Анвойи ижод чамани

13:15 30 Октябр 2023 Маданият
264 0

Бугун — Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид таваллуд топган кун

Адабиёт аталмиш кўркам бўстон асрлар оша тўлишиб, янада чирой очиб, янгидан-янги номлар билан бойиб бораётгани халқимизнинг бениҳоя катта хазинаси. Бу боғга ўз улушини қўшган борки, дилига, тилига юксак инсоний туйғулар, Ватан, эрк, муҳаббат, эзгулик, бахту саодат каби тушунчалар жо бўлади. Ўзининг ана шундай оташин шеърияти, сермаҳсул ижоди билан халқимизнинг кўнглидан жой олган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиддир. Шоирнинг битикларида озод юрт манзумаси, ошиқ кўнгил бахту изтироблари, эзгуликка эш ҳаётий тимсоллар ўзига хос ифорда, кўрку тароватда намоён бўлади. Соф туйғулар, чўнг самимият, теран фикрлар, мукаммал бадиият шеърият ихлосмандини мафтун этади.

Шоирга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, узоқ умр тилаймиз! Ижодда янги-янги довонлар ошиб, шеърият ихлосмандларини хушнуд этиб юраверсин!

Қуйида Сирожиддин Саййид қаламига мансуб ижод намуналаридан туҳфа этамиз.

Инсон қадри

Тирикликнинг ифоридай гуллар атри,

Булбул учун муқаддасдир бўстон қадри.

Булбул асло яшолмас ўз чаманисиз,

Инсон яшолмагай ҳаргиз Ватанисиз.

Яшнар экан токи давру замон қасри —

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

Сен эгилиб чигит экдинг, пахта тердинг,

Шунча молу дунёйингни кимга бердинг?

Юз йил меҳнат қилдинг, косанг оқармади,

Халқим, толе сенга ҳам бир боқармиди?

Келди энди чин деҳқону боғбон қадри,

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

Миллатларни бирлаштирган ташкилотда

Сен ўзбекча сўйлар эдинг, Ўзбек ота.

Сен ўзбекча сўйлардинг — мен йиғлар эдим,

Уч юз етмиш томирим-ла тинглар эдим.

Баланд бўлди элда илму ирфон қадри,

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

Келажакнинг кўркам қасру уйларида,

Тўйларида, маҳалла ҳам кўйларида —

Эллар, халқлар бирлашиб байрам бўлади,

Бу давронлар ҳали дув-дув гап бўлади.

Ўзбек учун муқаддасдир меҳмон қадри —

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри.

Ўзинг қурдинг уч минг йиллик давлатингни,

Қадрига ет оринг, шаъну шавкатингни.

Бугун имон келтирдику рўйи жаҳон,

Ўзбекистон, ота макон, она макон.

Чин сарбонга қутлуғ бўлсин карвон қадри,

Бу Ватанда муқаддасдир инсон қадри,

Инсон қадри муқаддасдир, инсон қадри.

***

Дилни ўзга юртга мойил кўрмадим,

Юртсиз бир муродни ҳосил кўрмадим.

Қанчалар уммону дарёлар кечдим,

Анҳор соҳилидай соҳил кўрмадим.

***

Кўринган тоғларнинг қояларидир,

Ул ота-бобомнинг сояларидир.

Осмонга интилган баланд чўққилар

Эрк дея юксалган ғояларидир.

ВАТАН ДЕСАМ…

Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,

Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш.

Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,

Кўзга суртай нонларини, нонларини.

Тирикликнинг заҳматлари, тақдирлари,

Ҳаётининг бор ҳикмат ҳам тадбирлари,

Эй, онамнинг тупроққина тандирлари,

Иситгансиз жонларини, жонларини.

Ким Ватанни зар тўнига енг этмишдир,

Ким бағрини осмонлардай кенг этмишдир.

Яратганнинг ўзи бугун тенг этмишдир

Асрларга онларини, онларини.

Бир суворий келмоқдадир - Бобурми ё?

Ҳиротми ё, Ҳиндистонми ёки Кўнё,

Кўриб келди, бундан сўнг ҳам кўрсин дунё

Султонлари, хонларини, хонларини.

Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,

Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш,

Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,

Кўзга суртай нонларини, нонларини.

Нечун ўтмоқ ҳасад экиб умрларга,

Дилни ўраб ғараз, риё — кўмирларга?

Ҳавас қилиб яшанг улуғ Темурларга,

Эл билгайдир шонларини, шонларини.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?