Жайронларнинг камида 300 бошга кўпайиши кутилмоқда

18:03 27 Апрель 2020 Welcome to uzbekistan
878 0

Бухоро вилоятидаги “Жайрон” қўриқхонасига қарашли кенгликларда кўклам тантана қиляпти. Табиат аллақачон уйғонган. Чор – атроф ям – яшил. Лолақизғалдоқлар қийғос очилди. Ёввойи жийдалар-у атиргуллар гуллади. Ҳаво мусаффо.

–Бепоён Қизилқумнинг бир гўшаси саналган бу масканда йил давомида ўсимликларнинг 250 дан зиёд тури мавсумга боғлиқ ҳолда ўсади,–дейди қўриқхона илмий ходими П.Тошев.-Бундан ташқари, қушларнинг 250 дан, судралиб юрувчиларнинг 15 дан, умуртқасизларнинг 700 дан ортиқ тури учраши аниқланган. Питомник ташкил этилган дастлабки йилларда жайронларни ярим тутқинликда кўпайтириш тажрибаси самарали йўлга қўйилганди. Кейин Пржевал оти, туркман қулони, Бухоро буғуси, Бухоро тоғ қўйларини ҳам илмий асосда кўпайтиришга киришилди. Айни пайтда мингтага яқин кийик, 50 бошдан зиёд Бухоро тоғ қўйи бор.

Айтмоқчи, юртимизда карантин ҳолати давом этаётган кунларда Бухоро тоғ қўйлари яна бир бошга кўпайди. Ўн кунча муқаддам қўзичоқ дунёга келди. Энди навбат жайронларга.Улар бош сони бу йил 1300 га етиши кутиляпти.

Ҳар қачонгидан кўра тинч ва сокин адирларда жайронлар эмин – эркин, хотиржам ўтлаб юришганини кўраркансан ҳаёт давом этишини, коронавирус балоси ортда қолиб, турмушимизга яна осудалик қайтишини ҳис этгандек бўласан, киши. Зеро, табиатнинг ажралмас бир бўлаги саналган инсонга тинчлик – хотиржамлик, сиҳат – саломатликдан кўра қадрлироқ нима бор?!

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Суратларни П.Тошев олган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?