Юқумли касаллик (коронавирус) сабаб вафот қилган кишини ювиш ва дафн қилиш

10:51 27 Март 2020 Жамият
4283 0

Фото: www.google.com

Вафот этган ҳар мусулмоннинг тириклар устида уни ювиш, кафанлаш, ҳамда унга жаноза намози ўқиб, мусулмонлар қабристонида дафн қилишдек ҳақлари мавжуд. Бу ишлар одатда қандай қилинишидан кўпчилигимиз бохабармиз. Бироқ истисно ҳолатларида, масалан Коронавирус вабоси даврида унга чалинган маййитни ювиш, кафанлаш ва жаноза ўқиш қай йўсинда амалга оширилади?

Фуқаҳоларнинг бу хусусдаги фатволарига кўз югуртирдим. Қуйида уларнинг қисқача амалий хулосаларини айтиб ўтаман. Мутахассислар эса илова қилинаётган манбаларга мурожаат қилишлари мумкин.

Хулоса шуки, агар турли сабабларга кўра маййитни анъанавий тарзда ювишнинг имкони бўлмаса, (масалан маййит жасади куйиб кетган бўлса, сувда чўкиб шишиб кетса ёки юқумли касали бўлса) уни одатдагидек ишқалаб ювиш ўрнига, устидан эҳтиёткорона сув қуйилади/оқизилади. Бунинг ҳам имкони бўлмаган тақдирда эса унга таяммум қилдирилади. Масалан “Ҳидоя“нинг шарҳи бўлмиш “Иноя“да (16/261) :“Сув йўқлиги/тақчиллиги сабаб ювилмаган маййитга таяммум қилдирилади. Тегиб бўлмаслиги (масалан шишиб кетгани) туфайли ювиш имкони бўлмаганда эса маййит устидан бир сув қуйиб юборилади“, дейилади.

Баъзи замондош уламолар юқумли касаллиги мавжуд маййитнинг жасадига таяммум қилдириш ўрнига таяммум унинг кафани ёки кафан устидан қопланган матоҳ устидан қилдирилишини муносиб кўришган. Сўнг маййитга эҳтиёт чораси кўрилган тарзда жаноза ўқиб дафн қилишни таъкидлашган.

Мисрдаги Дорул-Ифто нашр қилган фатвода шунингдек, юқумли касаллиги мавжуд маййит устидан сув қуйиш жараёни ғассол(лар)га зарар етмаслиги учун барча ҳимоявий чора-тадбирлар олин тақдирдагина қилиниши айтилган. Ундан ташқари, агар дафн қилингунга қадар маййит жасадидан бошқаларга зарарли модда чиқиш эҳтимоли бўлса, кафан устидан бунинг олдини оладиган матоҳ билан маҳкам ўралиши зарурлиги қайд қилинган.

Дорул-Ифто фатвосида яна, юқиш эҳтимолини олдини олиш мақсадида жаноза намозини аҳолидан чекка бир жойда, оз сондаги намозхонлар билан ўқиш тавсия қилинади. Шунингдек, мабодо касаллик юқиш хавфи ёки бошқа сабаб маййитга жаноза ўқимасдан дафн қилинган бўлса, қабр устида маййит учун якка-якка тарзда жаноза ўқилиши эслатилади.

Фатво сўнгида уламолар бу каби истисно ҳолатларида юқоридагидек эҳтиёткорона ёндашиш Ислом шариати руҳига уйғунлиги таъкидланади. Зеро, Ислом инсон ҳаётини ҳимоя қилишни ўзининг энг олий мақсадларидан бири деб билади.

Аллоҳ таоло бандаларини мунтазам тарзда турли синов, бало ва ваболар билан синаб туради. Мақсад уларнинг тўғри хулоса чиқариб ўзларини ўнглаши ва тўғри йўлга қайтишларидир. Коронавирус (Ковид 19) вабоси ҳам шундай синов балолардан бири бўлса ажаб эмас.

Аллоҳ таолодан мусулмонларга ўз динида мустаҳкам бўлишни насиб қилишини, ҳамда барча инсониятни ҳидоятга бошлашини сўраб қоламиз.

Материални Муҳиддин Қудрат ўғли (Ширинов) ҳозирлади

Сана: 2020-03-26

Манбалар:

1. https://cutt.ly/Ytmsx5M (Мисрдаги Дорул-Ифтонинг фатвоси)

2. https://cutt.ly/ttmsbns (Бу масалада фуқаҳолар қарашларининг хулосаси)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?