Вазирлар Маҳкамаси қароридаги банддан педагоглар норозими? 

13:31 27 Июль 2020 Жамият
9410 0

Бугун «мақоламни чиқариб беринг, пулини бераман», «мақола ёзиб беринг, рози қиламан» деб турли таҳририят эшигини тақиллатгувчи ўқитувчилар ҳақидаги хабарларнинг қулоғимизга чалиниши одатий ҳолга айланиб қолди. Аммо бу ҳолнинг сўнгги пайтларда авж олиши вазиятга жиддий эътибор қаратишга ундайди.

Маълумки, «Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 823-сонли қарорига асосан мактабларда директор жамғармасидан устама олиш бўйича янги бандлар киритилган. Шулардан ҳозирда энг кўп муҳокама қилинаётган банд бу — ОАВ да мақолалари камида йилда бир марта чиқиши талаб этилиши ва мақола, методик тавсия, ижодий ишларнинг туман, вилоят, республика бўйича оммалашганига қараб, номзодга балл берилишидир. Аслида ўқитувчига мақола ёзиш муҳимми? Бу унинг ўз ишидан чалғитмайдими? Нима учун бу банд кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда? Мавзу юзасидан педагоглардан олинган фикрларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Ўқитувчи илмий мақола ёза олмайди»

Бир ўйлаб кўринг, нега бизда мактабларда тадқиқотчи ўқитувчилар кам? Чунки кўпчилик, аввало, мақола, тезис, методик тавсия ёзиш қоидаларини ўрганиш учун ўз «дунё»сидан чиқиб вақт ажрата олмайди. «Метод кун» деган тушунча ҳам аслида кўпчилик амал қилмайдиган назария бўлиб қолган. Асли шу кунда ўқитувчи касбида юксалиш учун вақт ажратиши керак. Таълим нашрлари астойдил ўқиб юрилса ҳам намунавий мақола, методик тавсияларнинг ҳар хил турдаги шаблонларини ўрганиб олса бўлади. Бундай олиб қараганда, 12 ой учун 3 та мақола ҳеч нарса эмасдек кўриниши мумкин аслида. Аммо уни ёза билган одамга вақт ва имкон керак, ёза билмайдиган одам эса... Юқоридаги каби «илтимос»ларга суянишга мажбур.

Носиржон РОЗИҚОВ, Наманган вилояти, Чуст тумани, 10-мактаб директори:

— Ҳар бир педагогда у қайси фандан дарс беришидан қатъий назар, меҳнат самарадорлигига қараб устама ҳақи олиш ҳуқуқи бор. Аммо кўп муҳокамага сабаб бўлаётган банд — мақола ёзиш — ихтиёрий. Педагог портфолиоси тўлиқ бўлса, баллари етарли бўлса ундан мақола талаб этилмайди. «Папка» тўлиқ бўлсаю, ўз қизиқишлари бўйича барибир қўшимча сифатида матбуотда чиқиш қилса, унга устама тўланмайди.

Мақола нима учун ёзилади, эффект берадиган, аввал қилинмаган янги иш бўлса оммалаштириш мақсадида ёзилади. Илмий ва ижодий мақолага бир хил балл берилиши ҳам хато. Илмийда изланиш, тажриба, натижа, янгилик бўлади. Қарордаги ушбу бандни олиб ташлаш ёки ўзгартириш бўйича таклифлар бир неча бор берилган. Негаки илмий мақолани ўқитувчи ёза олмайди. Жиддий мақола ёзиш учун у ишни ташлаши, тадқиқот устида изланиши керак. Бугун эса бу банднинг ижроси бироз суст, яъни ўқитувчи мақола ёзса, газетада номи чиқса етарли бўлиб қолди афсуски.

«Мақола ёзиш ихтиёрий-мажбурий»

Қарорда педагогнинг «Илмий-ижодий ишлари» алоҳида банд қилиб келтирилган бўлиб, унда ўқитувчи «Баҳоланаётган ўқув йилида оммавий ахборот воситалари, таълимга оид веб-сайтлардаги чиқишлари, илмий-методик журналлардаги ҳамда турли конференцияларда мақолалар, тезислар, концепциялар, истиқболли режалари билан қатнашиш орқали таълим-тарбия жараёнини янада яхшилашга оид ташаббуслар»и билан баҳоланади. Хўш, мақолага бериладиган устама ҳақи арзирлими?

Шоҳиста МУЛЛАЕВА, Сирдарё вилояти, Боёвут тумани, 13-мактаб ўқитувчиси:

— Ўзим ҳам «Сирдарё ҳақиқати» газетасига материаллар бериб бораман. Лекин, ростини айтсам, мақолага бериладиган устама ҳақи у қадар сезиларли эмас. Кўпроқ иш самарадорлигига сезиларли қўшилади. 

Таажуубки, сўровнома жараёнида илмий-ижодий мақолалар ёзиб юрсалар-да устама ҳақи олмаган ўқитувчилар ҳам учради. Мақола савиясига қараб эмас, балки қаерда чоп этилганига қараб баҳо берилиши ҳам бироз кулгили. Масалан, шаҳар нашри учун бир йилда иккита мақола чиқарган педагогга 5 балл берилади, вилоят нашрида (2 та мақола учун) 10 балл, республика нашри (1та мақола) учун 15 балл, халқарода чиққан (1та)га 20 балл берилади. Аммо шуниси ҳам эътиборлики, шаҳар матбуотида эълон қилинган мақола долзарблиги, актуаллиги республика нашрида эълон қилинган мақоладан кўпроқ «тош босиши» ҳам мумкин-ку?

Гавҳар ҲОТАМОВА, Навоий вилояти, Зарафшон шаҳри, 1-сонли Айрим фанлар чуқурлаштириб ўргатиладиган мактаб интернати ўқитувчиси:

– Устама ҳаққи олган-олмаган тақдиримизда ҳам мақола сўралади биздан. Илмийми, бадиийми, публицистик материалми, фарқи йўқ. Яъни бу бандни ихтиёрий-мажбурий десак ҳам бўлади. Шунинг учун кўпчилик ёзишга осон деб кичик-кичик бадиий-публицистик мақолалар ёзиб чоп этишни маъқул кўради. Аввал биттадан мақола чиқариш белгиланган эди, ҳозир иккитадан мақола чиқаришимиз керак. Бу албатта ўзимизнинг салоҳиятимиз, мактабимиз обрўси, қолаверса, соҳамиз ривожи учун ҳам хизмат қилади биринчи навбатда. Лекин қоғозда ихтиёрийми амалда ҳам ихтиёрий бўлса янада яхши бўлар эди...

Педагогнинг таълим нашрларини билмаслигига ким айбдор?

Ўқитувчи мақола ёзиш керак деябмизу аммо аксарият педагоглар таълим нашрларини кузатиб бориш у ёқда турсин, у ҳақда тўлиқ маълумот ҳам билмайди афсуски. Бугун ўз соҳаси бўйича бўлсин, жамоага бир дона бўлсин обуна бўлиш ҳақида кимдир гап очса жавобгарликка тортиляпти. Аммо ўз соҳасининг нашрини билмаган педагог қандай қилиб мақола ёзсин ва банднинг ижросини амалга оширсин?! Педагог фикрлари билан танишиш жараёнида шундай қизиқ жавобларга ҳам дуч келдикки, таълим нашрларига нима учун материал бермайсиз, деган саволимизга «чунки ундай нашрларда танишим йўқ», деган жавобни олдик...

Эътибордан четда қолаётган яна бир оғриқли масала бу – обуна. Таълим нашрлари ичида фаоли бу «Маърифат» газетасидир. Газета адади 9232 нусхани ташкил этади. Республикамиздаги мактаблар сони эса 9900 дан ортиқ. Яна қанча бошқа хил таълим муассасалари бор юртимизда. Бундан ташқари, халқ таълими тизимида 440 мингдан зиёд ўқитувчи фаолият юритади. Хўш, бугун улардан қанчаси «Маърифат»га ёки бошқа хил таълим нашрига обуна? Қанча одам тизимдаги нашрларни кузатиб боради? Бугун педагогларнинг мақола ёза олмаслигига сабаб газета ўқимаслиги ҳам эмасмикин?

Сўровнома ўтказиш жараёнида яна айрим мактабларда ҳатто мақола ёзиб бериш «хизмати»ни реклама қилиб келган нашрлар ҳам учрагани маълум бўлди. Масалан, Фарғона вилояти, Учкўприк тумани 29-мактаб ўқитувчиларининг хабар беришича, карантин бошланишидан бироз аввал мактабга ўзини «Халқ иродаси» номли газетаси мухбири деб таништирган бир қиз келгани ва ушбу газета республика нашри бўлгани учун унда мақола чиқарган педагогга 15 балл берилишини айтган. Шунингдек, мақола ёзиб бериш «хизмати» борлиги ва у ҳар бир мақола юз мингдан бўлишини ҳам айтиб ўтган. Айрим содда ўқитувчилар эса юз мингдан пул йиғиб, «заказной» мақола ёздирганлар ва чоп эттирганлар... Буюртма мақола орқали балл олиш сизнингча қанчалик ҳаққоний? Умуман, қарордаги бу банднинг ихтиёрий ёки мажбурийлигини, ижросини, савиясини ким ва қандай назорат қилади?

Қарордаги бошқа бандлар ҳақида ҳам мулоҳазалар билдирилди, аммо биз фақат мавзуга тегишлиларини эътиборингизга ҳавола этдик. Хулоса қилиб айтганда, педагоглар фикри ўрганилган ҳолда қарор қайта кўриб чиқилса мақсадга мувофиқ бўлади.

«Халқ сўзи» мавзуга яна қайтади.

Юлдуз Ўрмонова,
("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?