Шаҳарсозлик соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Қонун муҳокама қилинди

13:01 10 Июль 2024 Сиёсат
198 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги давлат бошқаруви ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Фаол фикр ва таклифлар алмашинуви тарзида ўтган Қонун муҳокамасида тез ўзгарувчан воқеликка мослаша оладиган, шаҳарлар ва аҳоли пунктлари ривожланишини самарали бошқаришни таъминлайдиган мослашувчан ва динамик шаҳарсозлик тизимини яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг номини ва ваколатларини аниқлаштиришни, шунингдек республика ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳларини ишлаб чиқиш йўли билан аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шаҳарларнинг бош режаларини соддалаштирилган шаклда ишлаб чиқишда буюртмачига ва лойиҳа ташкилотларига лойиҳалаштириш учун топшириқлар бериш меъёри белгиланмоқда.

Таъкидланганидек, Қонунда кўзда тутилган ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришнинг режалаштириш схемаларини яратиш орқали алоҳида ҳудудларни, уларнинг ўзига хослиги ва салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ривожлантиришнинг янада аниқ режаларини ишлаб чиқиш имконини беради.

Энг муҳими, таклиф этилаётган ўзгартиришлар фуқаролар учун иқтисодий, ижтимоий ва экологик шароитни сақлаган ҳолда шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг барқарор ва мутаносиб ривожланишини таъминлайди.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонун Ўзбекистонда янада самарали ва шаффоф шаҳарсозлик тизимини яратиш ҳамда ҳар бир фуқаро муносиб ҳаёт кечириши ва хавфсиз келажакка эга бўлиши мумкин бўлган замонавий ҳудудларни барпо этишга хизмат қилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?