Андижонда улкан дарахт «Cobalt»ни босиб қолди

17:13 26 Май 2025 Жамият
175 0

Фото: Андижон ЙҲХБ

Ижтимоий тармоқларда «Cobalt» русумли машинани улкан дарахт босиб қолгани тасвирланган видеолар тарқалди. Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ЖХХ ЙҲХБ мазкур ҳодиса юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, воқеа бугун, 26 май куни соат 13:20 ларда Марҳамат тумани «Дукчи Эшон» МФЙ Ипак йўли кўчасида содир бўлган. Бу вақтда 32 ёшли И.Ф. ўзининг «Cobalt» русумли автомашинасини йўл четига қўйиб, тушлик қилиш учун ошхонага кириб кетган бўлган.

Об-ҳаво кескин ўзгариши ва кучли шамол эсиши оқибатида йўл ёқасида ўсиб турган терак дарахти И.Ф.нинг машинаси устига қулаб тушган.

Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳеч кимга тан жароҳати етмаган, автомашина техник шикастланган.

«Барча фуқаролардан ноқулай об-ҳаво шароитларида автомашиналарини дарахтлар остига, шунингдек, қурилиши тугалланмаган объектлар олдида қолдириб кетмасликларини сўраймиз!» дейилади ЙҲХБ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 май санасида Тошкент шаҳрида об-ҳавонинг ёмонлашуви сабабли симларнинг узилиши, дарахтларнинг қулаши ва ҳавода чанг миқдорининг кўпайиши кузатилди. Оқибатда бир нечта машиналарга шикаст етди. Шу муносабат билан пойтахт ҳокимлиги шошилинч огоҳлантириш билан чиқди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги шифохоналардан бирига кучли шамол оқибатида қулаган дарахт тагида қолган икки нафар фуқаро олиб келингани ҳамда улардан бири муассаса қабулхонасида жон бергани, иккинчи бемор эса оғир аҳволда экани хабар қилинган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?