“Умидимиз сиздан, доктор”

14:37 08 Ноябрь 2019 Жамият
147 0

Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига оғир аҳволда келтирилган беморнинг қариндош – уруғлари шифокор Шермуҳаммадхожа Турсуновни операция хонасига “Ҳамма умидимиз Сиздан, доктор” дея кузатиб қолишди.Юрак инфаркти билан оғриган аёлга даволашнинг замонавий усули қўлланилди яъни стентлаш амалиёти бажарилди.

Натижада эндигина 23 ёшга қадам қўйган, гулдай икки фарзанди бўлган аёл соғайиб оиласи бағрига қайтди.

Осмондан булутлар ариди. Кўнгил ёришди.Умидлар рўёбга чиқди. Шифокордан миннатдор нигоҳлар тасвирига эса ҳар қандай қалам ожиз...

-1985 йилда Бухоро туманидаги Чорбакр қишлоғида туғилганман,-дейди Ш. Турсунов.-Бухоро тиббиёт институтининг даволаш факультетини тугаллагач, академик А. Н. Бакулев номидаги Москва шаҳар юрак қон томир илмий – тадқиқот институтида юрак қон томир касалликлари хирургияси бўйича таҳсил олдим.Кейин шу институт аспирантурасида ўқиб, илмий изланишлар олиб бордим ва тиббиёт фанлари номзоди бўлдим.

Шундан сўнг қаҳрамонимиз ўз билим ва малакасини оширишда давом этди.2015-2016 йилларда академик Н. И. Пирогов номидаги 1 – сон Москва шаҳар клиник касалхонасида рентгенэндоваскуляр хирургия бўйича таълим олди.Айни дамда у академик А. Н. Бакулев номидаги Москва шаҳар юрак қон томир илмий – тадқиқот институти докторантидир.

--Ўшанда 2017 йилнинг январи эди,-дея эслайди Ш. Турсунов.-Москвада ижтимоий тармоқлари орқали республикамиз Президенти томонидан ўтказилган видеоселектордан хабар топдим.Давлатимиз раҳбарининг хорижда ишлаётган ўзбекистонлик мутахассисларни она –Ватанга қайтариш тўғрисидаги сўзларини тинглаб юрагим “жиз” этди.Орадан кўп ўтмай республикамиз Соғлиқни сақлаш вазири институтимизда бўлиб, академик Л. О. Бакерия билан учрашди.

Шу тариқа ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.Устози билан маслаҳатлашган юртдошимиз она –шаҳри Бухорога қайтадиган бўлди.У 2017 йилнинг июнидан буён вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг рентгенэндоваскуляр хирургия бўлими мудири вазифасида ишлаяпти.

-Самарали фаолият юритишимиз учун бизга ҳукуматимиз, вилоят ҳокимлиги томонидан барча шарт – шароитлар яратилди,-дейди жарроҳ.- Чунончи, замонавий ангеограф ускунаси ажратилди.Менга замонавий уй берилди.Айтмоқчи, вилоятимиз ҳокими эҳтиёжманд фуқароларга операция билан боғлиқ харажатларни қоплашда ҳам ёрдам қўлини чўзмоқда.

Ҳозиргача 32 хил йўналишда 9 мингга яқин қон – томир касалликларини ташхислаш ва даволашни янги усуллар асосида бажардик.Уларнинг афзаллиги шундаки, жарроҳлик амалиёти терига ҳеч қандай жароҳат етказмай туриб бажарилади.700 нафарга яқин беморда юрак – ишемик касалликларини стентлаш амалиётини муваффақиятли ўтказдик.Шунингдек, 7 нафар беморни очиқ юракда жарроҳлик амалиёти ўтказиш орқали даволашга эришдик.

Бир сўз билан айтганда, илгари хорижда ёки мамлакат пойтахтидаги клиникаларда бажарилган мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда Бухоронинг ўзида ўтказилаяпти. Ҳатто айрим ноёб операциялар республикамизда илк бор мазкур шифохонада амалга оширилмоқда.Масалан, простата бези аденомасида аденома хавфсиз ўсмаси қон - томирларини беркитиш амалиёти мамлакатимизда биринчи бўлиб айнан Ш. Турсунов раҳбарлигидаги шифокорлар гуруҳи томонидан бажарилди.

Бу каби хайрли ишлар беморлар ва уларнинг яқинлари ўй -ташвишини енгиллаштирмоқда.Мазкур бўлимда ҳозир республикамиз турли гўшаларидан келиб даволанаётган беморларни учратиш мумкин.Буларнинг барчаси она – юртига қайтиб, ўз билим ва малакасини одамлар саломатлиги йўлида сарфлаётган қўли енгил шифокорнинг кучига куч, иштиёқига иштиёқ қўшаяпти.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019