Жиззах вилояти сессиясида ташкилий масала кўрилиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича асосий режалар белгилаб олинди
Фото: Президент матбуот хизмати
2 декабрь куни Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
– Вилоятни қандай оғир шароитлардан олиб чиққанимизни, Жиззахнинг ҳар бир туманида бўлаётган катта-катта ўзгаришларни, одамларнинг хурсандчилигини кўриб, жуда қувонаман ва фахрланаман, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.
Ўтган даврда Жиззах вилояти республикадаги саноати энг тез ўсаётган ҳудудга айланди. Саккиз йилда 6,5 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ишга тушган бўлса, шунинг 45 фоизи саноат ҳиссасига тўғри келади. Жиззахда йилига 175 минг автомобиль ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.
Қисқа фурсатда Зомин, Фориш, Арнасой туманлари ва Жиззах шаҳрида 2 миллиард долларлик 500 дан зиёд туризм ҳамда сервис объектлари иш бошлади. Арнасой ва Зоминда 300 миллион доллар ҳисобига 12 ой давомида тўлиқ ишлайдиган курорт зоналари ишга тушгани, уларда аэропортлар барпо этилгани натижасида Жиззах энг жозибадор туристик маршрутлардан бирига айланди.
Саккиз йил олдин Жиззахдаги иш ўринларининг 42 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келган бўлса, бугун 310 мингга яқин вилоят аҳолиси саноат ва сервис соҳаларидаги юқори даромадли ишлар билан банд.
Пахтачиликка мослашган вилоятнинг қишлоқ хўжалиги ҳам тубдан диверсификация қилинди. Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Янгиобод, Фориш туманлари боғдорчиликка ихтисослашиб, 28 минг гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилди. Мирзачўл, Дўстлик, Зафаробод, Зарбдор, Пахтакор, Арнасойнинг чўл ҳудудларида 12 минг гектар ерларда ҳам боғ ва сабзавот плантациялари ташкил этилди.
Умуман, сўнгги саккиз йилда Жиззахда саноат 2,5 триллиондан 25 триллион сўмга, хизматлар 2,5 триллиондан 20 триллионга, қишлоқ хўжалиги 9 триллиондан 30 триллион сўмга ошгани таъкидланди.
– Албатта, бу – катта ислоҳотларимизнинг бошланиши. Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида ҳали кўп ишларни қилишимиз зарур, – деди Президентимиз.
Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди.
Президентимиз Жиззах вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Улуғбек Мустафоев номзодини илгари сурди. Овоз бериш натижаларига кўра, Улуғбек Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбари саноат, инвестиция, туризм, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва инфратузилма соҳаларини ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.
Жиззахнинг республика автомобилсозлик саноатидаги улуши 25 фоизга етган. Навбатдаги вазифа заводлар атрофида ёндош тармоқларни ривожлантириб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва таннархни камайтиришдан иборат экани қайд этилди.
Тадбиркорларга қулай шартларда тайёр биноларни таклиф этиш, бутловчи қисмларни валидация қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш вазифалари белгилаб олинди.
Вилоятда йилига 1 минг тонна вольфрам қазиб олиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ғаллаорол ва Нурободдаги лойиҳалар ишга тушса, Ўзбекистон вольфрам ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлатлардан бирига айланиши таъкидланди.
Мутасаддиларга Ғаллаоролдаги олтин ресурсига эга истиқболли майдонга инвестор жалб қилиш, Форишдаги қўрғошин-рух конида геология-қидирув ишларини якунлаш, Арнасойдаги уран захираси аниқланган коннинг техник-иқтисодий асосини якунлаш топширилди.
“Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги 510 миллион долларлик 30 та лойиҳа ҳисобига 10 мингга яқин одамнинг бандлиги таъминланди. Бу ерда яна 540 миллион долларлик лойиҳалар жадал кетмоқда.
Тадбиркорлар янги лойиҳалар учун саноат зонасини етарли қувватда электр билан таъминлаш ва сув тозалаш иншоотини қуриб беришни сўрамоқда.
Энергетика вазирлигига бу ерга 40 километр юқори кучланишли тармоқ тортиб келиб, 40 мегаваттли подстанция қуриш топширилди. 2026 йил саноат зоналари инфратузилмасини ривожлантириш дастурида “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида сув тозалаш иншооти қуриш учун 100 миллиард сўм назарда тутилади.
Саноатнинг энергия билан таъминланганлик даражасини ошириш учун жорий йил 200 мегаватт, кейинги йил 300 мегаваттли қувватлар яратилади. Бунга қўшимча 30 мегаваттли 150 та кичик ва мини ГЭСлар ишга туширилади.
Вилоятда инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун келаси йил қарийб 10 триллион сўм ресурс берилиши эълон қилинди.
Бахмал ва Зомин туманларидаги тоғли ҳудудларни ягона туризм ҳалқасига бирлаштириш орқали юзлаб сервис объектларини ишга тушириш, минглаб одамларни ишли қилиш, туризм экспортини каррасига ошириш мумкинлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга келгуси йилда “Зомин – Бахмал – Ғаллаорол” йўлининг 158 километр қисмини таъмирлашни бошлаш топширилди. Бахмал туманида 39 гектар майдонда 40 миллион доллар инвестиция ҳисобига туризм кластерини ташкил қилиш ташаббуси маъқулланди. Бахмалга ҳам “туризм тумани” мақоми берилиши белгиланди.
Арнасой аэропортида катта самолётларни ҳам қабул қилиш имконини яратиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, Айдар-Арнасой кўлигача темир йўл ҳам олиб келинади.
Президентимиз қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор қаратди.
Вилоятдаги жами 900 минг гектар лалми ва яйлов ерларининг 110 минг гектари захирада тургани, уларда озуқа, мойли экинлар экиш ва саноат боғларини яратиш орқали камида 20 минг одамни ишли қилиш мумкинлиги таъкидланди.
Шунингдек, вилоятдаги кўплаб чорвадор ва фермерлар озуқа ва мева-сабзавот етиштиришда сув насосига сарфланган электр учун субсидияни ҳар ойнинг бошида тўлаб беришни сўраган. Мутасаддиларга бутун республикада ушбу субсидияларни ой бошида берадиган тизим қилиш муҳим экани кўрсатиб ўтилди.
Картошкачиликни ривожлантириш борасида Жиззах вилояти намуна бўлиши кераклиги таъкидланди. 2026 йилдан бошлаб картошка етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилиши белгиланди.
Бунда минерал ўғит, техника, ёқилғи ва бошқа харажат учун 6 ойлик имтиёзли давр билан бир йил муддатга 12 фоизли кредит ажратилади. Кредитларнинг 50 фоизгача қисмига кафиллик тақдим этилади, суғориш насосларига қуёш панели ўрнатиш харажатининг ярми қоплаб берилади.
Келгуси йилдан суғориш насосларининг электр харажатини 50 фоизи қоплаб берилади, четдан олиб келинган картошка экиш ва йиғиб олиш техникалари божхона божларидан озод қилинади.
Шунингдек, суперэлита ва элита уруғларини фермерларга етказиб беришгача бўлган даврда музлаткичли омборхоналарда сақлаш харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш механизми жорий қилинади.
Бундан ташқари, Бахмалдаги боғдорчилик хўжаликлари учун бир қатор янгиликлар эълон қилинди. Хусусан, интенсив боғ ташкил қилишда 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 14 фоиздан кредит берилади. Меванинг турига қараб, шпалерлар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади.
Шунингдек, музлаткичли омборлар учун кредит фоизини асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисми қоплаб берилади. Мева-сабзавот экспортчилари ва боғбонларга ҳам қадоқлаш харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун субсидия тўланади.
Умуман, келаси йили боғдорчилик бўйича Бахмалда тажриба мактаби яратилиб, ушбу имтиёзлар бутун республикада жорий қилинади.
АҚШлик ҳамкорлар билан Зоминда паррандачилик бўйича йирик наслчилик корхонаси ташкил қилинмоқда. Ушбу кластерда 100 минг бош қувватдаги биринчи наслли она товуқ ва 9 миллион дона инкубaцион тухум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу уникал лойиҳа республикада паррандачиликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Қурилиш ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинар экан, ижтимоий хизматлар, меҳнат бозори ва инфратузилмани марказдан узоқ маҳаллалар аҳолисига яқинлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Урбанизация миллий қўмитаси ва вилоят ҳокимлигига Европадан мутахассисларни жалб қилиб, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманини ягона агломерация асосида ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш топширилди.
Вилоят аҳолисининг талаб ва истакларини инобатга олиб, Жиззах шаҳридаги тирбандликни бартараф этиш учун 10 километрли айланма йўл қурилади. Шунингдек, Даштобод шаҳарчаси ва Ховос тумани ўртасидаги темир йўл устидан ҳам янги кўприк қурилиши бошланди.
– Бугун сизлар билан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олдимизда турган янги вазифаларни белгилаб, асосий масалаларни муҳокама қилиб олдик. Бу саъй-ҳаракатлар ва қабул қилаётган қарорларимиздан мақсад битта – шу ерда яшаб, меҳнат қилаётган одамларни рози қилиш, вилоятни ҳар томонлама ривожланган ҳудудга айлантириш, – деди давлатимиз раҳбари йиғилиш якунида.
Сессия давомида вилоят ва туман ҳокимларининг ҳисоботлари, фаолларнинг фикрлари тингланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг