Тошкент шаҳар ҳокимияти халқни алдадими? 191 фуқаронинг қарор билан берилган ерлари тортиб олинмоқда

18:18 05 Июль 2019 Жамият
906 0

Таҳририятимизга Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасида яшовчи фуқаролардан шикоят келиб тушди. Унда мазкур ҳудуд аҳолиси қонун доирасида олган ерларидан фойдалана олмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган. Жами 29 нафар фуқаро томонидан имзоланган мазкур хатни ҳеч қандай ўзгартиришларсиз сизга тақдим этамиз. Мутасадди ҳокимликлар бу борада ўз муносабатларини билдиради деган умиддамиз.

Сизга маълумки, кейинги икки йилда мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, бу борада ҳамма ҳудудларда ҳам ишлар силлиқ кечаяпти, деб бўлмайди. Масалан, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасидаги ер-участкаларга эгалик ҳуқуқи берилган, бироқ бу ҳуқуқдан фойдалана олмаётган биз сарсон-саргардонлар шу кунларда дуч келган муаммо юқоридаги фикримизга бир далил бўла олади, деб ўйлаймиз.

Биз Тошкент шаҳар ҳокимининг 2013 йил 30 январдаги “Кўп қаватли уйларда жойлашган хусусий квартирасини туман ҳокимликлари ихтиёрига топширувчи фуқароларга ер участкалари ажратиш ҳақида”ги 79-сонли қарорига мувофиқ, шаҳардаги 2 хонали квартираларимизни М.Улуғбек туман ҳокимияти ихтиёрига, ўз хоҳишимизга кўра, барча ҳужжатларни расмийлаштирган ҳолда топширганмиз. Эвазига Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан ҳар бир 2 хонали уй учун Мирзо Улуғбек тумани “Ўқитувчилар” кўчаси бўйлаб уй-жой қуришга 400 кв.м. ер участкаси ажратиб берилган эди.

Муҳими, пешана теримиз, меҳнату заҳматимиз эвазига топган маблағимизга яхши ниятлар ва хотиржамлик билан мазкур ерда янги қурилишларни бошлаб юбордик. Бунинг учун барча ҳужжатлар тақдим қилинган ва тегишли давлат ташкилотларидан қонуний тасдиқдан ўтказилган, албатта.

Аммо шу йилнинг бошларидан биз эзгу ниятлар билан бошлаганимиз – қурилиш ишлари тўхтатилар экан, деган хабар тарқатилди. Бу борада туман ер-кадастр бўлимига, шаҳар архитектура ташкилотига, туман ҳокимлигига ва шаҳар прокуратурасига оғзаки равишда бир неча бор мурожаат қилдик. Аммо ҳеч ким тайинли бир жавоб айтмади. Фақат “қурилишга ҳозирча рухсат йўқ, қурмай туринглар”, деган жавоб билан чекланишди,холос. Бу мавҳум жавобнинг сабабу тафсилотлари биз учун ҳануз сирлигича қолмоқда.

Ахир юртимизда мулкчилик билан, ер ажратиш, уй-жой қуриш билан боғлиқ Қонунлар бор, ҳукуматимизнинг Қарору Низомлари мавжуд. Боз устига Тошкент шаҳар ҳокимининг Қарори юридик ҳужжат ҳисобланмайдими.

Хўш, бизга ажратилган ер-участкаларида бошланган қурилиш ишларимиз тўхтатилар экан, аввало, нега бу ҳудуддан ер-участкаси ажратиб берилди?! Масъулларнинг кўзи қаёқда эди? Кейин биз қилган харажатларни ким тўлайди?! Ким бизнинг шаҳардаги шароити бемалол кириб яшашга мўлжалланган 2 хонали квартираларимизни қайтариб беради?! Шунча кетган вақтимиз, оворагарчилигимиз, кутиш ва турли хабарлардан чарчаган асабларимиз товонини ким тўлайди? Хуллас, саволлар кўп. Жавоб эса....

Биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ихтиёрига топширган 2 хонали квартираларимизга аллақачон ҳокимлик қарори билан бошқа шахслар ёки оилалар кириб яшамоқда. Квартираларимиз ҳисобига берилган ер-жойга эса ўзимиз эгалик қилолмасак, қурилиш ишларини давом эттира олмасак, қурилган ҳовлиларимизга кўчиб кира олмасак, бу қайси адолатли жамиятнинг мезонларига тўғри келади? Бизнинг топталган ҳуқуқимиз, сарфлаган вақтимиз, ички изтиробу ҳасратимиз учун ким ва қайси ташкилот масъулиятни ўз зиммасига олади? Ахир демократик жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, одиллик ва инсонийлик тамойиллари бош қомусимиз – Конститутциямизда ҳам белгилаб қўйилган. Аниқроқ айтганда, гўё бизнинг шахсий мулкимиз бўлган 2 хонали квартираларимизни Тошкент шаҳар ҳокимлиги алдов йўллар билан ўзлаштириб олгандек тасаввур уйғонмоқда. Ахир қонунан – Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига асосан ҳовли-жой қуриш учун олинган ер-мулкка эгалик тўғрисидаги ҳужжат қўлимизда бўла туриб, бизга қурилишга, қурган уйларимизга эгалик қилишга, унга кўчиб ўтиб яшашга рухсат беришмаяпти. Бу эса одамлар қалбида давлат ва ҳукуматга, мансабдор шахсларга бўлган ишончсизлик туйғуси илдиз отишига, эртаги кунга кўтаринки кайфият билан қараш ҳиссининг хиралашувига сабаб бўлмайдими.

Апрель ойида туман ҳокимлигидаги масъул ходимларнинг тавсияси билан Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига мазкур масала бўйича мурожаат қилдик. Улар расмий маълумот тақдим этмаган бўлса-да, бизнинг қурилишни давом эттириш ҳақидаги даъвойимиз “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 03 мартдаги 23/70-сонли баёнининг 22-бандида берилган топшириққа кўра қайтарилди” деган хатни кўрсатишди. Унда “Ушбу баённомага кўра Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 9 февралдаги 105-сон “Якка тартибда уй-жой қуришга мўлжалланган ер майдонлари ажратиш ҳақида” қарорига асосан Мирзо Улуғбек тумани, Ўқитувчилар кўчасида жойлашган ер майдонида ер ости суви сатҳи кўтарилиб кетаётгани сабабли якка тартибдаги турар-жой биноларини қурилиш ишлари бошланган участкаларнинг мулкдорларига белгиланган тартибда қурилишни тўхтатиш бўйича огоҳлантириш хати бериб, қурилиш ишларини вақтинча тўхташ чораларини кўриш белгиланган” деб ёзилган. Аммо бу ҳақда ер эгаларига расман маълум қилинмади.

Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига қилган мурожаатимизга Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан “Мирзо Улуғбек тумани, Ўқитувчилар кўчасида жойлашган 13,7 гектарли ер майдони шаҳар ҳокимининг 09.02. 2015 йилги “Якка тартибда уй-жой қуришга мўлжалланган ер майдонлари ажратиш ҳақида” 105-сон қарорига асосан “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясига ажратиб берилган.

Шундан сўнг ушбу ҳудуд ҳар бирининг майдони 400 кв.м.дан иборат 191 та ер участкасига бўлиниб, фуқаролар орасида якка тартибда уй-жойлар қуриш учун тақсимланган.

Айни вақтда мазкур ҳудудда ер ости сув сатҳи кўтарилиб кетганлиги сабабли, шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан мутасадди идораларга хатлар юборилиб,фуқароларга бошқа жойдан ер майдонлари ажратиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги билдирилган” деган биз учун мутлақо тушунарсиз жавоб берилди.

Аввало, биз шаҳар прокуратурасига мурожаат қилмадик, нега энди бизга прокуратурадагилар жавоб қайтаришганига тушунмадик. Ахир, барча ҳужжатларимиз асосли ва қонуний тартибда тасдиқланган.

Қизиғи шундаки, биз қурилиш ишларидан олдин геодезия ва гидрология ходимларини чақириб, ер ости сув сатҳини текширтирганмиз ва улар уй-жой қуришга тўла жавоб бериши ҳақида хулоса берган. Аслида, бундай масалалар ер-участка ажратишдан олдин ҳал қилинмайдими ёки тегишли хулосалардан ҳам кўз юмиляптими, буёғи бизга қоронғи.

Ушбу ҳудудда янгидан барпо этилган уйларнинг3-4 метрли ертўлаларига кириб кўрган ақли роса киши ер ости сув сатҳи билан боғлиқ масала жўн бир баҳона эканлигини тушуниб етади.

Кейин сув сатҳини биздан еримизни тортиб олмоқчи бўлаётганларга қайси ташкилот, қачон аниқлаб берган экан.

Мана шундай тушунарсиз, мавҳум ва мужмал жавоблар, турли деди-дедилар гирдобида биз вақт йўқотяпмиз, умримизни сарфлаяпмиз, маблағимиз ва соғлигимизни бой беряпмиз... Бизда ҳам важлар кўп, қонун –қоидалар назаримизда биз томонда.

Ҳушёр қаралса, муаммомиз оддий. Биз қонуний еримизга уй-жой қурмоқчимиз, бор йўғу шу. Кимдир 191 нафар фуқаро (улар орасида Афғон уруши иштирокчилари ва ногиронлари ҳам бор)нинг қонуний ерига кўз тикиб, тортиб олиш илинжида бўлса, Қонунларимиз, адолатпарвар Президентимиз, оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Халқ сўзи” газетаси бизни ўз ҳимоясига олар, деган умидда Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасидаги ер-участкаларга эгалик ҳуқуқи берилган фуқаролар номидан ушбу мактубни битдик.

(Хатнинг асл нусхасига жами 29та имзо қўйилган)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019