Марказий Осиё ҳамда Озарбайжон маданият вазирларининг Тошкентдаги илк учрашуви бўлиб ўтди
14 ноябрь куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжон Республикаси маданият вазирларининг тарихий аҳамиятга эга бўлган илк учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур мажлис минтақадаги маданий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши билан аҳамиятлидир.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Қозоғистон Республикаси маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Қирғиз Республикаси маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири Мирбек Мамбеталиев, Тожикистон Республикаси маданият вазири Матлуба Сатториён, Туркманистон маданият вазири Атагелди Шамирадов ҳамда фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Республикаси маданият вазири Адил Керимли иштирок этди.
Тадбир қамрови, мавзуларнинг долзарблиги ва иштирокчилар даражаси жиҳатидан ушбу мажлис минтақа учун илк бор бундай миқёсда ташкил этилди.

Мажлис давомида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Хусусан, учрашув кун тартибидан қуйидаги масалалар ўрин олди:
Минтақавий маданий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари — маданият вазирлари маданий дипломатияни кучайтириш, санъат ва ижодкорлик алмашинувини кенгайтириш зарурати ҳақида фикр алмашдилар.

Маданият арбоблари ўртасида ҳамкорлик ва алмашинувни кенгайтириш — ижодкорлар резиденциялари, қўшма лойиҳалар, фестиваль ва кўргазмаларни кўпайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Марказий Осиё учун ягона маданий брендни ривожлантириш — умумий тарихий илдизлар, маданий яқинлик ва меросни бирлаштирувчи минтақавий бренд яратиш масаласи кенг кўламда муҳокама қилинди.

Маданият вазирлари Тошкентда ўтказилаётган кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирларда ҳам фаол қатнашдилар. Жумладан, улар Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётган «Марказий Осиёда маънавий мерос ва маърифатпарварлик» мавзусидаги халқаро конгрессда иштирок этиб, ўз нутқларини тақдим этдилар.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида намойиш этилган «Хан Султан. Олтин Ўрда» спектаклини томоша қилишди.

Мазкур учрашув Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасида маданий дипломатияни ривожлантириш, умумий тарихий ва маънавий меросни янги мазмун билан бойитиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Учрашув якунлари минтақада маданий интеграциянинг мустаҳкамланишига, қўшма лойиҳалар сонининг ортишига ва маданият соҳасида барқарор алоқаларнинг йўлга қўйилишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг