Энди ҳар бир маҳалланинг ўз бюджети бор
Яширишга не ҳожат, яқин йилларгача ҳам маҳалла деганда кўз ўнгимизда маҳаллий ҳокимлик идоралари хизматида чаққон бўлган ва фақат буйруқ бажаришга ўрганган тузилма гавдаланар эди. Шунинг учун ҳам шунчаки давлат идоралари қаторида унинг номи бор, лекин маҳаллага етарли маблағ, имконият ва ваколат берилмаган эди. Шу ҳудудда яшовчи инсонлар кундалик ҳаётий заруратлар туфайли маҳаллага мурожаат қилиб, масъуллардан керакли ва кутган ёрдамни ололмасди.
Бугун эса ушбу ҳолат тубдан ўзгарди. Эндиликда халқимизнинг энг эзгу фазилатларини намоён этувчи маҳалла институти чинакам маънода “ўзини ўзи бошқариш органи”, яъни ҳудуднинг ҳақиқий эгасига айланди.
Бу ўзгаришнинг энг ёрқин намунаси – маҳаллаларга ажратилаётган молиявий кўмак ва солиқ тушумларининг муайян қисми унинг ўзида қолишидир. Ана шу маблағлар ҳисобига ҳудудларнинг инфратузилмаси замонавий тарзда янгиланиб, кўп йиллик муаммо ва масалаларга самарали ечим топиляпти. Энг муҳими, бундан буён бошқа жойдан маблағ кутиш ёки ҳомий излашга ҳожат йўқ. Ҳар қандай эзгу ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш, боқувчисини йўқотган, ишсиз, “Камбағал оилалар реестри”га киритилган, хуллас, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага етарлича кўмак кўрсатилади.
Биргина жорий йилда вилоятдаги 1015 та маҳалланинг ҳисобида 52,6 миллиард сўм солиқ тушумларидан жамғарилган маблағлари мавжуд бўлиб, ўтган давр мобайнида маҳаллалар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда турли хайрли ишлар учун 32,6 млрд сўм маблағ йўналтирилди.
Хусусан, вилоятдаги 91 та маҳалла биноларига қуёш панели ўрнатиш мақсадида шартномалар тузилган бўлса, амалда 50 га яқинига тўлиқ ўрнатилди ва бунинг учун 1,1 млрд сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Шунингдек, маҳаллаларда 87 та кам таъминланган оилаларни яшаш хонадонларига қуёш панели ўрнатиш бўйича шартномалар тузилиб, олдиндан 325 млн сўм маблағлар тўлаб берилди.
Бундан ташқари, 31 та маҳалла биноси янгитдан қуриб фойдаланишга топширилди,188 та маҳалла биноси жорий таъмирдан чиқарилди, 24 та бино капитал таъмирланди ҳамда 18 таси реконструкция қилинди.
—Миллий қадриятларимизга кўра, ҳаёт қийинчиликлари билан юзма-юз бўлган оилага беғараз ёрдам қўлини чўзиш яхши анъанага айланган,—дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Зиявитдинов.—Бугун янгича ёндашувлар асосида аждодлардан мерос бундай қадрият ва анъаналар янада сайқалланмоқда.
Мисол учун, жорий йилнинг 22-23 август кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари доирасида вилоятдаги 949 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оиланинг яшаш хонадонлари таъмирдан чиқариб берилди.

Ўз навбатида вилоятдаги 7 мингдан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, 3,4 млрд сўмликдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.
Бевосита Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан куз-қиш мавсумини талафотсиз ўтказиш мақсадида ҳар бир маҳаллага 1 тадан дудбўрон тозалаш қурилмалари олиб берилди.
Айни жараёнда хар бир маҳаллада кам таъминлаган оилалар аъзоларига тадбиркор, ҳомийлар бириктириш ва бу орқали ушбу хонадоннинг доимий даромад манбаини оширишга эришилмоқда. Бу борадаги энг муҳим ўзгариш – одамларнинг маҳалла тизимига бўлган ишончи ортди, яъни, энди маҳаллага муаммоси билан борган ҳеч бир маҳалладош қуруқ қўл билан қайтмайди. Шаҳар-туманларда “маҳалла еттилиги”нинг умумий қарори билан аҳолига доимий амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Маҳалла аҳли яхши билади: бу даргоҳда энди ҳар бир масалага ечим бор.
Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Фарғона шаҳар бўлими раҳбари Азизбек Сойибназаровнинг маълум қилишича, “Бешбола” МФЙда маҳаллий солиқ йиғими орқали 251 млн сўм маблағ жамғарилди. Натижада 25 млн сўмдан кўпроқ маблағ эвазига 4 км га яқин ички йўллар асфальтланди. “Бўстон” МФЙда маҳалла бюджетидан 23 млн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши ҳисобига 33 дона қуёш панелли кўча чироқлари ўрнатилди. “Хўжамағиз” МФЙда тоза ичимлик суви қувури янгиланди. Бунинг учун 55 млн сўмдан зиёд маблағ сарфлангани эътиборга молик.
—Қиш мавсумида электр таъминотидаги узилишилар туфайли баъзан кундалик юмушларимизни бажара олмай қийналар эдик,—дейди Бешариқ туманидаги “Қорақўйли” МФЙ раиси Умидахон Кимёназарова.—Ўз бюджетимиз шакллангач, маҳалла биноси томига 5 кВтли қуёш панели ўрнатилди. Шу тариқа ушбу муаммога барҳам берилди. Яқин истиқболда эса маҳалла инфратузилмасини замонавий мезонлар бўйича яхшилаш билан боғлиқ кўплаб ташаббусларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Таъкидлаш ўринлики, вилоятда ўтган даврда инфратузилмани яхшилаш бўйича маҳаллаларда 22, 8 км ички йўллар асфальтланди. Шу билан бирга, 915 та электр тармоқлари янгиланди, эски ёғоч симёғочлар ўрнига 15, 2 мингта бетон таянчлар ўрнатилди ҳамда сув таъминоти барқарорлигини таъминлаш ва исрофгарчилигининг олдини олиш учун 8,7 мингта бетон ариқлар барпо этилди.
Бу маблағларнинг самарали сарфланиши эса ҳудудлардаги маҳаллий кенгашлар, депутатлар ҳамда “маҳалла еттилиги” томонидан назорат қилиниши тартиби йўлга қуйилган.
Маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳам қувонарлидир. Ўтган даврда 2,1 млрд сўм маблағ ажратилиб, манзарали ва мевали дарахтлар сотиб олиш ҳамда экиш ишлари амалга ошириляпти. Бугунги кунга қадар вилоятдаги маҳаллалар ҳудудида 585 минг тупдан кўпроқ манзарали ва мевали дарахтлар экилди.
—Эзгу ташаббус ижобатини таъминлаш мақсадида 51 та МФЙда 12 минг тупдан ортиқ дарахт экилишига эришилди,—дея суҳбатимизни давом эттиради Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Учкўприк тумани бўлими раҳбари Сатторхўжа Акбаров.—Бунинг учун маҳаллалар бюджетидан 64 млн сўм маблағ ажратилди.
Ҳозирги кунгача 10 дан зиёд МФЙларда маҳалла боғи барпо этилиб, яшил хиёбонлар, ҳордиқ масканлари ташкил этиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда.

Вилоят бўйлаб эрта тонгда ёки оқшомда сайр қилсангиз, спорт ва болалар майдончалари, яшил хиёбонлар, пиёдалар йўлаклари одамлар билан гавжум эканлигини кўриш мумкин. Фаровонлик неъматлари ҳамюртларимизни ҳамиша ҳаётнинг жўшқин оқимида бўлишга рағбатлантирмоқда. Бугун орамизда соғлом ҳаёт, умрузоқлик омилларини ўрганиш бўйича тинимсиз ҳаракатда бўлган юртдошларимиз сафи тобора кенгайиб бораётир.
Шу сабабли вилоятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида ҳам аҳолига қулай шарт-шароит яратиш мақсад қилинган. Бу борада вилоятнинг аҳоли гавжум бўлган 57 та кўчасида 2,4 млрд сўм маблағлар ҳисобига 59,5 минг км узунликдаги саломатлик йўлаклари ташкил этилди.
Мухтасар айтганда, Фарғона вилоятида бугунги кунда ҳудудлардаги барча маҳаллалар жамғармаси ҳисобида 20 млрд сўм маблағ мавжуд бўлиб, йил якунига қадар ушбу маблағлар инфратузилмани яхшилашга жалб қилиниши кўзда тутилган. Пиёдалар йўлаклари барпо этиш, ёритиш тизими, электр энергияси ҳамда табиий газ, ичимлик ва оқова сув тармоқларини таъмирлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга кўмаклашиш, яшаш хонадонларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари шулар жумласидандир.
Шубҳасиз, бу рақамлар шунчаки кўрсаткич эмас, ҳар бирининг ортида оилалар, тақдирлар ҳамда бутун бир маҳалла тизимининг тинч-осойишта ҳаёти ҳамда фаровонлиги мужассам.
Муштарак мақсадлардан кўзланган мақсад битта, у ҳам бўлса, маҳалла фаол, мустақил ва кучли бўлиши керак. Бу халқимизнинг узоқ йиллик орзуси ва эртанги кун истиқболи билан боғлиқ режа-мақсадларига ҳамоҳанг эканлиги билан ҳам ғоятда аҳамиятлидир.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг