Бухорода қадимий бахмал матосини қўлда қайта тикиш технологияси тикланди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро давлат музей – қўриқхонасининг амирлик даврига оид коллекциясидан халқимизнинг ақлу заковати, яратувчанлик маҳоратидан дарак берувчи кўплаб экспонатлар ўрин олган. Музей – қўриқхона фондининг бош муҳофизи Феруза Шарипованинг билдиришича, улар орасида вақт таъсирида таъмирталаб ҳолга келганлари ҳам учрайди.
Шундай паллада ўз ишининг устаси саналган реставраторлар кўмакка келмоқда. Дилмурод Холов бошлиқ мутахассислар яқинда XIX асрга тааллуқлиги айтилаётган сарой амирлари белбоғини таъмирлади. Эътиборлиси, кумуш ва тилла суви юритилган бу жиҳозни асл ҳолига келтиришга ижодий ёндашилди. Бахмал матони тикиш дастгоҳда эмас, қўл кучи билан бажарилди.
— Бу бир неча жараёндан иборат бўлди, — дейди мато реставрацияси бўйича яхшигина тажриба тўплаган Сория Носирова. — Бунда бизга аввало микроскоп орқали қилинган таҳлиллар асқатди. Махсус кўзойнакдан фойдаландик. Танда ва арқоқни ташлаган ҳолда ўрнидан кўчган, ёйилган бахмални игна ёрдамида тикладик. Эндиликда уни кўргазмага намойиш этгани қўйиш мумкин.
Сирасини айтганда, артефактларни реставрация этиш тарихни чуқур билмоқдан ташқари, сабру тоқат, дид, қунт, маҳоратни талаб қилади. Бу ҳунар этагидан тутмоққа ҳар ким ҳам жазм этавермайди. Шу нуқтаи назардан музей – қўриқхонада «Лоақал битта экспонатни сақлаб қолсак ҳам ўзимизни бахтли ҳисоблаймиз», дея фаолият кўрсатаётган реставраторлар борлиги нақадар яхши. Бироқ штат бирлиги камлиги, реставраторлар ҳомийларнинг ёрдамига эҳтиёж сезаётганини ҳам таъкидлаш керак. Негаки, иш ҳажми кўп. Бутловчи нодир ашёларни харид қилишга анча-мунча маблағ сарфланади. Реставраторларга шу масалаларда амалий ёрдам керак. Ёшларда бу нозик ҳунарга қизиқиш, иштиёқ уйғотиш масаласи ҳам бор.
Қадимий белбоғга келсак, Дилмурод Холовнинг таъкидлашича, бахмал матони қўл кучи билан тиккан ҳолда экспонатни қайта тиклаш борасидаги тажриба ўзини оқлади. Энди бу усулдан фойдаланиб, йирикроқ артефактларни, дейлик, қадимий тўнларни ҳам реставрация қилиш мумкин. Дарвоқе, бухоролик реставраторлар яратган ўзига хос технология хорижий экспертларни, жумладан, Россия давлат Эрмитажи мутахассисларини ҳам қизиқтириб қўйди. Эрмитажда Марказий Осиё, жумладан Бухоро билан ҳам боғлиқ кўплаб экспонатлар сақланмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг