Валюта тўғрисидаги қонун аввалгисидан нимаси билан фарқланади?

15:24 24 Октябр 2019 Иқтисодиёт
302 0

Иллюстратив фото

Бугун банкоматлардан истаган вақтимизда нақд пул ечиб олишимиз мумкин. Бунинг учун кеча-ю кундуз ишловчи банкоматлар мавжуд. Зарурат туғилганда хориж валютасини банклар орқали сотишимиз ёки харид қилиш имкониятига эгамиз. Ваҳолонки, илгари бу каби имкониятларни тасаввур қилишимиз ҳам мушкул эди. Бу кейинги йилларда мамлакатимизда молия-банк тизимини такомиллаштириш, валютани тартибга солиш, валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, албатта. 

Қайд этиш жоизки, куни кеча янги таҳрирда қабул қилинган “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ушбу қонун мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди. 

— Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини эркинлаштиришга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига кўра,  Ўзбекистонда эркин валюта олди-сотдиси амалиёти жорий қилинган эди, — дейди Марказий банк раиси ўринбосари Бобир Абубакиров. — Шунингдек, мазкур ҳужжатда Марказий банк зиммасига илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда,  “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш вазифаси юкланганди. 

Қонун устида қарийб икки йил вақт ичида Марказий банк, умуман, республикамиздаги иқтисодий блок мутахассислари иш олиб боришди. Маҳаллий олимлар, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки каби халқаро экспертлар хулосалари, жамоатчилик фикрлари инобатга олинди. Бундан ташқари, қонун кенг омма муҳокамасига ҳам қўйилиб, жараёндаги фикрларга  ҳам эътибор қаратилди. 

Умуман олганда, янги таҳрирдаги қонун аввалгисидан бир қатор меъёрлар ва механизмлар билан тўлдирилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, унда валютани таритбга солиш ҳамда валютани назорат қилиш тизимининг ягоналиги белгилаб қўйилди. Бу борада давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги акс эттирилди. 

Миллий валютанинг мавқеини кучайтириш мақсадида давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар фақат сўмда ундириладиган бўлди. Шунингдек, товар ва хизматлар учун нархлар ҳамда жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар ҳам фақат миллий валютада ўрнатилади. 

Резидент ва норезидентлар томонидан чет эл валютасидагни маблағлар экин тасарруф этилади. Валюта операциялари билан боғлиқ бир қатор рухсат бериш тартиботлари бекор қилинди. Масалан, жисмоний шахслар томонидан хорижда чекловларсиз ҳисобварақлар очишга рухсат берилди. Яъни эндиликда сиз бирор бир давлатда ҳисобварақ очмоқчи бўлсангиз, бунинг учун Марказий банкдан рухсат олишингиз шарт эмас. 

Шу билан бирга, жисмоний шахслар ўртасида носавдо валюта опрациялари бўйича 100 миллион сўм эквивалентигача миқдордаги пул ўтказмаларини амалга оширишлари мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасидан шунча сўм эквивалентидан ошмаган миқдордаги нақд пул маблағларини эркин олиб чиқа олади. 

 Яна бир эътиборга молик жиҳати, янги таҳрирдаги қонунда ҳавола қилувчи нормалар максимал даражада қисқартирилди. Яъни эндиликда у тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат ҳисобланади. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019