“Жаҳон цивилизациясида бахшичилик санъатининг ўрни” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади

18:12 06 Апрель 2019 Маданият
671 0

Иллюстратив фото

Термиз шаҳрида ўтаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ташкил этилган тадбирда Болгария, Эрон, Жанубий Корея, Молдова, Россия, Туркия, Франция сингари 15 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан келган бахшилар, фольклоршунос-олимлар, соҳа мутахассислари, илмий изланувчилар, тадқиқотчилар ва экспертлар қатнашмоқда.

Анжуманнинг ялпи йиғилишида “Бахшиларнинг эстетик қарашлари”, “Марказий Осиёда номоддий маданий мерос муҳофазаси бўйича халқаро ҳамкорлик: минтақада ICNCAP билан муштарак ишлар мисолида”, “Туркий эпосда достон айтиш санъатининг бадиий ва вақтга оид контекти” каби ўнлаб мавзуларда маърузалар тингланди.

Дарҳақиқат, бахшичилик халқ оғзаки ижодининг ёрқин намунаси бўлиб, унда ҳар бир халқнинг ўтмиши, руҳияти, менталитети, қадриятлари, урф-одат ва анъаналари акс этади. Шу боис ушбу ноёб санъат мавжуд бўлган барча элларда у номоддий маданий мерос сифатида муҳофаза қилинади, юксак қадрланади.

— Ўзбек халқ достонларида меҳр-оқибат, ватанпарварлик, қатъият ва жасорат, ғурур ва виждон, дўстлик ва муҳаббат ғоялари кенг тараннум этилган, — дейди Йўлдош бахши Сувонов. — Халқаро конференцияда уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида илмий хулосалар билдирилмоқда. Ушбу санъат ривожида оиладаги муҳит муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Ҳақиқатан ҳам, ёшлигимиздан дўмбира, доира, дутор каби миллий мусиқа асбобларини чалишни ўрганганимиз, ота-боболаримиздан турли достон ва термаларни тинглаганимиз ушбу ҳунарни танлашимизга катта туртки бўлган. Сўнг йиллар давомида устозлардан сабоқ олиб, ривоят қила олиш маҳоратимизни чархлаганмиз, ирода ва матонатимизни чиниқтирганмиз. Зеро, бу жуда ҳам муҳим. Масалан, “Алпомиш” достонини тўлиқ ижро этиш учун 32 соат вақт керак. Бундан ташқари, уч-тўрт соатлик саҳна кўринишлари учун ҳам жуда кўп афсоналарнинг мазмунини билиш, импровизация маҳоратини ўрганиш талаб этилади.

Юртимизда ноёб маданий меросимизни ўрганиш, унинг бебаҳо анъаналарини тарғиб қилиш ва ривожлантиришга кенг шароитлар яратилмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида адабиёт ва санъат, бахшичилик йўналишига ихтисослаштирилган мактаблар фаолият юритаётир.

Илҳом Раҳматов (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019