"Тоза ҳудуд" корхонаси умуман ишламаяптими ёки бир шикоят изидан

00:37 02 Июнь 2020 Жамият
263 0

Жалақудуқ туманидаги Жанубий Оламушук шаҳарчаси бир пайтлар жуда файзли бўлган. Бу ерда нефтчилар меҳнат қилиб, истиқомат қилганликлари боис бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаганлар. Шу боис бўлса керак, ҳудуддаги барча муаммоларни ўзаро ҳал қилардилар.

Орадан йиллар ўтди. Замон ўзгарди, жумладан, одамлар ҳам... Гуллаб-яшнаган боғлар қурий бошлади. Эски асфальт йўллардан қоқилиб юришга кўникди улар. Адирликка туташ манзилдаги файз ўча бошлади. Бироқ, бу манзара ижобий ўзгарадиган пайтлар ҳам бор экан.

Сўнгги йилларда Андижон вилояти ҳақиқий бунёдкорлик марказига айланди. Қай бир кўчага разм солманг, қурилиш ишларига гувоҳ бўласиз. Янги бино қад ростлашию, эскисини таъмирлаш ишлари одатий холга айланди. Жумладан, Жанубий Оламушук шаҳарчасидаги 26 та кўп қаватли уйнинг барчаси таъмирланди. Йўллар созланди, ичимлик суви қувури янгиланди.

Ҳаётдаги, жамиятдаги жараёнлар замондошларимиз дунёқарашини ҳам ўзгартириб юборди. Бугунги кун фуқароси ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган, керак бўлса талаб қиладиган шахсга айланди. Бу яхши, албатта! Бироқ, ҳуқуқини талаб қилган фуқаро бурчини ҳам унутмаса ундан ҳам яхши бўларди...

Ҳамма гап шундаки, фуқаролар мурожаатига асосан Жалақудуқ туманига неча бор ташриф буюрган бўлсак, барчаси Жанубий Оламушук шаҳарчасидаги А. Навоий номли МФЙга тегишлидир. Бир гал аҳоли бандлиги масаласини ўрганган бўлсак, кейинги сафар тоза ичимлик суви таъминотидаги муаммолар билан қизиқдик. Хуллас, бу сафар чиқиндихонага тааллуқли эътироз билан яна бир бор ушбу манзилга қадам ранжида қилдик.

“Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Жанубий Оламушук шаҳарчаси А. Навоий МФЙ ўрамидаги ҳудуд 2 ойдирки, тозаланмаяпти. "Тоза ҳудуд" корхонаси умуман ишламаяпти. Бу ер ахлат ва дайди итлар маконига айланиб қоляпти. Мутасаддилар ҳудуд тозалигига эътибор қаратсин”,-дейилади мурожаатда.
 

Аслини олганда, мутасаддилар ҳудуд тозалигига ҳар доим эътибор қаратиб келганлар. Шу боис ҳам ҳафтада маълум кунларда "Тоза ҳудуд" ДУКга қарашли транспорт воситалари шаҳарчадаги 3 та МФЙнинг ҳар бир кўчасига кириб, тўпланган чиқиндиларни бевосита хонадонларнинг ўзидан йиғиб олади. Демак, аҳолининг ҳудуд чеккасидаги чиқиндихонага овора бўлиб боришларига ҳам ҳожат йўқ экан-да! У ҳолда бу ахлатхона қандай пайдо бўлди?

“Ҳудудимизда 5 та ноқонуний чиқиндихона мавжуд бўлган. Мутасадди идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аҳоли орасида мунтазам тушунтириш ишлари олиб бордик. Керак бўлса жарима чорасини қўлладик. Шу тариқа босқичма-босқич 4 та чиқиндихона фаолиятини тўхтатдик. Бугунги кунга келиб 1 та ахлат тўкиш маскани мавжуд. "Тоза ҳудуд" ДУК томонидан чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилаётган бир пайтда бу ахлатхонага ҳожат йўқ. Лекин у шаҳарчамизни қўшни қишлоқлар билан боғлаб турувчи йўлда жойлашганлиги сабаб турли транспорт воситаларида дуч келган одам ахлат ташлаб кетмоқда”,-дейди А. Навоий номли МФЙ раиси Маҳбубахон Турсунова.

“Ушбу ахлатхона расмий мақомга эга эмас. Шунинг учун бу масалада "Тоза ҳудуд" ДУКни айблаш ноўрин. Шундай бўлишига қарамай, чиқиндиларни олиб кетиш вазифасини корхона зиммасига юклаганмиз. Ушбу маскан охирги марта шу йилнинг 5 май куни тозаланган. Ҳудуд ҳар доим назоратда. Бу ердаги ҳаракатларни кузатиб бориш мақсадида кузатув камераси ўрнатилган. Унинг ёрдамида сўнгги ойнинг ўзида 4 нафар фуқарога нисбатан чора кўрилган. Уларнинг барчаси ўз транспорт воситалари орқали манзилга ахлат тўкиш ҳолатини содир этиб, ҳудуддаги санитария-гигиена қоидаларини қўпол равишда бузганлар”,-дея суҳбатни давом эттирди вилоят экология бошқармасининг туман бўлими раҳбари Салоҳиддин Арипов.
 

Хуллас, ҳудуддаги чиқиндихона мутасадди идоралар ишчилари томонидан тозаланди. Бу ишларни амалга ошириб бўлгунича соат тунги 23 бўлди. Эртаси куни тонг саҳарда манзилда бўлиб, не кўз билан кўрайликки, яна ахлат тўкилган. Шунда яна бир бор ўз ҳуқуқини талаб қилган замондошларимиз бурчини ҳам унутмасалар яхши бўларди, деган фикр ўтди хаёлимиздан. Биз бежизга БУРЧ ҳақида гапирмадик. Зеро, бугун сўз эркинлиги кенг қулоч ёйган бир пайтда ҳамма нарсани гапирсам бўлаверади, деб тилимизга эрк беришни ўргандигу, бурчимизни бажаришга келганда... Биз ҳали аҳолининг фойдаланилган тоза ичимлик суви, чиқинди, электр энергияси ва табиий газдан бўлган тўловларни амалга ошириш борасидаги бурчини қай даражада амалга ошираётганликларига тўхталмадик. Зеро, бу алоҳида мавзу! Бироқ, шундоққина остонасигача транспорт воситаси келиб чиқиндисини олиб кетаётган бир пайтда деярли 500-1000 метр масофани босиб, белгиланмаган жойга ахлат тўкиш ҳолатини қандай тушуниш мумкин? Гап «Тоза ҳудуд» ДУКга хизмат учун тўланадиган тўлов маблағида бўлса қўлланиладиган жариманинг миқдорини ҳам эслатиб қўйиш ўринлимикан, деб ўйлаб қолдик.

Хуллас, ободлик кўнгилдан бошланмас экан, ҳеч нимани ўзгартириб бўлмайди...

Саминжон ҲУСАНОВ, 
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?