Инвестиция вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилади

16:46 28 Июнь 2024 Сиёсат
461 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинишича, бугунги кунда IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшлар – фрилансерлар 50 мингдан ошди. Бундай ёшларимиз йилига эллик, юз, ҳатто икки юз минг долларгача экспорт қилмоқда.

Лекин, бизда уларни бошини қовуштирадиган, муаммоларини эшитиб, ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган тизим йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Қўшилган қиймат яратиб, уни экспорт қилаётган бундай ёшлар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиб бериш зарурлиги таъкидланган.

Эндиликда:

  • IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT парк резиденти мақоми берилади;
  • улар уч йил муддатга барча солиқлардан озод қилинади;
  • IT парк томонидан IT компаниялардаги каби тиббиёт, спорт ва офисдан фойдаланиши учун уларга «ижтимоий карта» берилади;
  • ёшларни ушбу соҳага жалб қилиш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.

Йиғилишда қайд этилишича, ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ҳам катта ўзгаришлар бўлади. Бунинг учун ҳар йили 100 миллион доллар ажратилади.

Шунингдек, Инвестиция вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилади. Энг кўп иш ўрни яратган, фидойи ёш тадбиркорлар жамғарма кенгашига киради ва жамғарма раҳбарини ҳам ушбу ёшларни ўзи сайлайди.

Жамғарма, ёшларнинг энг яхши 500 та лойиҳасини танлаб олади ва уларга «бизнес пакет» қилиб беради, лойиҳани тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнида кўмаклашади, бозорини топади. Бундан ташқари, жамғарма ҳокимлар билан биргаликда 14 та туманни танлаб, «тўртинчи саноат» касбларига ўқитиш маркази очади ва тўлиқ жиҳозлаб беради.

Қўшимча қилинишича, ушбу марказлар ёш тадбиркорларга 1 йил имтиёзли давр билан 10 йилга ижарага берилади. Марказларнинг ўқув дастурлари халқаро стандартларга мослаштирилади.

Жамғарма Сурхондарё тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан Ёшлар саноат зонасида саноат бинолари қуради. Бу жойлар «саноат ипотекаси» асосида юқори қиймат яратадиган лойиҳалар учун ёшларга 7 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Бунда ёшлардан биринчи йил учун тўлов ундирилмайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер