Тошкент метрополитени: саволлар кўп, жавоблар эса...

16:52 26 Декабрь 2019 Жамият
1994 0

Фото: gtn.uz

Метро — ерости меъморчилигининг дурдона намунаси. У нафақат транспорт тизими, балки туризм ривожида муҳим аҳамиятга эга.

Президентимиз ташаббуси билан бугунги кунда мазкур тармоқда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Юнусобод йўналиши узайтирилмоқда, янги Сергели йўли, бутун Тошкент бўйлаб ўтадиган ерусти метро ҳалқа линияси барпо этилмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда Россиянинг “Метровагонмаш” акциядорлик жамияти томонидан Тошкент метрополитени учун замонавий янги вагонлар юртимизга келтирилди. Метробекатлар ичида фото ва видеотасвирга олишга рухсат берилгани ички ва ташқи туризмда яна бир сезиларли янгилик бўлди, десак янглишмаймиз.

Шу билан бирга, Тошкент метрополитенини жаҳон талабларига мослаштиришда яна қайси жиҳатларга эътибор қаратилиши лозим?

Қор-ёмғирли мавсумларга қай даражада тайёрмиз?

Янги метро бекатлари барпо этилиши, йўналишларни шаҳримизнинг чекка қисмигача етказилиши барчани бирдай қувонтиради, албатта. Метро қулай, асосийси, хавфсиз бўлса, кимга ёқмайди дейсиз? Аммо метро қурилиши жараёнида хавфсизлик талабларига тўла амал қилинмаётгани яқинда рўй берган ҳалокат ҳам кўрсатди. Кучли ёмғир ёғиши оқибатида ернинг ўпирилиши ва бир неча ишчиларнинг ер остида қолиб, ҳалок бўлгани кўпчиликни қайғуга солди. Тўғри, давлатимиз томонидан ҳалок бўлганларнинг оилаларига 100 млн. сўмдан ёрдам пули ажратилди. Аммо бу эътиборсизликнинг ювилиб кетиши учун жавоб бўла оладими? Бу ҳол кўпчиликда биз қор-ёмғирли мавсумларга қай даражада тайёрмиз, қабилидаги саволлар туғилишига сабаб бўлди.

Аммо мавжуд метролар-чи, улар ҳам ёғингарчилик мавсумлари олдидан техник кўрикдан ўтказиладими? Ушбу саволга жавоб олиш учун “Ўзбекистон темир йўллари” ахборот-таҳлилий медиа маркази раҳбарига мурожаат қилганимизда, “техник кўрик ўрнатилган тартибда ва белгиланган меъёр ва талаблар асосида амалга оширилади” деган жавобга эга бўлдик. Тўлиқ маълумот олиш учун хат билан мурожаат қилиниши кераклигини қўшимча қилиб ўтилди. Ҳар бир ишда тартиб, қонун-қоида бўлгани яхши албатта. Бироқ шу биргина маълумот учун қоғозбозлик қилиб юриш керакмикан, сўз эркинлиги қайда қолади, деган савол ҳам туғилади ногаҳон.

Саволлар кўп, жавоблар эса...

Айрим юртдошларимиз фикрича, аксарият метро ходимлари ўз ҳудудининг атрофида жойлашган муассаса ва ташкилотларни билмайди. Аслида метрополитен назоратчиларининг асосий вазифаси нафақат йўловчилар хавфсизлигига эътибор бериш, балки жонли йўл харитаси вазифасини ҳам бажариши керак, назаримизда. Зеро, йўлдан адашган йўловчи метрополитен ходимларидан бошқа кимдан йўл сўрайди?

— Хориж сафарларида юрганимда Европа метро оламидаги тартибга, шароитларга жуда ҳавас қилганман. — дейди Халқаро Османия университети талабаси Ўткир Алимов. — Қўлида юки бор ёки йўлни билмай адашиб қолган ҳар бир йўловчига назоратчилар ёрдамга шайланиб туради. Агар жаҳон тажрибаси билан солиштирадиган бўлсак, бир мисол, Ҳиндистонда деярли барча штатларда метро бор ва бекатлардаги хизматлар электронлаштирилган. Масалан, метробекатлар ва уларнинг атрофида қандай ташкилот ёки шохобчалар жойлашганини кўрсатиб турувчи “Delhimetrorailways” номли махсус дастур яратилган, уни одамлар интернетдан юклаб олади ва у орқали манзилни адашмай топиб бориши мумкин. Қолаверса, метрога киришда жетонлардан эмас, “smart card” деб аталувчи махсус картадан фойдаланилади. Одамлар бир марта 75 рупияга мана шундай карта сотиб олади ва унга то карта муддати ўтгунча (икки йил) пул солиб, метродан бемалол фойдаланиб юришлари мумкин. Бу каби жиҳатлар эрталабки ва кечки тирбандликни енгиллаштиради, шу билан бирга йўловчилар адашмай, ўз вақтида манзилга етиб боришига имкон яратади. Назоратчидан йўл сўрашга ҳам ҳожат қолдирмайди.

Албатта, бизда ҳам “Humo” карталаридан фойдаланишга имкон яратилди-ку, деган ўй келиши мумкин хаёлингизга. Тез орада бу оммалашишига умид қиламиз. Аслида Тошкент метрополитенида ҳам мақтаса арзигулик кўплаб жиҳатлар бор. Масалан, тозаликка қатъий риоя қилиниши энг кўп диққатга сазовор жиҳатлардан биридир, десак янглишмаймиз. Қани эди еростидаги мана шу озодалик тартиб-интизомига ер устида ҳам риоя қилсак... Афсуски кўпчилик бу ёзилмаган қоидага (ёзилган тақдирда ҳам!) амал қилмайди. Назоратчиларга келсак, улар ўз ҳудуди атрофида жойлашган муассаса ва ташкилотлардан ҳамиша бохабар бўлиши талаб қилиниши лозим. Тўғри, Тошкент метрополитенининг марказий бекатларида электрон йўл харитаси ишга туширилган. Аммо ушбу технология нафақат марказда, балки ҳар бир бекатда керак.

Куннинг тирбанд вақтларида нима қилиш керак?

Ҳар куни эрталаб ва оқшом пайт жамоат транспортлари тирбанд бўлади. Тонгда кимдир ишга шошилади, кимдир ўқишга, оқшом эса ҳамма уйга қайтади. Шундай пайтлари метро поездлари орасидаги регламентни янада қисқартириш керакдир эҳтимол. Ёки вагонларни маълум даражада кўпайтириш... Шунда ерости транспортидаги тиқилинч қисман камайиши мумкин, тўғри эмасми? Бундан ташқари, метро бекатларда ёшларнинг дарс қилишга мўлжалланган жойлар оммалашиши керак. Аксарият хориж метролари (масалан, Москва метроси) эртаю кеч ишлайди ва талабалар тонггача бемалол дарс қилиш имкониятига эга.

Яна бир ҳолат: метрога тушар экансиз, назоратчилар сизни кутиб олади, хавфсизлик учун, хизмат юзасидан сумкангизни текширади. Юртимизнинг чекка ҳудудларидан келган юртдошларимиз, айниқса, аёллар учун баъзан бу ноқулай туюлиши мумкин. Ҳали турар жойи тайин бўлмаган одамлар, айниқса, талабалар ҳамма юкини ўзи билан бирга олиб юради. Аксарият туристлар ҳам шундай. Пойтахтга илк марта келган одам метронинг ички тартибидан бехабар бўлиши табиий. Сумканинг обдон текшируви уларда негатив таассурот қолдириши ҳеч гап эмас. Тўғри, хавфсизлик юзасидан текширув албатта муҳим. Аммо бу жиҳатга бироз бошқача ёндашилса мақсадга мувофиқ бўлар эди...

Юлдуз ЎРМОНОВА

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?