Билим ва малакасиз ишлаб бўлмайди

14:18 01 Апрель 2026 Жамият
229 0

Бугун одамлардан бирор муаммони яшириб бўлмайди. Ростми, ёлғонми, ишонса бўладими, йўқми, минглаб, миллионлаб хабарлар ижтимоий тармоқларда болалаб кетган, боши -кети йўқ. Гоҳ у гоҳ бу мавзуда аралаш -қуралаш қилиб ёзаётган, маслаҳату тавсия бераётганлар ҳам оз эмас. Бир сўз билан айтганда демократия устувор, ахборот соҳасидаги шаффофликнинг “пилиги” баланд. Устига устак айримлар “қизил” чизиқни беписандлик билан босиб ўтаётган, кўпчиликни ваҳимага солаётган бўлса-да, қонунчилик уларга чора кўришга кўпам шошилмаяпти, бироз инсоф қилаётгандек. Масалан, яқинда бир фарғоналик молбоқар “ҳамма ёқни касал босиб кетди, дори-дармоннинг нафи тегмаяпти, ветврачлар чорасини тополмаяпти, молбозордан ҳайвон сотиб олманглар”, дея аюҳаннос солди. Буни сиз ҳам кўрган чиқарсиз, албатта. Фарғона вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азизбек Абдувалиев эса буни билимсизлик, ваҳимага берилиш, дея баҳолади. Масъуллар ветеринария ходимлари ўз вазифасини сидқидилдан бажаришаётанини, хавфли касалликларга қарши эмлаш ишлари изчил давом этаётганини ҳам иддао қилишди. Икки-учта нўноқ ветеринария ходимининг ожизлиги, уқувсизлиги бутун бошли тизимнинг юзига “лой” чаплай олмайди, деган ҳақли эътирозлар ҳам айтилмоқда.

Тажрибали ветврачларнинг таъкидлашича эса республика прокуратура органлари томонидан кейинги олти ой ичида ўтказилган текширишлар, бунинг натижасида тизимда аниқланган қонунбузилишлар, қўлланилган турли даражадаги жарималар, жиноят ишларининг қўзғатилиши охир-оқибат ветеринария хизматини саросимага солиб қўймоқда. Чунки бундай кенг кўламли текширув илгари кузатилмаган. Қонунбузилиш ҳолатларининг кўлами ҳам катта. Асосий камчилик ва нуқсонлар туманлару маҳаллаларда ишлаётган мутахассисларнинг бажарилган ишни ўз вақтида расмийлаштириб қўймагани, ҳужжатлаштиришга беписанд қарагани билан боғлиқ. Бундан кейин ҳар бир ветучастка мудири, ҳар бир мутахассис ўз фаолиятини қонуний расмийлаштирмоғи, чорвадорларга хизмат кўрсатиш тизими худди чет элдагидек тўлиқ шартнома асосига кўчмоғи зарур. Ана шунда “ревизордан” ҳеч ким чўчимайди, жарима тўлашга ҳам ҳожат қолмайди. Бундан ташқари билим, малака, тезкорлик ва тўғри ташхислаш бугун ҳар қачонгидан-да муҳим.

Иссиқ жоннинг иситмаси бор деганларидек, бугун чорва ҳайвонларида учрайдиган хасталикларнинг тури ҳам даволаш усуллари ҳам жуда кўп. Турли малҳамлару дори воситалар ҳам сон- саноқсиз. Бу борада фармацевтика саноати янгилик беқиёс. Энг мақбул усул ва малҳамни қўллаш, касал молни оёққа турғазиш, шу орқали хонадон эгасини хурсанд қилиш бу ветврачнинг обрў -эътиборини кўтаради, аксинча бўлса-чи?.. Чаласавод ветврачни “шустрий” қассобнинг шериги, дея қишлоқдан қувиб соладилар. Чунки қишлоқ аҳли қорамолу қўй-қўзини бой бўлай, даромадим кўпайсин, бир сўмни ўн сўм қилай, дея боқаяпти-да.

Ана шу сабабли ҳар бир маҳаллага билимдон ва юқори малакали ветврач керак, жуда керак. Уни маълум вақт оралиғида малака ошириш учун жўнатиш ҳам давр талабидир. Бу ҳақда Ветеринария ва чорвачилик соҳасида педагог ҳамда мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ректори Равшан Бердиевич Давлатов шундай деди:

-Давр шиддат билан ўзгармоқда, дунё нотинч, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб муттасил ошаяпти. Европада, Россия ва қўшни давлатларда ҳайвонлар орасида касаллик кўпайгани, юз минг бошлаб ҳайвонларнинг нобуд бўлаётгани вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Республикамизда эса давлатимиз раҳбарининг ташаббуси, бевосита кўмаги билан чорвачиликни ҳар томонлама тараққий эттиришга, ветеринария хизматини такомиллаштиришга жиддий кирилган. Субсидиялар, солиқ имтиёзлари, наслчилик ишларидаги янгиликлар, барча барчаси халқ фаровонлигини оширишга йўналтирилган. Мана шундай шароитда малака оширмасдан, турли хавфли касалликларни олдини олиш, даволаш борасидаги илмий янгилик ва инновацион тавсиялардан бехабар ҳолда ишлаб бўладими? Албатта йўқ.

Президентимизнинг 2024 йил 4 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги ҳамда ветеринария ва чорвачилик соҳалари кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-420-сон қарорининг асосий мақсади ҳам шу: давр талабидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар малакаси ва билимини ошириш, шу орқали ветеринария тизимида хизмат сифатини юқори поғонага кўтаришдир. Яқинда институтимиз фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида 2026-2027 йилларга мўлжалланган икки йиллик “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланди. Ўтган йилнинг ўзида эса қўмита тизимидаги жами 955 нафар мутахассис, шу жумладан, 97 нафар раҳбар ходимлар, 407 нафар мутахассис, ташхис марказларининг 222 нафар ходими, 66 нафар зоотехниклар, 55 нафар идоравий, ишлаб чиқаришдаги ва хусусий ветеринария хизмати мутахассислари, 76 нафар техник осеминаторлар, 32 нафар чегара постларидаги ветврачлар институтимизга келиб сабоқ олишди ва малака сертификатларига эга бўлишди. Жорий йилда эса бу рақам 1450 нафар бўлиши кутилмоқда. Чунки бунга талаб бор,эҳтиёж катта.

Келгусида фаолиятимизни хорижий тажрибага таянган ҳолда янада такомиллаштиришни кўзлаяпмиз. Айни пайтда институтимизнинг ўқув хоналари, ахборот ресурс маркази, ахборот технологиялари устахонасига Осиё тараққиёт банки кўмагида харид қилинган 2 дона электрон доска, ўндан ортиқ керакли замонавий асбоб-ускуналарни ўрнатган ҳолда лекцияларни “жонли эфир” тарзида ўтказишни йўлга қўйганмиз. Ҳар бир тингловчи жарроҳлик амалиёти ва клиник-лаборатор текширувларини ўз қўли билан бажармоқда, қаерда хато қилди, яна нималарга эътибор қаратиш лозим, барчаси чиғириқдан ўтаяпти.

Албатта назария ва амалиёт уйғунлиги, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш жуда муҳим. Бусиз тўлақонли малака оширишни таъминлаб бўлмайди. Лекцияларни Х.Салимов, Б.Бакиров, Б.Эшбўриев сингари таниқли профессорлар ўтаётган бўлса, амалиёт дарслари 3500 бошдан ортиқ зотдор наслли қорамоллар боқилаётган “Сиёб Шавкат Орзу” қорамолчилик хўжалиги, “Сиёб саховати” сутни қайта ишлаш корхонаси, йирик паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик кластерлари, университет виварияси ва лабораториялари, Самарқанд шаҳрида жойлашган деҳқон бозорлари ва қушхоналарда ўтказилмоқда. Бу борада институтимиз вилоятдаги ўнлаб йирик чорвалик кластерлари билан шартнома имзолаган. Бугун “Самарқанд сифат гўшт савдо”, “Сам тери тайёрлов” кушхоналари, “Агро браво” сутни қайта ишлаш корхонаси, “Чортут” қорамолчилик хўжалиги, “Оқ Амур балиқлари” балиқчилик хўжалиги, “Агро-комплекс”, “Илонсой насл парранда” ва “Навообод насл парранда” паррандачилик хўжаликлари, “Бахт” гўштни қайт ишловчи хусусий корхонаси энг яқин хамкоримиздир. Бир сўз билан айтганда тингловчилар бу ерга вақтни беҳуда совургани ё шунчаки дам олгани эмас, замонавий билимлар билан танишгани, ўз малакасини оширгани келаётган экан, биз бунга етарли шарт-шароит яратиб беряпмиз. Токи, тингловчи ўқиш якунида шунчаки сертификат олмасин, балки олган ҳужжатига яраша салоҳият эгасига айлансин. Бу ўз-ўзидан республикамизнинг қайси чеккасида бўлмасин, ҳайвонлар билан боғлиқ касалликларни кескин камайтиришга, ветеринария хизмати сифатини янада кўтаришга туртки беради.

Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер