Тоҳир ва Зуҳранинг қўшқабри қаерда?

16:14 28 Октябр 2020 Жамият
1754 0

Халқ оғзаки ижодининг юксак намунаси бўлмиш машҳур севги қиссаси қаҳрамонларининг Самарқанднинг Оқдарё ва Қашқадарёнинг Ғузор туманларида рамзий қабри бор деб келинарди. Эндиликда Тоҳир ва Зуҳранинг муҳаббат фожеаси айнан Наманган заминида рўй берганлигига аниқлик киритилмоқда . Буни наманганлик археологларнинг Тўрақўрғон тумани Файзобод қишлоғи, Хўжа маҳалласида олиб борган қазишма ишлари тасдиқлаяпти.

Наманган вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси томонидан муқаддас қадамжо ва қадимий манзилгоҳларни аниқлаш ва уларни туризм маршрутига киритиш лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижасида икки дил достони ҳақиқат эканлиги исботини топмоқда.

— Ёшим етмишга етмоқда. Болалигимиздан бобо-бувиларимиз Тоҳир ва Зуҳра айнан шу заминдан эканини айтишса, эътибор бермай ўтиб кетардик.  Кейинчалик, бунга қизиқиб қолдим, мустақил изланишлар олиб бордим, ёши улуғ кексалар суҳбатида бўлдим. Уларнинг бари якдил бир фикрдаликлари мени ҳайратда қолдирди. Сўнгги икки ой ичида қадимшуносларнинг қазишма ишлари бизнинг фаразларимизни тасдиқлади. Қўшқабр атрофи қазилганда, унинг пойдевори очилди. Икки қабрнинг пойдеворида узилиш йўқ. Улар бир бутун яхлитдек.Тарихчилар бу қабрлар, IX-X асрга оид эканлигини таъкидладилар, - дейди Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, маҳалла фахрийси Воҳидхон Қодиров.

Дарҳақиқат эътибор қаратилса, ушбу қадамжонинг қуйи қисмидан катта дарё оқиб ўтади. Бу ўша Тоҳир ва Зуҳра оққан қадим Сайхун. Қолаверса,ўзбек кинематографияси олтин фондидан ўрин олган «Тоҳир ва Зуҳра» бадиий фильмининг айнан шу ерда олингани ҳам юқоридаги фикрлар тасодиф эмаслигини кўрсатади.

Мутахассисларнинг айтишига қараганда энди Сирдарё соҳилидаги қадимий қўшқабр муҳофазага олинади. Унинг атрофини ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши билан бу маскан вилоятнинг тарихий зиёратгоҳларидан бирига айланади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?