Ёш ижодкорлар муаммолари очиқ мулоқотда муҳокама қилинди

11:55 05 Февраль 2020 Маданият
153 0

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкорлар билан 2019 йилда амалга оширилган ҳамда жорий йилда режалаштирилган вазифалар, ёшларнинг таклифларини тинглаш юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда уюшма раҳбарияти, “Ижод” жамоат фонди раҳбар ҳамда бўлим бошлиқлари, уюшма муассислигидаги газета ва журналлар вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.
 

Тадбирда асосан ёшларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди. Хусусан, адабий нашрларнинг обуначиларини ошириш ва халқ орасида оммалаштириш, уюшма сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар фаолиятини такомиллаштириш, қолаверса, ижодий ишлар учун бериладиган қалам ҳақи ва ёш ижодкорлар учун қурилаётган уйлар тақсимоти мезонлари тўғрисида савол ва таклифлар билан ёшлар мурожаати тингланди.

Давра суҳбатида, шунингдек, Зомин семинари, “Биринчи китобим” лойиҳасида 22 нафар ёш ижодкорнинг 19 номдаги китоблари нашр этилгани ва уларнинг кенг жамоатчилик томонидан кўтаринки руҳда қабул қилингани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Маълумотларга кўра, ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими қошида фаолият юритаётган, “Онажоним, шеърият” тўгараги қаторида “Дилкўприк” (таржима), “Умид” (наср), “Нигоҳ” (адабий танқид) тўгаракларига юз нафардан зиёд ижодкор ёшлар қамраб олинган, бунда катта тажрибага эга шоир, ёзувчи, таржимон ҳамда адабиётшунослар билан ижодий учрашувлар,шоир ва адибларнинг уй-музейларига саёҳатлар ташкиллаштирилади ҳамда адабий тўгаракларда маҳорат дарсларини олиб бораётган устоз ижодкорлар моддий рағбатлантирилади.
 

— Бугун айтилмаган анча гаплар айтилди, — дейди Суҳроб Зиёдов, ёш ижодкор. — Илгари бундай очиқ мулоқот бўлмагани учун бирдан ўтказилган бу давра суҳбати аввалбошда бизни бироз ҳадиксиратди. Аммо кейин танқидий фикр ва муносабатлар ҳам холис қабул қилинганлигини кўриб, кўп ёшлар ўз сўзини очиқ айта олди. Ўйлаймизки, кўтарилган масалалар келгусида ўз ечимини топади. Бу борада биз ёш ижодкорлар ҳам албатта камарбаста хизмат қиламиз.

Иштирокчиларнинг ҳар бир фикри устоз ижодкорлар томонидан эътибор билан тингланди ҳамда фаол ёшлар Ёзувчилар уюшмаси Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Юлдуз ЎРМОНОВА,

“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019