Оиламизнинг ишончли қалқони
Дунё давлатларининг конституциявий тажрибалари ўрганиб чиқилганида, бизнинг Конституциямиз халқчиллиги билан алоҳида эътироф этилган. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасиданоқ “Ўзбекистоннинг ягона халқи” жумласи билан бошланади. Шунинг ўзи конституциямизнинг халқ ҳокимияти билан боғланганини билдиради. Бошқа давлатлар конституцияларида учрамайдиган, ўзига хос яна бир жиҳати борки, бу жамиятнинг асосий бўғини бўлмиш – оила, болалар ҳамда ёшлар билан боғлиқ алоҳида XIV боб киритилганидир. Жами 5 та модда – 76-80-моддаларда Ўзбекистон халқининг аньанаваий оилавий қадриятлари, ота-оналар ва фарзандларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, оила, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, ёшларнинг шахсий, ижтимоий, интеллектуал, ижодий, ахлоқий ва жисмоний жиҳатдан ривожланиши каби бир қатор ҳуқуқлари кафолатлари белгиланган. Миллий давлатчилигимиз тарихида аёлга, энг аввало, она, авлодлар ва қадриятлар давомийлигини таъминловчи мўътабар зот, миллат тарбиячиси, оилада тотувлик, иноқлик, осойишталик муҳитини яратувчи шахс сифатида қаралган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда гендер тенгликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамиятда аёлларнинг нафақат оила бекаси, балки ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг муҳим иштирокчиси сифатидаги фаолияти ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Аёл ўзининг ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий ҳимояланганини ҳис қила олсагина оиласида тотувлик, ишида барака бўлади. Фарзандларини тарбиялашда оналик меҳри билан, барча юмушларини бажаришда кўнгил тўқлиги билан жамият ривожи йўлида чуқур билими, салоҳияти ва ташаббускорлигини кўрсата олиши учун куч олади, илҳомланади.
Конституциямизда хотин-қизларнинг бу борадаги ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш масаласига эътибор қаратилган бўлиб, жумладан, 42-модданинг учинчи қисмида: “Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”, деб белгиланди.
Аёлларнинг жамиятда бошқарувчи сифатидаги роли ҳам кучаймоқда. Уларга ишонч ва имкониятлар берилмоқда. Шубҳасиз, юксак иқтидор ва қобилиятга эга бўлган опа-сингилларимизга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ишонч уларга куч-ғайрат бағишлайди, давлатнинг, жамиятнинг тенг ҳуқуқли вакиласи сифатида шижоат билан ишлашга ундайди. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида энди бу жараёнлар мустаҳкам қонуний асосга эга бўлди. Ушбу моддада “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳалари тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди”, деб мустаҳкамлаб қўйилди.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон – ижтимоий давлат сифатида эътироф этилди. Яъни давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлайди, ишсизликдан ҳимоя қилади, камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Ижтимоий давлат сифатида белгиланишининг яна бир исботи – ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Бош Қомусимизда акс этган хотин-қизлар, оила, болалар ва ёшлар ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳар бир банд – ҳам миллий қадриятларимизга, менталитетимизга, ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таьминлаш соҳасидаги халқаро меъёрларга мосдир. Инсон манфаатлари устувор бўлган эркин демократик жамиятда яшар эканмиз, авваламбор, Бош Қомусимизнинг ҳар бир моддасини ўрганиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, энг катта бахтимиз бу оиламиз бўлса, халқимизнинг энг муҳим ҳужжати – Конституциядир.
Дилнавоз САИДОВА,
Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар
бошқармаси матбуот котиби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг