Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш бўйича парламент сўрови юборилди
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Сенатнинг эллик биринчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, улардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, юртимизда экологик ҳолатни яхшилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш устувор вазифага айланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда соҳани бошқарувчи ва тартибга солувчи мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган.
Амалга оширилган ишлар натижасида республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумий майдони 6,321 млн гектарга етказилиб, улар мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда эса Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонлар (умуртқали) турларининг 83 фоизи ва ўсимлик турларининг 89 фоизи қамраб олинган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биохилма-хилликни асраш, уларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот олами вакиллари кадастри юритилишида айрим масалалар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.

Жумладан, аҳоли томонидан ноқонуний тарзда чорва моллари боқилиши ва бошқа салбий омиллар сабаб муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий биомассаси сийраклашган.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг биологик хилма-хиллиги, деградация жараёнлари, уларнинг хўжалик имкониятларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари талаб даражасида эмас.

Инқирозга учраган майдонларни қайта тиклаш ишлари амалга оширилмаганлиги туфайли шамол ва сув таъсирида тупроқ эрозияси кучайиб, чўлланиш, чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиши сурункали тус олмоқда.
Сўнгги йилларда турли табиий ва антропоген омиллар туфайли ҳайвонот ва наботот олами турлари сони камайиб, яшаш муҳитларидаги аҳвол янада кескинлашмоқда.

Айрим муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ўрнатилган тартиб-қоидалар (режим) бузилиши, жумладан, браконьерлик, ноқонуний қурилишлар ҳамда чорва моллари боқилиши оқибатида ёввойи ҳайвон ва ўсимликларга зарар етказилмоқда. Аксарият ҳолларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаяпти.
Соҳада мутахассислар тайёрлаш тизими етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги боис, малакали кадрлар етишмовчилиги юзага келган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, сенаторлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда биологик хилма-хилликни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланишга йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, браконьерлик, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабандаси, ноқонуний қурилишларни олдини олиш, чорва молларини боқиш, кадастр маълумотларини шакллантириш ва таҳлил қилиш, соҳани рақамлаштириш лозимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини янада кенгайтириш, улардан самарали фойдаланиш, ижара муносабатларини такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик қоидаларини жорий этиш, ёнғин хавфсизлигини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалий чоралар самарадорлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратдилар.
Муҳокама якунида Ҳукуматга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, улардаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент сўровини юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг