Луо Хонг санъат музейи Пекиннинг сайёҳлик масканлари рўйxатида

21:11 21 Апрель 2024 Дунё
542 0

Пекинга ташриф буюрганингизда маҳоратли фотограф Луо Хонгнинг санъат музейига боришни унутманг. Бу масканга киришдан олдин табиат сизни ўзига мафтун этади. Музейга кираверишда 199 та қарағай дарахтлари кўрк тўкиб туради. Санъат музейи 2200 квадрат метр майдонни эгаллайди. Пекиннинг Шунъйи туманидаги олтинчи Жулин йўлида жойлашган Луо Хонг санъат музейи таниқли фотограф Луо Хонгнинг машҳур асарларини доимий равишда намойиш этади. Бу суратларда дунёнинг турли бурчакларидан олинган ажабтовур табиат манзаралари ва ёввойи табиат тасвирланган. Музейга киришдан олдин буғли сунъий тепаликлар, сув ва қоялар сизни бир зумда ер оламидан осмонга олиб чиқади. Одатда, ташриф буюрувчиларга Луо Хонгнинг ўзи ҳақида ҳикоя қиладиган қисқа ҳужжатли фильм намойиш этилади. Бизга ҳам ушбу фильмни намойиш этишди. Бу бизга музейга киришдан олдин у ерда сақланаётган фотосуратлар ҳақида тасаввур уйғонишига ёрдам берди. Ташриф буюрувчи ҳужжатли фильмда кўрсатилган манзараларнинг улуғворлигига тан бермай, завқланмай иложи йўқ. Ичкаридаги фотосуратлар сизни табиатга бўлган муҳаббатингизни оширади. Музейдаги ранг-баранг чироқлар, юмшоқ ва майин мусиқа дили баҳрингизни очади.

Луо Хонг чинакам рассом ва тадбиркор. 1967 йилда Хендуан тоғларининг жануби-шарқий этакларида жойлашган Сичуан провинциясидаги кичик шаҳарчада туғилган Луо Хонг тоғли ҳудудда ўсган ва ўсмирлик чоғида табиатнинг гўзал лаҳзаларини абадийликка муҳрлаш учун фотограф бўлишни орзу қилган. 17 ёшида у Чэнгду шаҳрига фотография бўйича ўқишга кириб, ўз аравасини ўзи тортади. Кейинроқ у 25 ёшида онасининг туғилган кунига ўзи истаган торт харид қила олмагани учун “Holiland” бренди остида қандолатчилик тармоғига асос солган.

1995 йилда Луо Хонг фотосуратчи бўлиш ҳақидаги орзуларини ўзининг туғилган шаҳри Сичуань шаҳридан бошлаб, бутун ғарбий Хитойни саёҳат қилиб чиқади, юзлаб табиавт манзараларини тасвирга олади. 2001 йилда биринчи марта Жанубий Африкага ташриф буюради. Ёввойи ҳайвонлар билан яқин ошноликда бўлиб, чуқур таъсирланади. “Фақат Африкада бўлганимдан кейин одамлар, ҳайвонлар ва табиат уйғунликда яшаши мумкин бўлган саҳнани кўрдим, тушуниб етдимки, табиат ҳаётсиз тўкис эмас экан”, деган эди кейинчалик Луо Хонг. Шунинг учун Африканинг ёввойи табиатига ошиқ бўлиб, кейинги 20 йил мобайнида Африкада 53 марта бўлади. Африкадан ташқари, Луо Хонг Антарктида, Арктика, Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Шимолий Европада катта миқдорда табиий ландшафтлар ва ёввойи ҳайвонот оламини суратларга муҳрлади. “Аввалига фотосуратчилик менинг орзуим бўлган, - дейли Луо Хонг, - аммо кейинчалик у эътиқодимга айланди. Одамларнинг қалбида табиатнинг буюк гўзаллигига муҳаббатни уйғотиш учун Ер ва самонинг ноёб жозибасидан фойдаландим”. Айнан мана шу эътиқод жаноб Луо Хонгни кейинги 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида сайёрамизнинг одам оёғи етмаган нуқталарида тинимсиз бўлишга, табиатнинг одамларга унча таниш бўлмаган гўзалликларини суратга муҳрлашига сабаб бўлди.

2020 йил 15 сентябрда жаноб Луо Хонгнинг ўн беш йиллик орзуси ниҳоят амалга ошди – у ўз мамлакатини аэрофотосуратга олди. Ўзининг қадрдон Сичуан провинциясидаги Гонга тоғидан бошлаб, Хитойнинг ғарбий қисмидаги Хендуан тоғлари ҳамда Тибет жануби-шарқидаги машҳур муқаддас тоғлар ва қорли чўққиларни суратга олди. Суратга олиш вақтида бел умуртқасининг эски жароҳати алангаланиб, қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. Эртаси куни суратга олишни давом эттиришдан олдин кунига икки марта, эрталаб ва кечқурун ортопедик даволанишга мажбур бўлди. Ватанининг қойилмақом манзаралари уни оғриққа чидашга мажбур этди. Фотографнинг ватанпарварлигига гап йўқ. “Бу менинг ҳаётимдаги энг оғир ва ғурурга лойиқ яратувчанлик бўлди, дунёдаги энг гўзал қор билан қопланган тоғлар Хитойда жойлашган экан, бу менинг эътиқодимни мустаҳкамлади, мен ўз объективимни бизнинг буюк мамлакатимиз ва буюк гўзаллигини дунёга кўрсатиш учун ишлатмоқчиман!”.

2010 йилдан бошлаб Луо Хонг ўз умрининг 6 йилини “Луо Хонг фотосанъати галереяси”ни яратишга бағишлади. Мақсад ўз суратларини жамлаш орқали одамларга Ер сайёраси гўзаллигини панорама кўринишида намойиш этиш. Етук сураткашнинг ишонишича, санъат Музейи нафақат одамларнинг қалби ва онгини алангалатадиган, балки болаларни санъатга ошуфта қиладиган, келажак авлодга мерос бўлиб қоладиган маънавий хазина бўлиб қолади. Луонинг тадбиркорлик инстинкти Хитойда қандолатчилик ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги бўшлиқни тўлдиришга ҳам хизмат қиляпти. Бугунги кунда Луо бутун Хитойнинг 79 шаҳрида 1000 дан ортиқ дўконлар тармоғига эга ва бозор улушининг 80 фоиздан ортиғини қамраб олган. Фотографияга бўлган муҳаббатини нон пишириш билан уйғунлаштириб, ноёб ва мазали пишириқлар, тортлар ва бошқа қандолатчилик маҳсулотларини яратди ва “Холиленд” брендини бизнес империясига айлантирди.

Луо фотография санъатининг ҳужжатли фильми баъзан хавфли ва ҳаётга хавф туғдирувчи вазиятларда, вертолётлар зинасида, ёввойи ҳайвонлар билан юзма-юз туриш асносида, экстремал об-ҳаво шароитида олинган. Бунинг учун бир неча ойлар ва баъзан йиллаб тайёргарлик кўрган. Ҳатто касби ортидан жиддий жароҳатлар олган. Меҳнати ўз самарасини берди. Пекиндаги музейга Африка ва бутун дунёнинг етакчилари, давлат арбоблари, нуфузли президентлари ташриф буюришди. Луо ўз фаолияти учун кўплаб мукофотлар ва мақтовларга сазовор бўлган, жумладан, Глобал иқлим қаҳрамони, эколог ва табиатни муҳофаза қилувчи инсон сифатида тан олинган. Луо Хонг музейи бугун Буюк Хитой девори ва Тақиқланган шаҳар каби Пекинга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ кўриши керак бўлган туристик масканга айланмоқда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?