Жанубий Корея компанияси Тошкент вилоятида электрон гольф клуб қурмоқда. Ёхуд туризм соҳасидаги энг сўнгги ўзгаришлар қандай?

09:18 28 Февраль 2020 Welcome to uzbekistan
238 0

Яқинда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)нинг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Фахриддин Давруков ҳамда қатор бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирок этди.

Президентнинг ушбу Фармони туризм инфратузилмасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш ва жаҳон бозорларида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилиш, туризм тармоғининг кадрлар салоҳиятини кучайтириш орқали туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда республикага кириб келаётган хорижий фуқаролар сонини кескин кўпайтиришни мақсад қилган. Ушбу ҳужжат орқали кўплаб муҳим қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, “Қарши”, “Нукус”, “Термиз”, “Бухоро” халқаро аэропортларида “Очиқ осмон” режими жорий қилинди. Ушбу йўналишда Хитой авиаташувчиси “Zhejang Loong Airlines Co.Ltd”нинг “Ханчжоу – Сиань – Тошкент”, турк авиакомпанияси “Atlasglobal”нинг “Бухоро – Истанбул”, “Истанбул – Самарқанд” йўналишларида чартер рейслари ташкил этилди. “ИрАэро” авиакомпанияси томонидан “Санкт-Петербург–Қарши–Санкт-Петербург” ва “Москва-Андижон-Москва” йўналишида доимий рейслар очилди. Ушбу рейсларга қадар Қарши ва Андижон халқаро аэропортлари вақтинча фаолият юритмаётган эди; Эрон авиакомпанияси “Zagros Airlines”нинг “Теҳрон-Тошкент” йўналишида доимий парвозлар йўлга қўйилди.

Айни чоғда туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қоплаб берилади. Чартер рейслари ташкилотчилари харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича Низом ишлаб чиқилган ва яқин орада амалга киритилади.

Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар яратишдаги харажатларининг бир қисми (“rebate”) Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан, Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ фильмларни суратга олиш харажатларинининг бир қисмини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш механизмларини жорий қилинади. 2019 йили хорижий кинокомпаниялар томонидан умумий бюджети 1,6 миллион АҚШ долларлик 6 аудиовизуал маҳсулот суратга олинди (“Базил”, “Raangi”, “Khuda Haafiz”, “Al Safar”, “Race across the world” ва “Kids on the silk road”). 

“Uzbekistan Airports” АЖга аэропорт томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун ставкалар ҳамда йиғимларни белгилаш ва ўрнатиш, авиация ёнилғиси ва ёқилғи-мойлаш материалларини сақлаш учун зарурий инфратузилмани кенгайтириш ва модернизация қилиш, авиация ёнилғиси ва ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш, сотиш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқи берилди. “Uzbekistan Airports” АЖ янги шартнома орқали авиация ёқилғисини тоннаси 890 АҚШ доллари нархда сотиб ола бошлади. Фармон қабул қилинишидан олдин ушбу нарх ўртача 1164 АҚШ доллари эди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан республика бўйлаб 93 та энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинлари рўйхати шакллантирилди. 6. Виза режимини соддалаштириш ва Ўзбекистонга кириб келувчи хорижий туристларга қулайликлар яратилишини давом этган ҳолда 20 давлат фуқароларига 30 кун муддатга визасиз режим жорий қилинди. 2019 йил давомида визасиз мамлакатлардан келган сайёҳлар сони — ўртача 26 фоизга, шу жумладан, узоқ хориж мамлакатларидан келган сайёҳлар оқими 50 фоизга ўсди.
Йўлбўйи инфратузилмасини ривожлантириш ва автомагистраль йўллари бўйлаб туризм хизматларини ташкил этишни назарда тутувчи Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига боғланган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ шаҳригача “Ўзбекистон туризм магистрали” туризм транспорт коридорини ташкил этишга доир ишлар бошланди. 
Туризмни ривожлантириш қўмитаси, “Ўзавтойўл”, Қурилиш вазирлиги, жойлардаги ҳокимликлар вакиллари иштирокида ишчи гуруҳлар жойларда йўлбўйи инфратузулмасини ривожлантиришга оид лойиҳаларни ўрганиб, рўйхат тузиб чиқишди. 

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси амалга оширилиши тавсия этиладиган туризм учун инновацион бизнес ғоя ва стартаплар рўйхатини тасдиқлади. Ташаббускорларга ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун харажатларининг бир қисмини қоплаб берувчи грантлар ажратиш бўйича низом ишлаб чиқилган бўлиб, у яқин орада тасдиқланади. 

Фармон билан туризм инфратузилмаси ривожлантирилишига қаратилган лойиҳалар ва тадбиркорлик фаолиятига берилган солиқ ҳамда божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш бўйича Низом ишлаб чиқилди. 

 Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшган жамоат тузилмалари вакилларига ва хориждаги ватандошларга топшириладиган “Туризм фидойиси” кўкрак нишони низоми ишлаб чиқилди. 

 Фаолиятининг асосий йўналишлари туризм соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш ва туризм тармоғи учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўлган Туризмни ривожлантириш институти ташкил қилинди. Институт томонидан туризм соҳасидаги кадрларнинг малакасини ошириш ишлари ташкил қилинмоқда. Мисол учун, “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ҳамда “Туризм овули” мақомига эга фуқаролар йиғинлари маҳаллий аҳолисини сайёҳларга хизмат кўрсатиш бўйича тайёрлаш ва ўқитишни доимий асосда ташкил этиш мақсадида Туризмни ривожлантириш институти томонидан ўқув-режа графиги ишлаб чиқилди. 

Институт жорий йилнинг 18-22 февраль кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар оромгоҳи”да Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги коллеж ва техникумлар ўқитувчилари учун семинар-тренинг ташкил этди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг илтимосномаси келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида тадбиркорлик субъектларига замонавий санитария-гигиена шохобчаларини қуриш учун ер участкалари ажратилиши юзасидан шахсий жавобгарлиги белгиланди. 2019 йил давомида республиканинг асосий йўллари ва туристлар ташриф буюрувчи жойларда 963 санитар-гигиеник тармоқ қурилди, 1142 таси таъмирланди. 192 нафар юридик ва жисмоний шахсга 270 та санитар-гигиеник тармоқ қуриш бўйича илтимоснома берилди, улардан 49 нафарига ер ажратилди. “E-ticket” онлайн темир йўл чипта сотиш тизимини йўлга қўйиш белгиланди ва бу тизим 2019 йил 1 сентябрдан ишга туширилди. 

19-20 февраль кунлари Биринчи халқаро “Uzbekistan airports, aviation & logistics forum” ўтказилди. Форумда 1000 дан зиёд иштирокчи ва хорижий меҳмонлар иштирок этишди. 

Ўзбекистон Республикасида Ёшлар туризмини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. 

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги қарори билан “Жойлаштириш воситаларида хизмат кўрсатадиган ходимларга доир умумий талаблар”, “Туроператор ва турагентлар ходимларига доир умумий талаблар” давлат стандартлари тасдиқланиб 2020 йил 1 январдан амалга киритилди. 

 Аэропортларда, темирйўл ва автовокзалларда 4 мб/с тезликдаги Wi-Fi симсиз тармоғи орқали бутунжаҳон Интернет тармоғидан фойдаланиш нуқталарини яратиш топшириғига асосан 55 объектда (аэропорт, вокзал ва бошқа жамоат объектлари), шунингдек 650 хўжалик субъектларининг объектларида 1 925 дан ортиқ “Wi-Fi” орқали Интернетга чиқиш нуқталари ўрнатилди. Шунингдек, меҳмонхоналарга бўлган талабларга номерларда камида 4 мб/с тезликдаги Wi-Fi симсиз тармоғи орқали уланиш имкониятини таъминлаш бўйича талаб ҳам киритилди. 

Экстремал туризмни ривожлантириш мақсадида кемпинг учун жойлар рўйхати тасдиқланди ва улар атрофида қояларга чиқиш нуқталарига тегишли белгилар ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда. 

Барча туризм объектларини 2021 йилнинг 1 январигача халқаро тўлов карталари (“Master Card”, “Visa”, “UnionPay” ва бошқалар) ҳамда кобейжинг карталарини қабул қилувчи терминаллар, шунингдек, валюта айирбошлаш банкоматлари билан таъминлашга доир чора-тадбирлар дастури Марказий банк билан ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. 

Тошкент вилоятида Жанубий Кореянинг “Ceok Tae Global” компанияси томонидан 1,3 гектар ерда электрон гольф клуб қурилмоқда. Жиззах вилоятида Жанубий Кореянинг “Mirasmanda Golf resort” компаниясига гольф комплекс қуриш учун 200 га ер ажратилди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида хорижий сайёҳлар сони 2019 йилда 2018 йилга нисбатан 26 фоизга ўсиб, 6,7 миллион нафарга етди (2018 йил 5,3 млн.). Ўз навбатида туризм хизматлари экспорти 26 фоизга ўсиб, 1 313 млн. АҚШ долларига етди (2018 йил 1 041 млн. долл). 2019 йил давомида 6 минг хоналар фондига эга 274 жойлаштириш воситалари қурилди ва жойлаштириш воситаларининг умумий сони 26,1 минг хона фонди билан 1188 тага етди. Аҳамиятлиси, 2017-2018 йилларда жойлаштириш воситаларининг ўсиш сурати 4-9 фоизни ташкил қилган бўлса, 2019 йили 30 фоизни ташкил қилди; 2019 йил давомида 499 янги туроператор фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 1482 тага етди. 

Матбуот анжумани доирасида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган долзарб мавзулар бўйича савол ва таклифлар билан мурожаат қилишди. Туристик йиғим, хизматлар диверсификацияси, инфратузилмани такомиллаштириш кабилар шулар жумласидандир. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019