Янги ҳисобот: ракета пойгаси дунё хавфсизлигига таҳдид

16:49 16 Август 2019 Дунё
199 0

Иллюстратив фото

Янги ракета технологиялари қудратли давлатлар ўртасида янги қурол пойгасини келтириб чиқармоқда. Айниқса товуш тезлигидан 25 баравар ёки ундан тезроқ учадиган гипертовушли ракета системалари алоҳида ташвиш уйғотяпти. Бу ҳақда “Америка овози” телерадиоси хабар берди. 

Ўтган ой АҚШ ва Россия Ўрта масофали ядро қуролларини қисқартириш шартномасидан чиқиши глобал хавфсизлик тартиби янгиланиш арафасида эканига ишора бўлди. Вазият издан чиқмагунча янги битимларга эришиш зарурати таъкидланмоқда.

Ўтган йил декабрида Россияда «Авангард» гипертовушли ракета системаси синовдан ўтказилди. Москва ракета соатига 11 минг километрдан тез учишини, мудофаа системаларини айланиб ўтиш салоҳиятига эга эканини даъво қилмоқда.

Бундай ракеталар оддий ва ядровий каллаклар ташийди. Россия «Авангард» системаси ҳозир конвейерга қўйилганини маълум қилган.

АҚШ, Хитой ва Австралия ҳам ўз тизимларини яратишмоқда, дейди шу мавзуда изланиб, ҳисобот тайёрлаган Европа етакчилик тармоғи таҳлил гуруҳидан Катарзина Кубиак.

«Янги ракеталар эскиларидан тезлиги ва манёврлиги билан устун туради, амалдаги ва ишланаётган мудофаа тизимларини ёриб ўтиш салоҳиятига эга. Сунъий йўлдошларга қарши ракета технологиялари устида ҳам изланишлар олиб борилмоқда», - дейди Кубиак.

Ҳам оддий, ҳам ядровий каллакларни таший олиш салоҳиятига эга икки мақсадли ракеталар янглишлик ва хато ҳисобларга, фожиали оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

«Можаро пайтида ҳарбийлар катта босим остида иш қилади. Душман қандай турдаги ракета отгани мавҳум бўлса, энг ёмон сценарийга кўра жавоб берилади, вазият янглиш баҳоланиши мумкин, бу эса можаронинг исталмаган даражага айланишига олиб келади», - дейди таҳлилий изланиш муаллифи.

Ой бошида Россиянинг Арктикадаги янги ракета синови пайтида портлаш юз бериб, беш илмий ходим ҳалок бўлган, нурланиш даражаси ошгани айтилади. Баъзилар ядровий реакторли қанотли ракета синалган, дейди.

Кубиакнинг айтишича, ракета технологиялари пойгаси халқаро хавфсизлик пойдеворларига зарба бермоқда.

«Хавфсизликка доир усиз ҳам мураккаб вазият янада мураккаблашади. Ракеталарнинг янги турлари давлатлараро рақобатни янада кучайтиради. Минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш янада қимматга тушади, ҳарбий тўқнашув эҳтимоли ошади», - дейди таҳлилчи.

Ҳисоботда айтилишича, ракета пойгаси халқаро ҳамжамият сиёсий кун тартибида устувор масала бўлиши керак, қуролларни тарқатмаслик ҳақидаги амалдаги ҳужжатларни кучайтириб, янги ракета технологияларини тартибга солувчи шаффоф қоида ва битимларни музокара орқали қабул қилиш зарур.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019