Жондорда халқ қаҳрамонига ҳайкал ўрнатилди. Бироқ...

18:00 27 Июль 2020 Жамият
1282 0

Маҳмуд Торобий деганимизда дарҳол кўз олдимизда она-юрт ҳурлиги, озодлиги учун мардларча курашган халқ қаҳрамони кўз олдимизга келади. Бу инсон номи неча асрлардан буён тиллардан тушмай келяпти. Унинг ҳаёти, Ватанга садоқати, мардлиги ҳатто европалик олимларни ҳам ҳайратга солмоқда.

Гап шундаки, Маҳмуд Торобий оддий элакчи-косиб, шайх бўлган. Бухоро шаҳридан 20 километрча олисда жойлашган Тороб қишлоғида яшаган. Жондор тумани ҳудудидаги бу қишлоқ мўғул босқинчилари зулмига қарши кураш марказига айланган.

Манбаларда қайд этилишича, 1238 йилда шу ҳамда ён-атрофдаги қишлоқларнинг деҳқон ва косиблари ўзаро маслаҳатлашиб, юрт босқинчиларига қарши очиқ курашга киришганлар. Қўзғолончилар Маҳмуд Торобий бошчилигида Бухорога юриш қилиб, шаҳарни эгаллашган. Маҳмуд Торобий султон қилиб кўтарилган. Аммо кейинчалик босқинчилар катта куч тўплаб, озодлик курашчиларини мағлуб этганлар. Торобий ҳалок бўлган.

Орадан неча асрлар ўтди. Аммо Маҳмуд Торобийнинг Ватан озодлиги йўлидаги кураши унутилмади. Жондорда унинг номида кўча бор. Кўҳна Тороб қишлоғи қалъаси қолдиқлари ҳам мавжуд. Бироқ бу халқ қаҳрамони номи билан боғлиқ гўша аҳволи, Торобий номини абадийлаштириш масалалари кўнгилдагидек эмас. Яқинда шу масала ечимида муҳим қадам қўйилди. Вилоят ва туман ҳокимлиги саъй- ҳаракати билан Жондордаги маданият ва истироҳат боғида ободончилик ишлари амалга оширилиб, бу гўша М. Торобий номидаги ҳарбий- ватанпарварлик боғига айлантирилди. Боғ ўртасида Маҳмуд Торобийнинг ҳайкали ўрнатилди.

— Асарни яратишдан аввал кўплаб тарихий манбалар билан танишиб чиқдим, — дейди ҳайкалтарош Қурбон Норхўрозов. — Ўрганишлар жараёнида Маҳмуд Торобий нафақат оддий элакчи, табиб, шу билан бирга элни ортидан эргаштира оладиган фидойи инсон, ташкилотчи ҳам бўлган, деган фикрга келдим. Торобийни бир қўлида қалқон, иккинчи қўлида эса қилич тутган ҳолда тасаввур қилдим. Қалқон бу рамзий маънода. Аниқроғи, Маҳмуд Торобий — халқ ҳимоячиси, юрт қалқони. Қилични эса орқа томонга тортиб турибди. Бу билан у «Мабодо, кимдаким халқимга тазйиқ ўтказгудек бўлса, юртимга ҳамла қилса албатта, жазосини олади», демоқда. Ҳайкал мана шу ғоя остида дунёга келди.

Умумий узунлиги 8 метр бўлган ҳайкални яратишда ижодкорга фарзандлари, рангтасвирчи рассом Беҳзод Каримов, К. Беҳзод номидаги миллий дизайн ва рассомлик институти талабаси Шерзод Каримов, шу институт талабалари Қодирберган Юсупов ва Сайдулло Беғамовларнинг кўмаги катта бўлди.

Шу тариқа бир мард аждодимизнинг хотираси абадийлаштирилди. Бироқ мазкур гўшада ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Боғ раҳбари вазифасини бажарувчи Баҳодир Солиев мухбиримизга дилидагиларни тўкиб солди.

— Боғ тўрт гектардан иборат, —  дейди у. — Қурилиш-ободончилик ишлари бошланди-ю, кейин негадир ҳаммаси ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Тўғри, барака топишсин, ободончилик идораси ишчилари кун ора шу ерда. Аммо парк атрофи ўраб олинмаган. Ваҳолонки, келтирилган кўргазмали ҳарбий техникаларни асраб-авайлаш масаласи бор. Кечқурун бу ерга қадам босгани кишининг юраги бетламайди. Чунки чироқлар ўрнатилмаган. Шунинг ўзига 40 миллион сўм маблағ зарур. Музей учун бино қурилди. Лекин ичида ҳеч вақо йўқ. Боғда, айтишга ҳам хижолат чекасан, киши, ҳатто бирорта аттракционни ҳам учратмайсиз. Тушунамиз, ҳозир юртимизда карантин эълон қилинган, дам олиш боғлари фаолият кўрсатмаяпти. Аммо насиб этса, яхши кунлар келади. Боғдан болажонларнинг қадами узилмайди. Бунинг учун уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш даркор.

Баҳодир аканинг бу сўзларини мутасаддилар эътиборига ҳавола этамиз-да, яна Маҳмуд Торобий мавзусига қайтамиз. Гап шундаки,”Халқ сўзи”нинг сайтида бу мавзуда бир эмас, икки бор танқидий мақола эълон қилинди. Чунончи, меҳнат фахрийси, журналист Сафар Аҳмедовнинг “Жондорда "Қаҳрамонлар хиёбони барпо этиладими?" сарлавҳали танқидий мақоласида шу гўшадан чиққан юрт фидойилари номини абадийлаштириш масаласи кўтарилди. Унда, жумладан, қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин эди:

“Афсуски, юртимизнинг бугуни, эртаси учун курашган, давлат томонидан қаҳрамонликка лойиқ топилган бу инсонларни ёшларни-ку қўя туринг, ўрта ва кекса авлод вакиллари ҳам тузукроқ билишмайди. Ахир,ўтмишини билмаган халқнинг келажаги йўқ,деб бежиз айтилмайди. Уларнинг икки фронтдаги матонат ва қаҳрамонликлари ёш авлодга намуна қилиб кўрсатилса,туман марказидаги истироҳат боғида «Қаҳрамонлар хиёбони» бунёд этилса, бу ерда ёшларга қаҳрамон ота- боболаримизнинг ҳаёти, ибратли умр йўли ҳақида ҳикоя қилинса, нур устига аъло нур бўларди. Бизнингча, бу хиёбон ВАТАН ҳақида энг яхши сабоқ вазифасини ўтайдиган манзилга айланарди.”

Бу сўзларга изоҳнинг ҳожати йўқ, албатта.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?