АҚШ ва Хитой Женевадаги музокараларда муҳим келишувга эришди

07:49 12 Май 2025 Дунё
186 0

2025 йил 11 май куни АҚШ ва Хитой ўртасида Женева шаҳрида ўтказилган савдо музокаралари якунида томонлар тарифлар масаласида муҳим келишувга эришди. Бу ҳақда АҚШ делегацияси раҳбари Жеймисон Грир маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, келишув тафсилотлари бугун расман эълон қилинади.

Музокараларда Хитой томонидан Давлат кенгаши раисининг ўринбосари Хэ Лифэн бошчилик қилди. Музокаралардан сўнг Хитой вакиллари изоҳ бермаган бўлса-да, Грир берган баёнотда АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан илгари сурилган савдо балансидаги миллий хавфсизлик таҳдиди юзасидан эълон қилинган фавқулодда ҳолатни юмшатиш йўлида бу келишув муҳим қадам бўлиши айтилди.

Грир баёнотида: «Биз Хитой билан эришилган битим миллий фавқулодда ҳолатни юмшатишда ёрдам беради, деб ишонамиз», — дея таъкидлади. Экспертларга кўра, музокараларнинг икки томонлама таҳлили шуни кўрсатдики, тарафлар ўртасидаги келишмовчиликлар дастлаб тахмин қилинган даражада жиддий эмас. АҚШ молия вазири Скотт Бессент бу мулоқотни «муҳим ютуқ» деб атади. Бу фикрни Хитой вакили Хэ Лифэн ҳам қўллаб-қувватлади.

Музокаралардан сўнг АҚШ президенти Дональд Трамп «Truth Social» платформасида берган баёнотида Хитой билан «тўлиқ қайта юклаш» бошланганини айтди. «Бугун Швейцарияда Хитой вакиллари билан жуда самарали учрашув бўлиб ўтди. Кўплаб масалалар муҳокама қилинди, муҳим келишувларга эришилди. Дўстона ва конструктив муҳитда АҚШ-Хитой муносабатларини янгилашга доир шартлар келишиб олинди. Биз Хитойнинг АҚШ бизнесига очиқлигини истаймиз. Бу жуда катта ютуқ!» — деб ёзди Трамп.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ томонидан Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўйилган бож ставкалари умумий ҳисобда 145 фоизни ташкил этади, Хитойнинг жавоб тариқасидаги бож ставкалари эса 125 фоизга етган. Пекин илгарироқ очиқ баёнот билан савдо уруши «охиригача» давом этишини маълум қилган ва Вашингтонни халқаро тартибни «ёввойи ўрмон қонунига» қайтармаслик ҳақида огоҳлантирган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?