Янги мактаб қурилиши нега амалга ошмади?  

11:33 15 Октябр 2019 Жамият
1616 0

Иллюстратив фото

Шароф Рашидов тумани Куёвбоши маҳалла фуқаролар йиғинининг Деҳқонобод қишлоғи шундоққина “Жиззах-Фориш” катта йўлининг ёқасида жойлашган бўлиб, маҳалла йўл ёқалаб бир неча чақиримга чўзилиб кетган. Ҳудудга Жиззах шаҳридан уйлари бузилиб, ўрнига кўп қаватли уйлар қурилаётган фуқароларнинг янги иморат солиб кўчиб келиши ва ёш оилаларнинг пайдо бўлиши ҳисобига қишлоқ аҳолиси сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида янги мактаб, шифохона, мактабгача таълим муассасалари, йўл, ичимлик суви, электр токи ва бошқа бир қанча хизмат турлари пайдо бўлишини тақозо этади.

Мазкур масалани яхши тушинган қишлоқ аҳолиси 2010 йилдан бошлаб янги мактаб ва боғча қурилишини сўраб аввало туман халқ таълими бўлимига, Шароф Рашидов туман ҳокимлигига кейинроқ Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилишган. Мурожаатлар эса ҳал қилинмай ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

-Йиллар давомида ёзган аризаларимиз ижобий ҳал бўлмагач 2017 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоят Шароф Рашидов тумани халқ қабулхонасига мурожаат қилдик, бизни мудир ва туман ҳокими қабул қилди, - дейди Деҳқонобод қишлоғида яшовчи фаол Бахтиёр Ўралов. – Мурожаатимизни тўлиқ ўрганиб чиқишгач 2017 йилнинг 30 март куни туман халқ таълими бўлими мудири Д.Носиров имзоси билан Жиззах вилоят халқ таълими бошқармасига “Аҳоли сонининг ортиб бориши ҳамда ота-оналарнинг талаб истакларини эътиборга олган ҳолда Деҳқонобод қишлоғида 240 ўринли янги мактаб биноси ва 70 ўринли боғча биноси қурилишини 2018 йил манзилли дастурига киритишда амалий ёрдам беринг” мазмунидаги 01-85 сонли хат юборилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси тўпланган ҳужжатлар асосида Халқ таълими вазирлигига шу ҳудудда мактаб қуриш лозимлиги тўғрисида таклиф киритди. 

-Ишимиз чўзилиб, таклиф бўйича бирор натижа бўлмагач, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига электрон мурожаат қилдик. Бироз вақтдан кейин Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергенов бошчилигидаги бир гуруҳ вазирлик ва давлат идоралари раҳбарлари билан юзма-юз учрашиб, муаммомизни уларга айтишимизни билдиришди, - дейди Деҳқонобод қишлоғининг яна бир фаоли Муҳиддин Исмоилов. -  Аҳоли билан очиқ мулоқат Шароф Рашидов туман ҳокимлигида бўлиб ўтди. Учрашув чоғида давлат раҳбари маслаҳатчиси халқ таълими вазирининг 1-ўринбосарига топшириқ бериб, мактаб қурилишини 2018 йилги манзилли дастурга киритишни тайинлади. Шу куннинг ўзида мактаб дастурга киритилганлиги тўғрисида маълумот беришди  ва биз бундан жуда ҳурсанд бўлдик.

-Орадан бир неча ой ўтди. Янги ўқув йили ҳам бошланди. Мурожаатимиз бўйича ҳеч бир инсон келиб ўрганмади, мактабнинг дастурга киритилганлиги тўғрисидаги маълумотни туман халқ таълими бўлимидан ҳам вилоят халқ таълими бошқармасидан ҳам тополмадик, туман ва вилоят ҳокимлигига бошишимиз ҳам самра бермади, - дейди Муҳиддин Исмоилов сўзини давом эттириб. – Шундан сўнг 2017 йилнинг 30 ноябрь куни Президент маслаҳатчиси Умар Исмаилов ҳамда адлия вазирилиги раҳбарияти билан ҳамкорликда ўтказилган сайёр қабулда яна қишлоғимизда мактаб ва боғча қурилиши муаммосини кўтардим. Шу жойнинг ўзида У.Исмаилов ўша вақтдаги халқ таълими вазири У.Иноятовга қўнғироқ қилиб мактаб масаласини 2018 йилги манзилли дастурга киритишини тайинлади ва бизга қисқа муддатда масъул ходимлар келиб, шу масалада ўрганишини айтди.

Қишлоқ фаолларининг айтишича, орадан икки кун ўтиб, яъни 2017 йилнинг 2 декабр куни халқ таълими вазири ўринбосари Қ.Оқилжонов бошчилигидаги гуруҳ келиб аҳоли билан гаплашган ва маҳалладаги мактаб қурилиши бўладиган жойни аниқлашган, тупроқдан наъмуналар олинган,  суратга олиш ишларини амалга оширган кейин қишлоқ аҳолисини йиғиб мактаб биноси 2018 йил давлат дастурига киритилгани ва янги ўқув йилида фарзандлари шу янги мактабга бориши тўғрисида маълум қилишган. 

Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида Жиззах вилоят халқ таълими бошқармаси қурилиш бўлими бошлиғи Аҳмад Жайнақовни суҳбатга тортдик.

“Биз 2017, 2018, 2019 йиллар ҳатто 2020 йил учун ҳам умумтаълим муасссасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича манзилли дастурига Янгидиёр маҳалласида 144 ўринли янги мактаб биносини қуришни киритганмиз, бироқ вазирлигимиз ва молия вазирлиги ўртасидаги келишувга асосан мактаб қурилиши рад этилган. Қишлоқ аҳолиси эса ҳануз янги мактабни қуриб беришни сўраб бизга келишади”. 

Мана куз ойининг ҳам ярми ўтиб боряпти. Олдимизда қиш қировли кунлар бошланади. Жиззах-Фориш йўли бўйлаб Деҳқонобод қишлоғидан 5 киллометр олисда жойлашган 22-сонли умумтаълим мактабига қатнайдиган болаларни таасаввур қилинг. Ота-онасида машинаси бор болаларга унча билинмас. Қолганларчи улар нима қилади? Бошланғич синфга қатнайдиган болажонлар шунча масофага келиб кетгач улардан яна ўзлаштиришни сўрашга ҳақлимизми? 6 мингга яқин аҳолига эга қишлоқда на бирорта мактаб на бирорта боғча йўқлигига ким жавоб беради? Энди бу саволларга масъул ташкилотлардан жавоб кутамиз.

Толибжон ЭРГАШЕВ,
(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019