ТИВ Россия — Қозоғистон чегарасида тўпланган фуқаролар юзасидан маълумот берди

18:21 02 Июль 2020 Жамият
284 0

Мамлакатимизнинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари берган маълумотга кўра, Россия-Қозоғистон чегараси «Маштаково» ва «Сагарчин» назорат-ўтказиш пунктлари яқинида Ўзбекистон фуқаролари тўплангани кузатилмоқда. Бу ҳақда ТИВ маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур масала мамлакатимизнинг Москва ва Нур-Султон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги бош консулхоналари томонидан назоратга олинган, Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

ТИВ Оператив штаби ушбу вазият тўғрисида маълумотни Республика махсус комиссиясига киритди.

1 июндан буён Россиянинг турли шаҳарларидан 25 та чартер рейслар ташкиллаштирилди ҳамда ҳафта охиригача Новосибирск, Қозон, Екатеринбург, Москва, Ростов-Дон шаҳарларига навбатдаги рейсларни амалга ошириш кутилмоқда.

«Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя этишларини сўраймиз» дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?