III Осиё ёшлар ўйинлари ғолибларига 2000 доллардан пул мукофотлари берилди

13:04 04 Ноябрь 2025 Спорт
310 0

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Миллий Олимпия қўмитасида “Баҳрайн-2025” III Осиё ёшлар ўйинларида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон делегацияси аъзоларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Давлат мадҳияси янграши билан бошланди. Шундан сўнг, мусобақада ёш спортчиларимиз эришган ютуқларни акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди.

Маросим давомида “Баҳрайн-2025” Осиё ёшлар ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг мураббийларига махсус сертификатлар топширилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдурахмонов, спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Дурдона Раҳимова иштирок этиб, ёш спортчиларни эришилган тарихий ғалабалар билан табрикладилар. Улар ўз нутқларида бугунги ютуқлар мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имконият ва эътибор самараси эканини алоҳида таъкидладилар.

Тадбир давомида таэквондо бўйича “Баҳрайн-2025” Осиё ёшлар ўйинлари чемпиони Омадбек Отабеков ҳамда бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийи Сирожиддин Наимов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдирдилар.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

– Ғалаба мен учун катта ареналарга очилган йўлнинг бошланиши. Олдинда жуда катта мақсадларим бор – катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва албатта, Олимпиада медалини юртимизга олиб келиш. Шу мақсад йўлида янада қаттиқроқ меҳнат қиламан, – дейди чемпион Омадбек Отабеков. – Эришган ғалабамиз устозларим, ота-онам ва бутун юртимиз учун катта шараф. Финал беллашувида ғалаба қозонганимда, Ватанимиз байроғи баланд кўтарилди. Ҳар бир спортчи учун юрт байроғини халқаро ареналарда кўтариш энг катта бахт.

Тантанали маросим якунида яна бир муҳим воқеа – 2029 йилги Осиё ёшлар ўйинлари Тошкентда ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон фахри, “Париж-2024” ёзги Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрова ҳамда “Баҳрайн-2025” ўйинларининг икки карра чемпиони Мунисбек Давлетов томонидан Осиё Олимпия кенгашининг байроғи мазкур нуфузли спорт ташкилоти мадҳияси садолари остида МОҚ ҳовлисида кўтарилди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Бу воқеа нафақат ёш спортчиларимиз учун, балки бутун Ўзбекистон учун фахр ва ғурур бағишлади. Ёшларимизнинг халқаро мусобақалардаги ғалабалари мамлакатимиз спорт салоҳиятининг юксаклигини, янги авлод спортчиларининг кучи, иродаси ва меҳнатсеварлигини яна бир бор намоён этди.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Улуғбек Рўзиматов,
Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи». 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?