Устоз ўгитлари уйда ўтириб ҳам халқаро олимпиадада 1-ўринни эгаллаш мумкинлигини исботлади

21:02 23 Апрель 2020 Lifestyle
426 0

Коронавирус пандемияси бошлангандан сўнг дунёнинг деярли барча мамлакатларида мактаблар, олий ўқув юртлари ёпилди. Таълим эса масофавий тизимга ўтказилди. Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам дарслар онлайн тарзда олиб бориляпти.

Эътиборлиси, мана шундай синовли кунларда ўз вақтини мазмунли ўтказаётган, нафақат масофадан туриб ўқитувчи-устозларидан билим олаётган, уларнинг ўгитларини жон қулоғи билан тинглаётган, балки мустақил изланиб, янги марраларни забт этаётган ёшларимиз сони кўпайиб бормоқда.

Улардан бири Тошкент давлат аграр университети “Агрологистика ва бизнес“ факультетининг 4-гуруҳ талабаси Улуғбек Бурҳоновдир. Ушбу иқтидор эгаси устози, мазкур олий таълим даргоҳи профессори Муҳаммадали Саидов бошчилигида ўз изланишларини давом эттирмоқда. Зеро, ҳақиқий устоз ва шогирд масофа танламайди, ҳар қандай вазиятдан фақат илм олиш йўлларини топа олади.

Бу ҳақда Улуғбекнинг ўзи шундай дейди: “Ҳозирда коронавирус пандемияси туфайли карантин шароитида масофавий таълим олмиш баробарида, устозим профессор Муҳаммадали Саидов билан илмий изланишларни давом эттирмоқдаман. Хусусан, айни пайтда масофавий таълим (онлайн) ўқув курсларида қатнашяпман, халқаро масофавий олимпиадаларда ўз билимларини синовдан ўтказяпман, чархланмоқдаман“.

Улуғбек Бурҳонов масофавий таълим бўйича дунёдаги таниқли порталлардан бири бўлган futurelearn.com сайтининг доимий кузатувчиси, у ерда ташкил этиладиган тренинглар, семинарларнинг иштирокчисидир. Ўз навбатида АҚШдаги нуфузли университетлар томонидан йўлга қўйилган бепул курслар орасидан ўз мутахассислиги учун мос тушадиган “Маркетинг менежменти“ йўналишини танлаб, унда ҳам мунтазам қатнашиб келмоқда. Ўзи учун қимматли билим ва кўникмаларни олиб, тафаккурини бойитиб бормоқда, бўлажак карьераси учун мустаҳкам замин тайёрлаяпти.

Ўз навбатида билим мусобақаларида ўзини синашни канда қилмаяпти. Зеро, бундай интилиш ундаги ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Умумроссия фанларнинг масофавий олимпиадаси шулардан биридир.

Яқинда Улуғбек “Время знаний“ номли Умумроссия масофавий олимпиадасида иштирок этиб “Жаҳон иқтисодиëти“ йўналишида фахрли 1-ўринни эгалладим.

Унинг ўзи мазкур ютуғи ҳақида шундай дейди:

“Бунда устозим профессор Муҳаммадали Саидов илмий раҳбарлиги остида олган билим ва кўникмаларим менга катта қанот бахш этди. Бунинг учун муаллимдан чексиз миннатдорман.

Сизлар ҳам бу борада ўзингизни синаб кўришни истасангиз edu-time.ru сайти орқали олимпиадаларда қатнашишингиз мумкин. Барчага муваффақиятлар тилайман ва албатта, янги лойиҳалар яратиш йўлида ҳеч қачон чарчаманг деб қоламан“.
 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?