“Vaqf” фонди томонидан ҳожиларга махсус аравалар туҳфа қилинди

17:13 08 Август 2019 Жамият
1401 0

“Халқ сўзи” махсус мухбири Саид РАҲМОНОВ Саудия Арабистонининг Макка шаҳридан хабар қилади.

Ҳожиларимиз Минога йўлга чиқиши арафасида турган айни пайтда “Vaqf” хайрия жамоат фонди хайрли ташаббус билан чиқди. Юртимиз ҳожиларига ўнта махсус арава туҳфа қилинди. Улар элликбоши ва мингбошиларнинг тавсиялари, тиббиёт маркази раҳбарининг хулосаси билан кекса ёки беморларга берилади.

— Ҳожиларимизнинг деярли ҳаммасини саломатлиги жойида, кўзлари қувончдан порлаб турибди, — дейди мазкур фонд бошқаруви раиси Искандар Ҳалилов. — Аммо сафар давомида кутилмаган ҳолатлар рўй бериши, айрим нуроний отахон ва онахонларимиз чарчаб, кам қувват бўлиб қолиши эҳтимоли йўқ эмас. Биз тақдим этаётган аравалар шундай пайтда асқотади. Натижада кекса отахон ва онахонларимиз тоғ шароитида ҳам ибодатларни тўла-тўкис адо этиб, ҳожилик мақомига эга бўладилар, иншаа Аллоҳ.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Vaqf” хайрия жамоат фонди шу каби хайрли лойиҳаларнинг ташаббускори бўлмоқда. Масалан, ҳар бир вилоятдан 20 нафардан ортиқ эҳтиёжманд кишиларга аниқланиб, уларнинг дори-дармонлари, операциялари ва бошқа харажатларига кўмаклашиши мақсадида ойига ўртача 250-300 миллион сўмгача закот пуллари тарқатиб келинмоқда. Зиёратгоҳларга ичимлик суви чиқариш, атрофини ободонлаштириш ишларида ҳам бош-қош бўлинмоқда. Хусусан, шу кунларда Сурхондарёдаги Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳигача бўлган беш километр масофага қувур ётқизилиб, сув олиб келинаётгани эътиборга молик жиҳатдир.

Фонд томонидан яқинда яна бир эзгу ишга қўл урилди. Тошкент шаҳрида “Vaqf Med” дорихонаси ишга туширилди. Бундай дорихоналар келгусида республикамизнинг ҳар бир вилоятида, сўнгра ҳар бир туманида ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ушбу дорихоналардан тушадиган даромад эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Энг асосийси, уларга дори-дармонлар бепул берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?