Бугун — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али таваллуд топган кун
Истеъдодли шоир, адиб ва таржимон Муҳаммад Али (Муҳаммад Али Аҳмедов) 1942 йил 1 мартда Андижон вилоятида туғилган.
Ижодкор “Фазодаги ҳислар”, “Шафақ”, “Оталар юрти”, “Достонлар”, “Оқ нур”, “Илҳом париси”, “Сен бир гулсан”, “Она дуоси” ва бошқа шеърий асарлари, “Боқий дунё”, “Улуғ салтанат”, “Сарбадорлар” каби назмий ва насрий романлари билан миллий адабиётимизни бойитди. Адибнинг ўнлаб таржималари китобхонлар қўлига етиб борган.
Ўзбекистон мадҳи
Ўзбекистон – сен буюк достон,
Шоир ёзди қалб қони билан.
Туғён, армон, тепиб турган жон,
Виждонию имони билан!
Аямасдан ёшлигин зинҳор,
Орзуларин барин этиб жам,
Шижоату шиддат, неки бор
Фидо қилди сенга чинакам!
Фарзанд бурчи – залворли юкдир,
Майишгувси анов-манов қад!
Қошингдаку қарзи буюкдир,
Биттасини узолди фақат:
Она-Ватан пешонасида
Балқиб ёнди толе юлдузи!
Фарзанд учун, дўстлар, аслида
Бундан ортиқ не бахт бор ўзи?..
Она Ватан! Мангу омон бўл!
Сен жисмлар ичида жон бўл!
Умри боқий буюк достон бўл!
Ўзбекистон, Ўзбекистон бўл!..
Оҳ, жонажон Ватан
Оҳ, жонажон Ватан! Тимсолинг
Собит турар қалбим қатида.
Чечак ёзгай ёрқин иқболинг
Фарзандингнинг муҳаббатида!
Юртим бордир, демангиз, нечук?
Юртсиз диллар доғдир, куюкдир.
Инсон учун, каттами, кичик
Туққан юрти доим буюкдир.
Мақтанайин, кўрсин кенг жаҳон,
“Ватан!” дебон кўксим керайин!
Достон битай, бир ажиб достон.
Тақдирингни сўйлаб берайин.
Достонимнинг ҳар битта фаслин
Номинг билан бошлайин, диёр!
Севсам диёрларнинг асилин,
Мендан бахтли дунёда ким бор?..
Сен увалик-жувалик юртсан,
Тошкент, Қўқон, Хивалик юртсан,
Насибанг бор минг-минг йилларда,
Ҳали яралмаган дилларда!…
(“Боқий дунё” шеърий романидан парчалар)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
- Бугун Эронга жуда қаттиқ зарба берилиши мумкин – Трамп
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг