Тингла, дунё!

16:51 23 Сентябр 2020 Сиёсат
988 0

Гапнинг очиғи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳақида кўп эшитганману, бироқ сира ҳам моҳиятига етмаган эканман. Балки бунга эҳтиёж бўлмагандир. Яқинда ОАВ орқали Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги иштироки ва у ерда илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлашидан хабардор бўлдим.

Бу хушхабарни эшитдиму, юрагимга олов кирди. Наҳотки, бир вақтлар камситилган, хўрланган ЎЗБEК ТИЛИМ дунёнинг энг юксак минбаридан янграса?! Наҳотки, жаҳон халқлари она тилимнинг овозини эшитса, жаранггини тингласа?! Наҳотки...

БМТ ҳақида маълумотлар излаб қолдим: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қисқача БМТ 1945 йил 24 октябрь куни ташкил топган экан. Мазкур ташкилот дунё тинчлиги ва хавфсизлигини сақлаш ҳамда миллатлараро иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни йўлга қўйишни ўз олдига мақсад қилган.

БМТ ўзини халқаро майдонда бутун давлатларда адолат ва хавфсизликни, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий тенгликни таъминлашни режа қилган ташкилот деб баҳоланади. Унинг шартномаси халқаро куч ишлатишни ман қилган дастлабки битим ҳисобланади. Ташкилот АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган ва аъзо давлатлар билан ҳар йили мунтазам равишда йиғилишлар ўтказилиб борилади. Тузилиш жиҳатидан Умумий Кенгаш, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгаш, Бош котиблик ва Халқаро Адолат Девонидан иборатдир.

БМТ тузиш фикри дастлаб, Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг, урушда ғолиб бўлган давлатлар томонидан, давлатлараро келишмовчиликларни бартараф этиб, келгусида юз берадиган ва хавфсизликка рахна соладиган урушнинг олдини олиш мақсади дунёга келган.

Мана, БМТ мана шундай ташкилот экан ва у ер шаримиздаги аъзо давлатларнинг холидан хабардор бўлгувчи, назорат қилгувчи куч сифатида фаолият олиб бормоқда.

Балки, оддий одам учун БМТ ҳақида бундан ортиғини билиш керак ҳам эмасдир. Шунинг учун қисқа ва лўнда қилиб, ўзим англаганларимни сизларга ҳам илиндим.

Тўғри, ўтган гал ҳам бу минбардан туриб биринчи марта Муҳтарам Президентимиз нутқ сўзлаганларидаги қувончимиз ҳамон ёдимизда. Ўшанда ташкилот пештоқида кўплаб мамлакатларнинг байроқлари қатори бизнинг ҳам байроқ ҳилпираб турганини кўриб, ғурур ва ҳаяжонга тушганмиз. Бежизга Давлат герби, Давлат байроғи кабиларни ташкил қилинмаганига амин бўласан. Қизиқ, ҳар қадамда учратадиган байроғингнинг қадрини четга чиққанингда, дунё миллатлари орасига тушганингдагина биласан. Унинг ҳилпираши жонингни ҳилпиратади, унинг виқори қаддингни тоғ қилади.

Ва ниҳоят, бугун биринчи марта жаҳон минбаридан Ўзбек тилим, Она тилим жаранглайди!

Бу жуда катта байрам! Ер юзида яшаётган барча ўзбекларнинг байрами бу!

Бу шараф байрами, ифтихор тантанаси!

Эй, дунё, эшит, минг йиллар нур сочган Юсуф Хос Ҳожибнинг овозини тингла! Яссавий ҳикматлари, Нажмиддин Кубро ҳайратлари, Ибн Сино шифолари, Навоийнинг наволари бор унда! Имом Бухорий ҳадислари, Нақшбандий тариқатию Улуғбекнинг самолари бор унда!

Эй, дунё, эшит! Жаҳонга ҳар қишлоғидан олим, шоир, авлиё, валий берган сахий юртнинг овози бу!

Тингла, бугун ЮРТ БОШИМ сўйламоқда! У Машраб тилида, Завқий, Муқимий, Фурқат, Увайсий, Нодирабегимларнинг назм тилида сўйламоқда!

Тингла, у , Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир, Авлоний ҳасратлари, орзулари тилида сўйламоқда!

Тингла, Ўзбек деган танти миллатнинг, мард ўғлони сўйламоқда. У онаси, аёли, синглиси, қизининг аллалари каби майин, Алпомиш, Амир Темур, Мангубердилар тилидек кескир ва салобатлидир!

Унда булбуллар хониши, шамоллар шиддати, ёмғирлар шивирию райҳонлар ифори бор!

Ўз она тили бўлмиш ЎЗБEК тилида Ўз юртининг БEГИ – Президенти сўйламоқда!

Тингла, дунё, тингла, коинот!

Фарида БЎТАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?