Ватан кунчиқаридан кунботарига пиёда саёҳатга чиққан йигит Сирдарёга 34 кунда етиб келди

15:07 06 Август 2019 Жамият
989 0

Фото: Аҳмадали Шерназаров / “Халқ сўзи”

“Халқ сўзи Online”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. Мана икки кундирки, Ватанимиз тонги бошланадиган, шарқий сарҳадимиздаги энг чекка – Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан ғарбий кенгликлардаги Мўйноқ сари йўл олган Соҳиб Раджабов Сирдарё вилояти ҳудудидан юриб бормоқда.У кеча эрталаб Сирдарё кўпригидан ўтгач вилоят остонасидаги ўзига хос чиройга эга туристик манзил -“Чеҳра ” мажмуасида бўлди.Уни Сирдарё вилояти туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ва Сирдарё тумани ҳокимлиги масъул ходимлари кутиб олишди. Соҳибнинг айтишича, саёҳат давомида халқимизга хос бундай эътибор, меҳр-оқибатга ҳамма жойда дуч келмоқда.

Фото: Аҳмадали Шерназаров / “Халқ сўзи”

Саёҳатчини қўллаб-қувватлаётганлар орасида йўлларда мева, тарвуз-қовун сотиб ўтирган деҳқонлар, чойхоналар эгалари, хонадонлар соҳиблари ҳам бор. Бир кунда ўртача 35-40 километр йўл босаётган йигитнинг тунаш манзиллари ҳам турлича: гоҳида меҳмонхона, гоҳида хонадонлар, чойхоналар,яйдоқ манзилларда қолганида эса деҳқонларнинг чайлалари... 

“Чиноздаги хонадонлардан бирида узум ишкомлари остида тунадим. Барглар орасидан юлдузлар чарақлайди.Шундоқ тепангда сон-саноқсиз узум гужумлари.О, бундай манзара бизнинг юртга- фақат ўзбекона ҳовлига хос” дейди Соҳиб Раджабов. Саёҳатчи йўл-йўлакай ҳар бир манзилнинг ўзига хосликларини қайд қилиб бормоқда, тасвирга туширмоқда ва уларни ўз телеграмм каналида мухлислари билан бўлишмоқда.

Фото: Аҳмадали Шерназаров / “Халқ сўзи”

“Сафарим давомида шундай фикрга келдим: Ўзбекистонимиз бўйлаб саёҳат, айниқса пиёда саёҳат қилиш жуда қизиқарли ва завқли,чунки пиёда тезлиги барча жойларни батафсил ўрганиш ва томоша қилиш, одамлар билан бафуржа суҳбатлашиш учун айни муддао экан ”.

Маълумот учун. Соҳиб Раджабов- 1989 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, ҳозир Тошкент шаҳрида яшайди. Турон миллий кураши бўйича халқаро спорт устаси,тренер.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019