FAO ва Ўзбекистон ўртасида ўрмон ва ер деградациясига қарши кураш бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

18:58 02 Декабрь 2025 Жамият
166 0

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) томонидан амалга оширилаётган «Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида Самарқанд шаҳрида лойиҳа Бошқарув кенгаши йиғилиши ҳамда Амалий ҳамкорлик келишувини имзолаш маросими ўтказилди. Тадбир ер ва ўрмон ресурсларини барқарор бошқариш, ер деградациясини нейтрал балансига эришиш (LDN) бўйича миллий мақсадларга эришиш ҳамда манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.

Тадбирда ФАО Ўзбекистон ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, лойиҳа экспертлари ва манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон соғлом ер ресурсларини сақлаб қолиш ва уларни барқарор бошқариш мақсадида LDN мақсадларига эришишга қатъий бел боғлаган. 2019 йилда тайёрланган LDN кўрсаткичларини белгилаш ҳисоботида ер деградацияси жараёнлари глобал тажриба асосида баҳоланган бўлиб, ушбу лойиҳа мамлакатда барқарор ер ва ўрмон бошқаруви бўйича миллий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Лойиҳа доирасида LDN кўрсаткичлари ва базавий даражаларини белгилаш, ер деградацияси ва тикланиш ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, инновацион мониторинг тизимларини йўлга қўйиш, ўрмонларни тиклаш ва яйлов унумдорлигини ошириш бўйича замонавий ёндашувлар кенг қўлланмоқда. Бухоро вилоятининг Жондор тумани ҳамда Навоий вилоятининг Нурота туманида танланган ландшафтларда тиклашнинг энг самарали ер ва ўрмонларни барқарор бошқариш чораларини синовдан ўтказиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, турли ер турларида йўқотиш ва ютуқларни мувозанатлаштириш, тур хилма-хиллигини ошириш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини яхшилашга қаратилган инновацион усуллар жорий этилмоқда.

Йиғилишнинг асосий мақсади лойиҳанинг жорий ижро ҳолатини кўриб чиқиш, кейинги фаолиятларни белгилаш ва лойиҳанинг самарадорлигини ошириш учун қўшимча молиялаштириш талаб қилинмайдиган муддатга узайтиришни (no-cost extension) кўриб чиқишдан иборат бўлди. Тадбир, шунингдек, манфаатдор томонлар ўртасида стратегик мувофиқликни мустаҳкамлаш ва барқарор ер ҳамда ўрмон бошқаруви бўйича қўшма ҳаракатларни рағбатлантиришга хизмат қилди.

Йиғилиш давомида лойиҳанинг амалга оширилиш ҳолати, эришилган натижалар, учраётган қийинчиликлар, ўрганилган сабоқлар ва такомиллаштириш бўйича тавсиялар муҳокама қилинди. Бошқарув кенгаши аъзолари томонидан лойиҳанинг молиясиз муддатини узайтириш таклифи маъқулланди ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ қадамлар белгиланди.

Тадбир якунида ФАО ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ўртасида Операцион ҳамкорлик келишуви расман имзоланди. Ушбу ҳужжат лойиҳанинг самарали амалга оширилиши, вазифалар тақсимоти ва барқарорликни таъминлаш бўйича томонларнинг масъулиятларини мустаҳкамлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер