Болалар омбудсмани қатор мажбурият ва ваколатларга эга бўлмоқда
Фото: Aбдумуталиб Тойиров / “Халқ сўзи”
Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар.
Ҳужжат билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг қонунийлик, мустақиллик, адолатлилик, инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик, холислик, очиқлик ва бола ҳуқуқларининг устуворлиги каби асосий принциплари белгиланмоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига сайланиш куни йигирма беш ёшга тўлган ва камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси 5 йил муддатга Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан сайланиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Қонунда Болалар омбудсманининг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари аниқ белгиланмоқда.

Қонунга боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалаларга доир қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилиши мажбурий тартиб сифатида киритилмоқда.
Бундан ташқари, Болалар омбудсмани маърузаси Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутилмоқда. Болалар омбудсмани бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик бузилганини аниқланганда, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига тақдимномалар киритиши мумкинлиги акс эттирилмоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланиш ваколати берилмоқда.
Шунингдек, Қонунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари тайинланиши белгиланмоқда.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати. Болалар омбудсмани бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиши, боланинг манфаатларини таъминлашга қаратилган нормаларни қабул қилиш юзасидан мутасаддиларга тегишли таклифлар киритиб бориши ҳам назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида, тергов ҳибсхоналарида ва тарбия колонияларида турган болалар ёзма шаклдаги мурожаатларини Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга юбориши мумкинлиги белгиланмоқда.
Сенаторлар ушбу Қонуннинг қабул қилиниши боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида Болалар омбудсманининг давлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги кучайишига, боланинг шахсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ҳуқуқларининг таъминланишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокамалар якунида Қонунни маъқуллаш ҳақида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг