ҳаракат фаоллари билан мустаҳкам алоқа ўрнатгани, том маънода миллат жонкуяри экани, ўқувчилар учун алифбо ва бошқа кўплаб дарсликлар ёзиб, чоп эттиргани, географ сифатидаги изланишлари ва Самарқандда миллий матбуотимиз тамал тошини қўйгани ҳақидаги нодир маълумотларга эга бўлади. Китоб буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий илмий-маънавий, ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда тадқиқотчиларга зарур манба, китобхонларга манзур асар бўлиб қолади.
«Шоир юраги» шеърлар, таржималар ва хотиралар китоби ўтган асрнинг 70 йилларида Самарқанд адабий муҳити, хусусан, воҳанинг назм майдони пешқадамларидан бўлган шоир ва журналист Суръат Ориповнинг шер, ғазал ва таржималари ўрин олган.
1936 йилда Оқдарё туманида туғилган Суръат Орипов узоқ йиллар «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетаси таҳририятида ишлади. Шоирда илҳомий жўшқинликдан ташқари тиришқоқлик, меҳнатсеварлик, камтарлик каби ажойиб фазилатлар мужассам эди. Гарчи давраларда шоду хуррам ўтирса-да, унинг юрагида, кўзларида ҳамиша аллақандай сеҳрли мунг, дард, ҳасрат бўларди. У ана шу туйғуларни шеърларига, ижод намуналарига туширар, ҳаётни бевосита образли тасвирлашга, ҳаётдан олинган типик воқеаларни оригинал тарзда ифодалашга интиларди. Энг муҳими, у воқеа ва фактларни баён этиш йўлидан эмас, аксинча мушоҳада қилиш, ҳаётий тасвир яратиш йўлидан боришга ҳаракат қиларди. Минг афсуски, устоз ўз ижод намуналарини тўплаб, ҳаммасини тўла нашр қилишга улгура олмади. Ундан фақат Рауф Парфи билан ҳамкорликда чиқарган «Субҳидам» тўпламигина ёдгор қолди, холос. Суръат Ориповнинг вафотидан кейин «Товушлар ва ранглар» деб номланган шеърий тўплами босилди. Яна кўплаб шеърлари, минг афсуски, ижодкорнинг столи устида қолиб кетди. Бироқ, бу шеърлар ҳали-ҳануз ўз қадр-қимматини йўқотмай келмоқда.

«Юрак гавҳари» китобида самарқандлик қаламкаш – матбуотда узоқ йиллар фаолият кўрсатган фидойи журналист, серқирра ижодкор Эркин Азаматовнинг ўзига хос ижод йўли акс этган. Ижодкор вилоят маҳаллий нашрларида хизмат қилиш билан бирга ўзидан наср ва назмда кўплаб ижод намуналарини қолдирган. Ушбу тўпламда ҳам унинг қатор шеърлари, ҳикоя ва таржималари ўрин олган. Шунингдек, унинг билан замондош, сафдош бўлган инсонларнинг ҳамда фарзандларининг у ҳақида хотиралари жой олган.
«Самарқанд мушоираси» ёшлар баёзи вилоят ҳокими ташаббуси билан чоп этилди. Тўпламда янги Ўзбекистоннинг янгича дунёқарашли бунёдкорлари, мақсаду марраларни баланд олаётган самарқандлик ёш қаламкашларнинг шеърлари ўрин олган. Ушбу баёз самарқандлик ёш ижодкорларнинг иқтидор ва маҳоратини, воҳада шаклланган адабий анъаналарга садоқатини, энг муҳими, Самарқандда «Устоз ва шогирд мактаби» давом этаётганини намойиш қилади.
Китобни қўлга олган киши қадимий ва ҳамиша навқирон маскандаги ҳаёт завқи, сўз лаззатидан баҳра олиб, адабиёт қасрининг эшигини қоқаётган Самарқанд ёшларининг мушоирасидан баҳра олади.
Адабий учрашув доирасида иштирокчилар ва A.Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказига «Шарқ юлдузи» журналининг самарқандлик ижодкорларга бағишланган сони совға қилинди.
Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- Эркаклар аёлларга нисбатан кўпроқ калория истеъмол қилиши керакми?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг