Туркия Ўзбекистонга 50 та сунъий нафас олдириш аппаратини тақдим қилди

21:10 21 Май 2020 Жамият
99 0

Туркия ҳукумати томонидан тақдим этилган инсонпарварлик юки “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг 21 май куни Истанбулдан парвоз қилган махсус чартер рейси орқали Тошкентга етказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Ушбу саховат ёрдами Туркияда ишлаб чиқарилган 50 та сунъий нафас олдириш аппаратидан иборат. Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси Туркия муҳандислари ишланмасини Ўзбекистон эҳтиёжлари учун беғараз асосда тақдим этилиши масаласини ишлаб чиқди.

Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар бош бошқармаси раҳбари профессор Салим Қиличнинг қайд этишича, Туркиянинг ўзида ҳам ушбу қурилмаларга бўлган талабнинг тўлиқ қондирилмаганига қарамасдан, мамлакат биродар Ўзбекистонга зарур тиббий ускуналарни тақдим қилди.

— Ушбу сунъий нафас олдириш аппарати Туркиянинг “Arçelik”, “ASELSAN”, “Baykar Makine” ва “Biosys” каби йирик компаниялари муҳандислари томонидан яратилган, – дейди у. – Янги тиббий ускунанинг биринчи 100 таси Истанбулнинг Башакшеҳир туманидаги шаҳар шифохонасига топширилган. Уни оммавий тарзда ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш ишлари “Arçelik” фабрикасида ташкил этилди. Корхонада кунига 250 та ана шундай мосламани тайёрлаш ўзлаштирилди.

Мутахассислар фикрига кўра, Туркиянинг сунъий нафас олдириш аппарати бошқа кўплаб муқобилларига қараганда рақобатбардош ва юқори сифатга эга.

Олиб келинадиган тиббий ускуналар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига COVID-19 коронавирусига қарши курашишда фойдаланиш учун топширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?