Фарғонада қалин туман сабаб бир қанча машина ЙТҲга учради

13:32 30 Ноябрь 2025 Жамият
338 0

Видеодан кадр

Тошкент—Ўш автомобиль йўлининг Фарғона вилояти ҳудудидан ўтган қисмида бир нечта автомашиналар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати ушбу ҳодиса юзасидан маълумот берди.

Билдирилишича, кеча, 29 ноябрь куни тонгда Ёзёвон, Олтиариқ, Учкўприк, Бувайда ва Данғара тумани ҳудудларидан ўтган халқаро аҳамиятдаги А373 Тошкент—Ўш автомобиль йўлида бир нечта машиналар ўзаро тўқнашиб кетган. Бунга қалин туман тушиб, кўриш масофаси қисқаргани сабаб бўлган.

Вилоят ЙҲХБ ҳайдовчиларга мурожаат қилиб, ҳушёр бўлишни, оралиқ масофани сақлашни, белгиланган тезликдан ошмасликни ҳамда туман кучайса, зарур бўлмаса, йўлга чиқмасликни сўраган.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Исмоил Шариповнинг «Халқ сўзи»га маълум қилишича, ЙТҲ 4 та машина иштирокида юз берган. Ҳодиса оқибатида 1 киши тан жароҳати олган, вафот этганлар йўқ. Тан жароҳати олган фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер