Ёнаётган қизғалдоқ

18:39 07 Май 2019 Маданият
695 0

(Эссе)

Мен бу лаҳзани неча баҳорлар бўлди кўрмаганимга. Эҳҳе, беш йилми ё ўн йил? Аниқ эслолмайман. Демак, сени жудаям соғинибман. Болалигим ўтган адирларда бу қадар лов-лов бўлиб ёнмай кетганингга анча бўлди, қизғалдоқ.

...

Бу гал ёлғонларга кўмилиб кетган шаҳарлару одамлардан қочиб келаётирман қошингга. Сени кўргим ва олов янглиғ бағрингга отилиб, юрагим бирпас ором олишини, шахсий ҳисларим ила ёлғиз қолишни истаб қолдим. Болалигим ўтган адирларда гуруллаб ёнаётган менинг қизғалдоқларим. Шоир айтганидек: “Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ... Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ“. Во ажаб, бунчалар, нафис ва беғуборсиз? Бунчалар, янги дунёга келган чақалоқдек покиза бўлмасангиз, қизғалдоқлар! Изн беринг, пойингизга тиз чўкай! Байроқдайин ҳилпираган қизғалдоқлар...

...

Тўғриси, ҳар баҳор сени излайман. Юрагим энтикиб, сенингдек гуруллаб лов-лов ёнгим келади. Мана умримнинг қирқинчи баҳори остонасида сўппайиб турибман. Худди сени қирқ йил кўрмагандек. Ишон, сендан бирор нарсани таъма қилиб келмадим. Тавба. Нималар бўляпти ўзи менга, телбанамо бўлиб қолдимми? Ёки поэзияга ўхшаш бир нарсалар пайдо бўляптимикин? Кимдир бордек атрофимда. Ёки, мени сен билан гаплашаётганимни кимдир таъқиб қилаяптими? Нима бўлса бўлсин. Юракдан айтаяпман, бу гал чинакамига лов-лов ёнаётган самимий тафтингга сингиб кетгим келяпти. Бир устозим, “Умид, шу, баъзида баланд-баланд тоғларнинг энг баланд чўққисига чиқиб бақириб юборгим келади“ деб кўп айтади-да. Мен: “Бу одам ичкаригаям, ташқаригаям сиғмас эканда“ деб, ўйлаб қоламан.

...

Инсон ўз идеалининг қули бўлиши керакми ёки идеаллар инсоннинг қули бўлсинми? Бу жуда мавҳум тушунча. Худди қасамёд тушунчасига ўхшаш. “Ер юзида юрган одамларнинг барчаси бахтли одамлардир“ дея, қадаҳсўз бошлайди доим бир шоир. Кейин давра сўнгида сармаст бўлиб, “Инсонни енгиб бўлмайди!“ дея, столни муштлаб қолади. Назаримда, Яратганнинг энг мукаммал яратгани - Одамзод бўлса керак. Файласуфнинг гапига қўшиламан. Қайсисига дейсизми? “Дунёда камдан кам одамлар бир-бирини тушунади“ деганига. Энг катта муаммо ҳам шу, аслида. Биз одамлар сўнги пайтларда умуман бир-биримизни тушуна олмаётгандекмиз, гўё.

...

Шунинг учун ҳам, кўпчилик ошиқлар пойингга тиз чўкиб юборади-да, қизғалдоқ. Юрагимнинг аллақайси жойидан ҳапқириб чиқаётган бир нолани айтай: Жуда чарчадим. Носамимиятликдан, ёлғонлардан, айниқса, нигоҳларда қотиб қолган муждалардан... Маъносизлик, одамни жуда зериктириб юбораркан, қизғалдоқ. Ўзимни ўзим алдабми ё аллалаб яшаётган одамга ўхшаб қолдим... .

...

Ҳув анави, “Каттақир“ни кўряпсанми? Қара, у ерда сенинг қавминг қандай оташ бўлиб ёнмоқда. Биласанми, мен ўша қирларда бир пайтлар от чоптирганман. Чиллак ўйнаб ўсганман. Ёзнинг жазирама чилласида ҳам шу қирда ҳуриллаб “Ойлабот“ шамоли эсарди. Янчилган нўхат, кунжут, ундов ва буғдой совурарди, одамлар ўша паллаларда бу қирларда, қизғалдоқ. Мен ҳам қизиққон кўксимни шу шамолларда кўп совурганман. Қара, улар қанчалар лов-лов ёнмоқда. “Ойлабот“ шамоли эса унинг ҳовурини баттар кўкка пуркамоқда...

...

Аслида, буюкларнинг кўпи бу дунёга қўл силтаб кетган... ... Эй, баҳорнинг нозик меҳмони. Эй, Қизғалдоқ. Энди, Сен билан хайрлашмоқчиман. Ўйлаб-ўйлаб кўрсам, ҳали кўп қиладиган ишларим бор экан, бу бевафо дунёда. Шаҳарга қайтишим керак. Ҳозироқ. Чунки, мени уйимда кўзи мунчоқдек бўлиб болаларим кутиб ўтиришибди. Кейинги баҳорда учрашгунча хайр, Қизғалдоқ!

УМИД СОРИЕВ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019