Оёқ остидаги хазина...
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бутун дунёда чиқиндиларни алоҳида тўплаш – уларни қайта ишлашнинг энг муҳим босқичларидан бири сифатида қайд этилади. Боиси ишлаб чиқариш таннархини арзон қилиш, қайта ишлаш орқали иккиламчи маҳсулотлар салмоғини оширишда маиший чиқиндилар энг арзон хомашё ҳисобланади.
Юртимизда ушбу йўналишда кейинги йилларда чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими босқичма-босқич амалиётга кенг жорий этилмоқда. Хусусан, бу борадаги қонунчилик меъёрларига кўра, 2024-2028 йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган», «органик», «хавфли маиший чиқиндилар» ва бошқа барча маиший чиқиндилар тоифалари бўйича мукаммал ишловчи тизимни босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган.
Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида маиший ва саноат чиқиндиларнинг 40-60 фоизи қайта ишланади. Аммо йилдан йилга сайёрамизда турли кўринишдаги чиқиндилар ҳажми ортиб, уларни қайта ишлаш ва утилизацияси масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Айни жараёнда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори деярли барча давлатларда аҳоли жон бошига ҳар йили 1-1,5 фоизга ортиб бораётир. Мамлакатимизда жадал ривожланиш ҳисобига ушбу кўрсаткич йиллик 7 миллион тоннага етиб, йилига ўртача 1,5-2 фоиздан ўсаётгани барчамизни амалий саъй-ҳаракатга ундаши зарур.
Хўш, бу борада Фарғона вилоятида вазият қандай? Айни соҳада олиб борилаётган ишлар хотиржам бўлишимиз учун етарлими? Ҳамюртларимизда бу борада масъулият ва дахлдорлик туйғусини ошириш учун нималарга эътибор қаратишимиз зарур?
— Бугунги кунда вилоятда чиқиндиларни қайта ишловчи 37 та тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан аҳоли эҳтиёжи учун керакли маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, — дейди Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг чиқиндиларни тартибга солиш шўбаси бошлиғи Жаҳонгир Мелибоев. — Таъкидлаш жоиз, вилоятда қайта ишланаётган ушбу маиший чиқиндиларнинг 80 фоизини органик моддалар ташкил этади. Уларни қайта ишлаб, ички бозор эҳтиёжи учун катта миқдорда кенг ассортиментдаги маҳсулотлар етказиб берилаётир.
Шу маънода айтганда, маиший чиқиндилар энг арзон хомашё бўлиб, органик чиқиндилардан минерал ўғит ҳам тайёрлаш мумкин. Алюминий, темир, шишадан тайёрланган маҳсулотларни қайта ишлаш эса уларни ишлаб чиқаришдан кўра анчагина афзалликка эга. Чунки бу ҳолатда энергия бир неча баробар тежалади, хомашё чиқиндиси эса деярли нолга тенг бўлади.
Айни пайтда Фарғона вилояти ҳудудида 18 та («Тоза ҳудуд» ДУК балансида 15 та, хусусий секторларда 3 та) маиший чиқиндиларни тўплаш полигонлари фаолият юритмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 4 январда қабул қилинган «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 5-иловасига кўра, «Тоза ҳудуд» ДУК ҳисобида бўлган 17 та полигонлар янги ташкил этилган «Полигонларни бошқариш дирекцияси» давлат муассасасининг Фарғона вилояти бошқармаси ихтиёрига топширилди.
Бунинг натижасида чиқинди логистикаси тўғри йўлга қўйилиб, чиқинди полигонлари фаолиятини оптималлаштириш ва инвестициявий лойиҳалар учун кафолатланган чиқинди миқдорини таъминлашга эришилади. Вилоятда 2023 йил якуни билан 901 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндилар ҳосил бўлган бўлса, унинг 357,8 минг тоннаси чиқинди полигонларига жойлаштирилган эди. Натижада мазкур чиқиндилар сараланиб, 27 та корхоналар томонидан иккиламчи хомашё сифатида қайта ишланган. Бунинг самараси сифатида вилоятда чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 38 фоиздан 41 фоизга етказилди.
— Бу ерда йилига 2 минг тонна пластмасса идишлар қайта ишланиб, спорт жиҳозлари, хонадонлар ва стадионлар учун сунъий тўшамалар ишлаб чиқарилади, — дейди «Санфа вабер» МЧЖ раҳбари Зиёдбек Абдуллаев. —Корхонамизда замонавий технологиялар ёрдамида кунига ўртача 15-20 тонна, йилига 4500 тонна чиқиндини қайта ишлаш имконияти мавжуд.
Айтиш жоиз, бу йил вилоятда чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 43 фоиздан ошириш режалаштирилган бўлиб, ушбу кўрсаткични йилдан йилга яхшилаб бориш доимий устувор вазифалар сирасига киритилган .
— Ўз навбатида, вилоят ҳудудида белгиланмаган жойларга ноқонуний чиқиндихоналар ташкил этилишининг олдини олиш мақсадида 19 та шаҳар ва туманда доимий равишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда, — дейди Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот котиби Гулноза Тўхтасинова. — Натижада ўтган йили 1872 та ҳолатда белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташлаган ҳуқуқбузарларга нисбатан 726 млн. сўм миқдорида жарималар қўлланилди. Қурилиш чиқиндилари эса шартномага асосан чиқинди полигонларига жойлаштирилди.
Шу билан бирга давлат-хусусий шериклик тамойили асосида фаолият кўрсатувчи корхоналари томонидан санитар тозалаш хизматлари кўрсатилаётган чиқинди тўплаш шохобчаларидан бир кунда бир марта, якка тартибдаги тураржой секторидан эса «сигнал« усулида уч кунда бир марта маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетилмоқда.
Айни мақсадда вилоятдаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари керакли миқдордаги чиқинди контейнерлари билан таъминланган. Ҳозирда вилоятдаги 28 та (18 та хусусий ва 10 ДХШ) санитар тозалаш корхоналари томонидан 766 мингдан зиёд истеъмолчиларга хизмат кўрсатилмоқда.
Бугунги дунё тажрибасида маиший чиқиндиларнинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлиги исботланди. Ривожланган мамлакатларда чиқиндиларни турларга ажратиб, алоҳида йиғиш тизими йўлга қўйилгани ҳам бежиз эмас. Фарғона вилоятида ҳам эскирган ва ишлатишга яроқсиз автомашина шиналарини қайта ишлаш ва улардан резина гранулалар, сим ва капрон пуфаклар тайёрлаш, ичимликлардан бўшаган пластик идишларни йиғиш ва уларни иккиламчи қайта ишлаш цехларига жўнатиш кенг йўлга қўйилгани эътиборга лойиқ. Бундай ҳаракатлар атроф-муҳитнинг маиший чиқиндилар билан ифлосланишини имкон қадар камайтиришга хизмат қилади, албатта.
Ота-оналаримиз бизга болаликдан уй-жой, маҳалла атрофини супуриб-сидириб, озода сақлашга ўргатгани бежиз эмас. «Сувга туфлама», «нон ушоғини ерга ташлама» деган танбеҳлар ҳали-ҳамон қулоғимиз остида жаранглаб туради. Афсуски, ҳаётимиз фаровонлашиб бораётгани сайин танбаллашиб кетаётганимиз айни ҳақиқатдир. Азиз неъматлардан қолган маиший чиқиндиларни тўғри келган жойга ташлаб кетамиз. Кўчага чиқинди ташлаб кетаётган болакай ёки ёши катта одамга чиқиндини йўлга эмас, ахлат қутисига ташлаш кераклигини айтиш хаёлимизга ҳам келмайди.
Бир пайтлар зилол сувлар оққан ариқлар, пиёдалар йўлаклари атрофида елим халталарда ташлаб кетилган чиқиндиларга кўзимиз ўрганиб қолди. Бундай ҳолатга ҳеч биримиз ўзимизни масъул деб билмаймиз. Шунинг учун чиройли бинолар ёнида ахлат чиқиндилари, гулу гулзорлар, тоза йўлакчаларда тамаки қолдиқлари, писта пўчоқларини кўриш одатий ҳолга айланди.
Авваллари маиший чиқиндиларни ташлаш учун белгиланган махсус жойлар хароб эди, улар доимий назоратда бўлмагани боис, темир қутиларда аралашиб, бижғиб ётарди, бадбўй ҳидига чидаб бўлмасди. Эндиликда намунавий лойиҳалар асосида чиқинди тўплаш пунктлари ташкил қилинди, уларни турига қараб ажратиш учун алоҳида-алоҳида контейнерлар ўрнатилди. Уларнинг ҳар бирига ойлик маош тўланадиган, назорат қилиб борадиган, бошқарувчи ходим қўйилди. Натижада ижобий ўзгариш рўй берди. Чиқиндихоналар саранжом-саришта ҳолатга келтирилди.
Ҳозирги пайтда Миллий гвардия тизимида экологик назорат фаолияти йўлга қўйилган. Бунга масъул ходимлар зиммасига экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан, дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши профилактика вазифалари юклатилган.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан бир неча маротаба ўтказилган видеоселектор йиғилишларида экология билан боғлиқ муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигига алоҳида урғу берилди. «Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда «бу ишингиз нотўғри бўлди», дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир», – дея таъкидлайди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, бу фикр ўзини юрт тақдири ва келажагига дахлдор билувчи ҳар бир ҳамюртимизнинг қалбидаги гап. Шундай эмасми?!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг