«Бешёғоч» бозори бузилиб, ўрнида бизнес-марказ қуриладими? Чилонзор ҳокимияти расмий маълумотни эълон қилди

15:25 15 Январь 2025 Жамият
375 0

Сўнгги кунларда Тошкентнинг Чилонзор туманидаги «Бешёғоч» деҳқон бозори ўрнида Туркиянинг Albayrak Holding компанияси томонидан бизнес-марказ қурилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу масалага Чилонзор тумани ҳокимлиги ва Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 13 январ куни ҳоким ўринбосари Абдуҳамид Абдуқодиров ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари Туркиянинг Albayrak Holding компанияси билан онлайн музокара ўтказган. Музокарада «Бешёғоч» бозори ўрнида йирик бизнес-марказ қуриш бўйича дастлабки таклиф тингланган.

Лойиҳага кўра, мажмуада 4 та бино бўлиши режалаштирилган: иккита турар-жой биноси (Crown Residence), битта тижорат осмонўпар биноси (Skyscraper) ва аралаш бино (Wave Residence & Office). Аммо ҳокимлик таъкидлашича, лойиҳа ҳали фақат муҳокама босқичида бўлиб, унинг амалга ошиши ҳақида аниқ қарор ёки режа мавжуд эмас.

Чилонзор тумани ҳокимлиги нотўғри хабарлар тарқатмасликни, маълумотларни фақат расмий манбалардан олишни сўради. «Бундай таклифлар яна бўлиши мумкин, аммо туманга инвестициялар киритиш учун ҳокимлик барча инвесторлар билан учрашишга тайёр», дейилади хабарда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳам мазкур хабарларга изоҳ бериб, «Бешёғоч» бозори ўрнида бизнес-марказ қурилиши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга мос эмаслигини қайд этди. Вазирликнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган барча қурилиш ишлари тасдиқланган бош режага мувофиқ амалга оширилади.

Вазирлик маълумотига кўра, бош режа бўйича «Бешёғоч» ҳудудида 9 қаватгача бино қурилиши белгиланган. Ҳозирда мазкур ҳудудда йирик бизнес-марказ қурилиши бўйича ҳеч қандай рухсатнома ёки архитектура режалаштириш топшириғи мавжуд эмас.

Ҳокимлик ва вазирлик томонидан берилган расмий изоҳлар мазкур ҳудудда йирик бизнес-марказ қурилиши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўрсатмоқда. Лойиҳани амалга оширишга оид ҳар қандай қарор фақат тасдиқланган бош режага мувофиқ бўлиши таъкидланган. Фуқаролардан ушбу мавзуда нотўғри маълумот тарқатмаслик ҳамда фақат расмий манбаларга таяниш сўралади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?