«Аскарлар профессионал ҳарбийларникидек маош олади»: Германияда ҳарбий хизматга чақирувнинг янги қонун лойиҳаси тақдим қилинди
Германияда муддатли ҳарбий хизматга чақирувнинг янги қонун лойиҳаси тақдим қилинди. Бу ҳақида BILD нашри маълум қилди.
Билдирилишича, мазкур қонун лойиҳасига кўра, 18 ёшга тўлган, шу жумладан ҳарбий хизматни ўташни истаган аёллар ҳам муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин.
Таъкидланишича, ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда кўриб чиқилиши лозим бўлган асосий жиҳат 2008 йилда туғилган йигитларни ҳарбий хизматга чақириш масаласи бўлади.
Вояга етган ҳар бир йигит учун мажбурий тиббий кўрик жорий этилади. Шунингдек, 18 ёшга тўлган йигитлар ўртасида ҳарбий хизматга боришни хоҳлаши ёки йўқлиги тўғрисида сўровнома ўтказилади. Мазкур сўровнома аёллар ўртасида ҳам ташкил қилинади.
Маълум қилинишича, юқоридаги ислоҳотлар ҳам мамлакат қуролли кучлари ҳарбий эҳтиёжини қондира олмаса, Бундесвер қуръа ташлаш йўли орқали фуқароларни ҳарбий хизматга чақириш тизимини йўлга қўяди. Маълумот учун, Германияда ҳарбий хизмат муддати олти ойни ташкил қилиб, шундан уч ойи асосий тайёргарликка сарфланади.
Бундан ташқари, мамлакат парламенти мудофаа вазири Борис Писториусдан армиядаги ҳарбийлар сонининг ўсиб бориши бўйича аниқ режа тақдим этиши ҳамда ҳар олти ойда эришилган ютуқлар ҳақида ҳисобот бериб боришини талаб қилган.
Янгиланаётган ҳарбий хизматга чақирув қонунида Германиядаги фаол ҳарбий хизматчилар сони 260 минг нафарни, резервдагилар сони эса 200 минг нафарга етиши кераклиги белгилаб ўтилган. Шунингдек, ёшларни ҳарбий хизматга бўлган қизиқишини уйғотиш ҳамда кўнгиллиларни жалб қилиш мақсадида ҳукумат ойига тахминан 2 минг 600 еврогача харажат қилишга тайёр. Таъкидланишича, 12 ойдан ортиқ муддатга шартнома имзолаганлар «муддатли аскар» мақомини оладилар ва уларга профессионал ҳарбийларники каби маош тўланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Германия ҳукумати август ойидан бери ҳарбий хизмат учун янги чақирув тизими моделини муҳокама қилиб келаётгани, Бундесверда ҳозирда тахминан 182 минг фаол ҳарбий хизматчи борлиги, аммо НАТО мажбуриятларини бажариш учун уларнинг сони тахминан 260 мингтага етиши кераклиги ҳақида хабар берган эдик.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг