Тутнинг осмондаги болалари...​

11:35 18 Март 2020 Маданият
841 0

“Халқ сўзи” газетаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таҳририят расмий веб-сайти Маданият рукни остида “Ёш ижодкорлар гурунги” ни ташкил этди. Унда ёш шоир, носир ва таржимонларнинг ижодий ишлари эълон қилиб борилади. Марҳамат, ўқинг, баҳра олинг.

Навбатдаги меҳмонимиз ёш носир Биби Робиаъ Саидова — 1991 йилда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида туғилган. 2014 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультети бакалавр ҳамда 2016 йили магистратура босқичини тамомлаган.

Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети докторантура босқичида таҳсил олмоқда.

2019 йили “Ўзбекистон баҳори” республика фестивалида ғолиби бўлган. “Зомин-2019” республика адабий семинари иштирокчиси.

2014 йили “Парвоз”, 2019 йили “Какку овози” номли ҳикоялар тўплами ҳамда 2018 йили адабий-бадиий мақолалардан иборат “Ақл ва руҳ баҳси” номли китоби чоп этилган.

Марв тути

Қўшни ҳовлида Лутфулла амаки ёлғиз ўзи яшар эди. Бу чорсидеккина ҳовлида неча аср билан юзлашганини ҳеч ким билмайдиган баҳайбат, ғадир-будур танасига кишининг қулочи етмайдиган тут дарахти бор. Тут ҳам Лутфулла амакига ўхшаб ёлғиз. Аммо тутнинг шохларидан турфа қушлар аримасди. Қизиғи шундаки, шаҳарда камдан-кам бўладиган қизилиштон, жимитдеккина жибилажибон, нахшак, фотмачумчуқ, кўкқарғаю зарғалдоқларни илк бор шу тут шохларида кўрганмиз. Биз уларни ўзимизча тутнинг осмондаги болалари, дердик, кўчамизнинг болаларини эса, тутнинг ердаги болалари, деб атардик.

Маҳалладаги эллик-олтмиш ёшли амакилар болаликлари шу тутнинг устида ўтганлигини айтишади. Хуллас, тут фақат Лутфулла амакига эмас, биз учун ҳам бувимизгами, бобомизгами айланиб қолган эди. Бунинг бошқа сабаби ҳам бор. Тут пишиғи бошланди дегунча, ҳар куни тонг-ла эшигимизнинг зулфи тарақлайди. Чиқсам, Лутфулла амаки турган бўлади. “Қани тутга чиқинглар. Акангни, синглингни ҳам айт, каттароқ идиш олволинглар”, – дейди-да, хасталиги туфайлими, аста-секин қадам ташлаб, изига қайтади. Борсак, кун бўйи тўкилган тут худди оппоқ гилам тўшалгандай ҳовли билан битта бўлиб ётарди. Биз бу “гилам”ни босмасдан, бир четдан “йиғиб” борардик. Ҳар замонда севинганиданми ҳазиллашиб, бошимиз, елкамиз оша марваридларини ташларди. Лутфулла амаки эса ҳовлининг бир кунжагига курси қўйиб ўтирар ва биз билан суҳбатлашарди. Билардик: кекса тут ҳам қилт этмай гурунгимизни эшитар, қувонганидан шохлари навозиш ила шитирларди. Аҳён-аҳён бўғжома[1] тутиб, тут қоқардик. Бунинг гашти ўзгача бўларди: бўжомага бамисоли кўкдан кумуш юлдузлар дув-дув тўкилаётганга ўхшарди... Терган тутимиздан Лутфулла амакига берсак: “Йўқ, мен тут остидаман-ку”, дерди. Барибир тутга чош бўлган бир товоқни ёнларига қўйиб кетардик.

Кунлар шу тариқа сувдай оқиб ўтди. Бир куни Лутфулла амакининг укалари оиласи билан ҳовлига кўчиб келишди. Улар келишгач, бизни тут теришга камдан-кам чорлашадиган бўлишди. Бора-бора чақирмай ҳам қўйишди. Билсак, Лутфулла амакининг тоби қочиб, аҳволи оғирлашиб қолибди. Ҳаво айниб турган куни мактабга ошиқиб кетаётсам, кўчада тумонат одам сукутга чўмиб, хомуш ўтирибди. Очиқ кўча эшигидан ҳовлида турган, устига оқ мато ёпилган тобутни кўриб, юрагим орқага тортиб кетди: “Амаки вафот этибди-да…”

Синглим йиғлаб юборди, онамнинг ҳам кўзларида ёш қалқди. Нечоғлик йиғласак ҳам беҳудалигини билар эдик. Амакининг укалари бу ҳовлига тўла эга бўлиб олишди. Тут теришга йўқлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Биз эса азим тут дарахтини, унинг марварид меваларини теришни соғинардик. Балки, у ҳам бизни қўмсаётгандир деб ўйлардим. Қадрдон тутнинг солланган чайир шохлари билан кўчадан туриб гаплашардик. Шохлардаги қушлар чуғурлашиб, гўё бизни чорлашарди. Биз эса боролмас эдик.

Якшанба куни синфдошимни йўқлаб кўчага чиқсам, худо раҳматли амакининг ҳовли эшиги рўпарасида бир тўп бола ғуж бўлиб турибди. Қизиқиб: “Бир кўрай-чи, нима гап экан”, – деб болаларнинг орасидан ўтиб, ҳовлига нигоҳим тушган заҳоти донг қотиб қолдим. Қадрдон, мунис тутимизнинг кекса танаси ярмигача чопилган. Ён-атрофга пайраҳалари сочилиб кетган. Арралаб ташланган шохлари эса уюм-уюм... Бир тўда одам тутнинг танасига арқон боғлаб: “ҳа, ҳув”, – дея зўр бериб тортқилашарди. Бу ҳол қандайдирмудҳиш қатл манзарасини эслатарди. Улар нуқул кулишар, қилаётган ишларидан негадир мамнун эдилар.

Юрагим гурсиллаб урар, кўзларимдан ёш тинмай оқар, “Тўхтанглар, бераҳмлар” деб бақиргим келар, лекин овозим чиқмасди. Уларнинг қўлларига ёпишиб, арқонларини узиб ташласам, дейман-у, аммо бунга мажолим етмасди. Ва ниҳоят: “Лутфулла амакининг руҳини қақшатманглар, ахир, бу тут сизларга мерос-ку”, – деб йиғи аралаш бўғилиб пичирладим. Лекин ҳеч кимдан садо чиқмади. Мен бағритошлардан юз ўгириб, уйга кириб кетаётганимда, тутнинг улкан шохларининг қарсиллаганини эшитдим. У гурсиллаб ерга қулаганда, ер бир сира титраб кетди. Бу тутнинг энг охирги марта айтган сўнгги сўзи,яъни “Алвидо”си эди.

Эй, инс...

Она кўнглига куз билан биргақўрқув, кўпдан кутилган бир хавотир ҳам кириб келди. Куз аста одимлай бошлади. Ваҳимага тушган Онасочлари паришон ҳолда қўлларини у ёқ, бу ёққа силкитар, куз қадамиетмас жойларгақочиб кетиши учун оёғи йўқлигидан ўксинарди. Болалари эса бир-бирлари билан ўйнашар, ҳаётнинг гўзаллиги ҳақида шеърлар айтиб мушоира қилишар, дўстлари -созанда шамолнинг баҳор ва ёзникига ўхшамаган янги куйларидан завқланибрақсга тушишар, ҳамсуҳбатлари бўлмиш қушларнингқўшиғига жўр бўлишар, энди камдан-кам кўрина бошлаган бобо қуёшга эркаланишарди. Аммо табиат қонунини ўргатишга улгурмаган Она эса…

Кунлар бирин-сиринўтиб борарди. Япроқлар Онанинг дод-войига қарамайсавдогар Кузнинг дўконидан сотиб олган сариқ рангдаги либосларини бир-бирларига кўз-кўз қилишдан чарчашмасди. Она ҳар кечқурун болаларига эрки ўз қўлида бўлган, истаса дунёнинг хоҳлаган жойига бора оладиган Инсонлар ҳақида узундан-узунэртаклар айтарди. Саргузаштларининг кўплиги ва ғаройиблиги “Минг бир кеча”лардан ошадиган бу эртакларни барглар берилиб тинглашар, инсон билан бир бора бўлса-да cуҳбатлашишни исташарди. Аммо Она-дарахт ҳикоя қилиббераётганлари эртак эканлигини айтиш ёдидан кўтарилганди.

Ниҳоят, катта фойдага эришаётган савдогарКуз табиатнинг бутун гўзаллигини сотиб олишга эришди.Бир қараганда табиат тиллаларга кўмилгандек кўринарди. Осмондаги босқинчи булутлар ою қуёшнинг юзига қора ҳижоб тортишди. Она-дарахт эса қўллари бўлмиш шохлариниюқорига кўтарганча, Яратгандан болаларини эрта хазонга айланишидан паноҳ сўраб, туну кун илтижо қиларди.

Аммо кундан-кунга сарғайиб, ҳолсизланаётган барглар энди фақатгина инсонлар билан яқиндан учрашишни, уларга қушлардан эшитган достонларини ўқиб беришни, оналари айтиб берган эртаклар ҳақида суҳбатлашишни орзу қилишарди. Сабаби эртакдаги инсонларҳам буни астойдил исташларига ишончлари комил эди.

Ниҳоят кунларнинг бирида барглар ўзаро маслаҳатлашиб, тўнғичлари орқалиўз истакларини Оналарига билдиришга жазм қилишди:

– Мана, шунча кунлардан бери бизни совуқшамоллардан, шафқатсиз жалалардан, қуёшнинг кучли қаҳридан, қушларнинг ўткир тумшуқларидан асраб келдингиз. Аммо биз ношуд фарзандларингиз, фарёдларингизга қарамай кузнинг тилларанг либосларини сотиб олишдан ўзимизни тиёлмадик. Ана шу нафсимиз оқибатида томиримиздан куч кета бошлади.Шу сабабли бизга, эҳтимол, сўнгги орзумизни амалга оширишга, яъни тунлари бедор бўлиб айтиб берадиган эртагингиздаги ўша инсон билан учрашишга аҳд қилдик. Илтимос, онажон, бизга ёрдам беринг. Оқ фотиҳангиз керак.

Она фарзандидан бу гапларни эшитаркан, “дод” дея ҳайқириб юборди. Бу нидодан осмону ер ларзага келди. Унинг акс-садосиқишу баҳор, ёзгача етиб бориб, уларни ҳам титратиб юборди. Ҳатто Онанинг бундай оҳини эшитган Куз ҳам қилган ишларидан қаттиқ афсусланди. Шамол эса дарахт фарзандларининг муддаосини эшитгач, “ув” тортганча булутларга етказди, қора булутлар ҳам баргларнинг бу истагидан даҳшатга тушиб, дув-дув ёшларини тўка бошлади. Шунда Она оғир ҳорғинлик билан сўз бошлади:

– Дилбандим, сизлар тунлари тинглайдиганингиз аслида эртак эканлигини айтишдан чўчирдим. Ҳа, шу кунгача сиз яхшиликка етаклайди деб ҳисоблайдиганларингиз армонга айланган орзулардан тўқилган эртак эди. Ҳеч қачон ўз ҳақиқатини топмаган эртак! Бу фикрингиздан қайтинглар. Эртак бошқа, ҳаёт бошқа!

–Тушуна олмаяпман, онажон, армон нима дегани? Бу ҳақда ҳеч айтмаган экансиз. Ҳа, майли, нима бўлганда ҳам, ана шу истагимиз учун йўл очиб беринг. Ҳеч бўлмаса фақат менга рухсат беринг. Улар билан бир бора суҳбатлашишимга изн беринг, жон Она! Ахир сиз эртакларингизда инсоннинг Аллоҳ томонидан яратилган олий махлуқот эканлигини кўп маротаба уқтирардингиз-ку! Наҳотки, сиз айтишга чўчиганингиз – армон шу бўлса?! Наҳотки, онажон?!

Она-дарахт бу саволга ҳеч қачон жавоб бера олмаслигини англаган ҳолда узоқ сукут қилди. Ана шу сукут болаларининг бир вақтлар куртаклаганию гулдай очилгани, яшилликда яшнаганию ҳозирги сўлғин қиёфаларини онанинг кўз олдидан бир-бир ўтказа бошлади. Ва ниҳоят, фарзандларига айта олмаган изтироблари ичидан ўтли бир “Оҳ” бўлиб отилиб чиқди ва эртага Кундуз меҳмонга келганида рухсат беришини айтди.

Тўнғич барг иниларига, сингилларига гўёки қувончли бўлганхабарни етказди. Уларнинг Инсонга бўлган қизиқиш ва муҳаббатлари чексиз эди.

Мана, ўша кун ҳам етиб келди. Бутун борлиқ рўй беражак мўъжизани ё фалокатни кузатиш учун кўзга айланди ва вақтни тўхтатиб қўйди. Мана, тўнғич барг укалари, сингиллари билан видолашаркан, деди:

– Мен инсонга албатта сизлар ҳақингизда, меҳрибон Онам ҳақида айтиб бераман. У билан узоқ суҳбатлашаман. Сўнг, сизлар билан уни таништириш учун бу ерга олиб келаман. Шунда унга ўз шеърларимизни, достонларимизни, қўшиқларимизни ва улар ҳақидаги эртагимизни айтиб берамиз. Кейин у ҳам бизга биз ҳақимиздаги ўз эртагини айтиб беради. Мени албатта кутинглар, қадрдонларим, сиз ҳам, муштипарим, фақат мендан ранжиманг! Дийдорлашгунча!

Она-дарахт кўзларини маҳкам юмганча, дуо қилишдан асло толмайдиган қўлларидан тўнғич фарзандини аста қўйвора бошлади. Юраги ҳаприқаётган барг бир силкиниб онасининг қўлидан юлқиндиюпастга қараб оҳиста парвоз этди. Шу пайт Она-дарахт қўлларини кўкка етгудек кўтарганича, силкина-силкина кўзида ёш билан Яратганга ёлвора бошлади:

– Ё Қодир Эгам, сўнги илтижомни қабул қил, ўтинаман, бир онанинг сўнгги тилагини ижобат айла! Тўнғичимнинг эндиги аҳволини қолган болаларимга кўрсатма, ёлвораман. Улар акасининг қай кўйга тушишини кўришмасин,ўтинаман, ё Раббим!

Она-дарахтнинг илтижолари тугар-тугамас, қалин туман сузиб келди-ю дарахт болаларини ўз бағрига олди. Натижада ҳаяжон билан кузатиб турган баргларнинг кўзига ердаги акалари кўринмай қолди. Фақатгина Она-дарахт юрагини тешиб ўтаётган аламли йиғи билан ҳозиргина фарзанди турган ердан кўз узмасди. Борлиқ эса ҳамон жим.

Ерга енгилгина қўнган барг интизорлик ва қувончли бир ҳаяжон биланэртакдаги ўша Инсонни кута бошлашади. Атроф эса нафас чиқарса кимдир сезиб қоладигандек сукутда. Мана, ниҳоят аста одимлаб келаётган қадам товушлари. Узоқдан бир қора шарпа ғира-шира кўзга ташланяпти. Тўнғич баргга бутун борлиқда фақатгина юрагининг тобора қаттиқроқураётгани янграётгандек туюларди. Она-дарахтнинг юраги ҳам ердаги фарзандининг юраги билан бир хил тарзда урарди: Дук-дук, дук-дук, дук-дук. Шарпа яққолроқ намоён бўла бошлади. Дууук-дууук-дууук. Ана, инсон қиёфаси бир-икки қадамдан сўнг баргнинг ёнида бўлади. Суҳбатни бошлашга ҳозирланди Барг:

– Салом, эй Инс…

Гапи охирига етар-етмас барча орзуларининг тимсолига айланган ўша Инсон уни оёқлари билан эзғилаб ўтиб кетди. Орқасидан қуриган баргларнинг қисирлашига иштиёқманд бўлган яна бири келиб, уни икки-уч маротаба босганча йўлида давом этди. Ерда эзилиб ётганОна-дарахтнинг тўнғич фарзанди барча мадорини тўплаб сўнги сўзини айтди:

– Онажон, мен, албатта, қайтаман, ҳа, албатта қайтаман, фақат эртакдаги ўша инсонга айланиб…

Акаларининг азобли овозини эшитиб, оналаридан рухсат сўрашни ҳам унутганча япроқлар ерга дувва ёпирилишди. Шу пайт узоқдан қўлларига узун супурги кўтарган яна икки қора шарпа кўринди. Улар етиб келганда япроқлар савол беришди:

– Салом эй инсон, акамизни нега...

Уларнинг овозини ногаҳон таралган “ширт-ширт” деган овозлар босиб кетди, ака-укалар бир-бирларига остин-устун бўлиб қалашиб қолишди ва Она-дарахт остида катта уюм пайдо бўлди. Сўнгра оппоқ ва аччиқ тутун юқорига ўрлади ва онанинг танини мотам либосидай қоплаб олди.

Бир оз муддат ўтгач, воқеа содир бўлган жойдан узоқлашаётган бояги Инсонлар даҳшатли гурсиллаган товушдан сесканиб кетишди.

Сурхайлни кўрдим

Баҳорнинг ўрталари. Бугун ҳам менга доим ҳамроҳ бўладиган йўллардан “Пахтакор” стадиони бўйлаб кетаяпман. Ён-атроф тақдирнинг ҳукмидан чиқмайдиган асир ва асиралари билан гавжум. Кўчалар бўйлаб кезиб юрган шунча хаёллар, умидлар, орзулар, истаклар ҳам сершовқин шаҳарда инсонлар билан бирга ҳаёт кечиряпти.

Бугун ҳам ҳаво илиқ. Уйга етиб олишим учун яна бир оз йўл юришим керак. Атрофдаги гўзаллик менга керак бўлган ўша “бир оз”ни унутишимга ёрдам беради. Қуёш ҳар саҳар кўзини ёшлайдиган майсаларни овутиш билан ҳалиям банд. Қушлар барглар шивиридантўқиган достонларини завқ билан бир-бирларига ўқиб беришдан чарчашмаяпти. Улар орасида булбул ҳам, зоғ ҳам, мусича ҳам, чумчуқ ҳам бор. Дарахтлар эсатабиат дўконидан зангори рангдаги либосларни сотиб олишмоқда. Капалаклар эса бир кунлик умрларини қандай ўтказмоқчи эканликларини гулларга сўзлаб беришяпти. Табиатдан анқиб турган ана шундай нафислик бутун вужудингизни қамраб олиб, ихтиёрингизни сизни манзилингизга элтишни мақсад қилиб олганқадамларингизга беради.

Фақатгина бир неча қадамлардан сўнг тўрт фаслда ҳам икки баҳайбат шохлари қуриган ҳолда мунғайиб тургувчи дарахтга дуч келаман. У менга табиатнинг ана шундай гўзал юзига қўйилган беўхшов холдек туюлаверади. Унга ҳар сафар дуч келганимда кўнглимда аллақандай ғашлик пайдо бўлади.

Ана, кўча четида елкаларига миниб олган ташвишни кўтаролмай қаддини букиб юргувчи ўша икки кампир. Уларнинг юзларидаги тармоқлаб кетган ажинларига ҳаётнинг сиғдириб ёзаётган мактубларини бемалол ўқишингиз мумкин. Одатдагидай, олдиларидаги кичкина қўлбола пештахта устида турли хил тамакилар саф тортган. Одатдагидай кампирлар жағларига дам беришмайди, ўзаро ё ғийбат, ё суҳбат. Одатдагидай мен ҳам уларнинг олдидан ўтиб кетяпман. Аммо тўсатдан ҳар қандай нарсани эшитишга маҳкум этилган, ихтиёри ўзида бўлмаган қулоқларимга уларнинг гаплари чалиниб қолди:

– Ўргилай, бугуни билан дуо қилиб чиқиш эсингиздан чиқмасин-а?! Эртага ҳал қилувчи ўйин эмиш.

– Ҳа-я, илоҳим бу ўйинда ҳам, ишқилиб, бизнинг Ўзбекистон ютқазсин-да.

Ушбу гаплар давомли хаёлларимга зарб билан қўйилганнуқта бўлди. Қиз бола бўлсам-да футболга болалигимдан иштиёқим баланд бўлиб, ҳар бир ўзбек фарзанди каби Ўзбекистон терма жамоасини рақиб давлатлар олдида боши эгик ҳолда кўришга тоқат қилолмайман. Кампирлардан бир оз ўтиб таққа тўхтадим. Мени дуоибад қилишаётгандек ларзага тушдим. Калламда чарх ураётган “Ахир нима учун? Нега?” деган саволлар мени кампирлар олдига қайтарди.

Ҳайратга қорилган ҳижолатомуз оҳангда гап бошладим:

– Кечирасиз, ўтиб кетаётиб бехосдан гапларингизни эшитиб қолдим. Нима учун Ўзбекистоннинг мағлуб бўлишини астойидил истаяпсизлар?

Улар бир-бири билан кўз уриштириб, ҳайратомуз нигоҳларини оёғимдан бошимгача югуртириб чиқишди. Ифодасизлик акс этган юзлари бир муддат сукутда қотиб қолди. Сўнгра деярли ҳар куни шу йўлдан ўтувчи таниш қиз эканлигимни инобатга олишди чоғи, саволимни қизиққонликка йўйиб, лабларининг тепасини кўсаларникидек сийрак тук қоплагани тушунтира бошлади.

– Э, сан ниманиям тушунардинг. Ахир Ўзбекистон билан бўладиган ўйинларда неча минглаб одамлар бу стадионга келишини биласанми? Агар футболда бизаникилар ютқизса ўша минглаб одамлар сиқилади, асабийлашадими? Ана шунда бизнинг сигареталаримизни тинмасдан сотиволишади. Қарабсанки, уларнинг асабийлашуви жарақ-жарақ пулга айланади-қолади, – деди-ю ҳар иккаласи қўл ташлашиб, қаҳ-қаҳ уришди. Шу вақт қаршимда Алпомишни зиндонга ташлаганидан мамнунлик билан иржаяётган Сурхайл кампирнинг икки сиймоси намоён бўлди. Ҳа, мен Сурхайлни кўрдим! Уларни бошқа ҳеч кимга менгзаёлмайман.

Тирикчилик-да, дейсизми? Йўқ, бундай дуолар қилиб тебратилган тирикчиликка лаънатлар бўлсин! Ахир бу Ўзбекистон дегани, Сиз дегани, Мен дегани, Биз дегани эмасми?! Ўшанда доим эшитишга, ўқишга одатланганимиз “Юрт шаъни” деган тушунчани илк бор ғазабдан титраётган бутун қалбим, бутун вужудим биланҳис қилдим.

Йўлда давом этар эканман, кўзим фақат кампирларнинг гапларини эшитиб, бундай фожеа учун аъзадорлик либосини кийган табиатнинг қора рангини кўрарди. Мен эса юрагимга санчилган ўша пичоқ зарбининг оғриғига базўр дош берганчауйга етиб келдим.

Бир оз дам олиб, ўзимга келиб олдим. Лекин эртага... эртага яна ўша на гуллайдиган, на барглайдиган, на мева берадиганўша иккита қуриган баҳайбат шохлик дарахтгадуч келишимни ўйлаб кўнглим ғашланди.

[1] Бўғжома – тут қоқилганда тутиладиган мато, чойшаб.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?