Тўрткўллик «Тенгиз»лар...

16:05 07 Февраль 2025 Жамият
275 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». «Қорақалпоқфильм» киностудияси томонидан суратга олинган «Тенгиз» фильми бахтсиз ҳодиса сабаб поезд остида қолиб ногиронга айланган аёлнинг кейинги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Фильмда 3 та аёлнинг аянчли тақдири тасвирланган. Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида олинган. Оролбўйининг энг олис, чекка овулларида турмуш машаққатларини енгиб яшаётган Тенгизлар кўп.

Тенгиз образининг прототипларидан бири Тўрткўллик Саломат Ўрунбаева ҳаётидаги оғир машаққатларни енгиб, давлатимиз ёрдами билан катта йўлга чиққан иродаси мустаҳкам замондошларимиздан биридир. У иккинчи гуруҳ ногиронлиги сабабли «Аёллар дафтари»да рўйхатда турарди. Рўзғорига фойда келтириш истаги билан маҳалладошларидан буюртма қабул қилиб, кўрпа ва кўрпачалар тикарди. Мижозларидан бири маҳалласида пахта титиш цехи йўқлигини айтганда, Саломат опа ушбу цехни ўзи ташкил этишга киришди.

— Ҳа, давлатимизнинг қўллови билан пахта титиш цехини уйимизда очишга эришдик, — дейди Саломат Ўрунбаева. — Ёшлигимдан бичиш-тикишга қизиқардим. Бир неча йиллар давомида аёллар кийимини тикиб келганман. Момоларимиз гул қўйиб тикишган кўрпаларига ҳавас қилиб, шу касбни ўргандим. Юртимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган эътибор туфайли менга Халқ банки томонидан 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Минг шукрки, мустаҳкам иродам ва ҳалол меҳнатим билан ўз ҳаётимни ўзгартиришга эришдим. Бир пайтлар қўлда тикишни бошлаган бўлсам, бугун замонавий тикув машиналари ёрдамида буюртмаларни ўз вақтида эгаларига етказаяпман. Энг асосийси, ўзим танлаган ҳунар ортидан даромад манбаига эга бўлдим. Агар «Аёллар дафтари»дан чиқмай, кам бўлса ҳам нафақам бор, дея ҳаракат қилмаганимда, ҳозир маҳалламиздаги 8 та ишсиз аёллар қаторида бўлардим. Келгусида тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш ниятим бор.

— Мен ҳам рўзғоримга моддий томондан ҳисса қўшгим келарди, — дейди Нукус шаҳридаги «Шадли овул» маҳалласидаги Муяссар Холмурадова. — Қўлимда даромад, қиладиган ишим йўқ эди. Маҳалламизда ишсиз аёлларни бандлигини таъминлаш мақсадида кредит берилиши ҳақида эшитдим. Шу тариқа паррандачилик билан шуғулланиш учун олган кредит маблағларим ҳисобидан 80 та товуқ олдим. Уларни парваришлаб кўпайтирдим. Айни пайтда тухумларини сотишдан тушган даромад рўзғоримизнинг кам-кўстини тўлдириб турибди. Яқинда субсидия асосида тикув машинаси берилди. Олдиндан тикувчиликдан хабарим бор. Кўп ўтмай «янги чевар» номимиз чиқиб, буюртмаларимиз кўпайди.

— Маҳалладаги 30 ёшдан 60 ёшгача бўлган 762 нафар аёлларнинг 97 нафари «Аёллар дафтари»га киритилганди, — дейди Тўрткўл туманидаги «Навоий» маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Малоҳат Беглиева. — Уларнинг 3 нафарига субсидия асосида турли жиҳозлар берилиб, бандлиги таъминланди. 5 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди. Эътиборлиси, олдин ўзи ишсиз бўлган аёллар орасида бошқаларни ҳам ишли қилаётганлари, тадбиркорлик фаолиятини бошлаб кенгайтираётганлари ҳам бор.

Биз юқорида бежиз «Тенгиз» фильмини келтирмадик. Тенгиз образи бугун нафақат ногиронлиги бор, балки тўрт мучаси соғ бўла туриб оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган кўплаб инсонларга ғойибона куч-ғайрат бериб турибди. Буни тадбиркорга айланган, ёшларга ибрат бўлаётган, иродали ва матонатли тўрткўллик Тенгизлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер