УЕФА мутахассислари Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга кўмак беради

11:47 07 Март 2020 Спорт
200 0

Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимизда футбол оммавийлигини ошириш, мавжуд инфратузилмани яхшилаш, мамлакатимизда “миллионлар ўйини” янада равнақ топишига қаратилган тизимли лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.

Эндиликда Европа футбол ассоциациялари иттифоқи – УЕФА билан ҳам ҳамкорликда бир қанча лойиҳалар амалга оширилади.

Хусусан, 9-13 март кунлари UEFA Assist ташаббуси доирасида ташкилотнинг халқаро алоқалар бошқармаси раҳбари Ева Паске бошчилигидаги УЕФА делегацияси юртимизда бўлади ва ЎФАнинг иш-фаолияти билан яқиндан танишади. Бу ҳақда ЎФА хабар берди.
Ташриф доирасида ЎФА раҳбар ҳамда ходимлари билан, ПФЛ ва Coca Cola Суперлига клублари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилади, ЎФА ҳамда ПФЛнинг ҳар бир йўналиш бўйича олиб бораётган фаолияти УЕФА мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилади ҳамда якунда ассоциация иш фаолияти самарадорлигини ошириш, юртимизда футбол ривожланиш даражасини янада кўтаришга йўналтирилувчи қўшма лойиҳалар, мутахассисларнинг Европанинг етакчи ассоциацияларида малака ошириши, қолаверса Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоаларининг мунтазам равишда Европада ташкил этиладиган халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинади.

13 март куни эса мазкур ташриф якунларига бағишланган матбуот анжумани ҳам ташкил этиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?