Террорчилик ташкилотига қўшилган, хорижда етти фарзанди бўлган 36 ёшли аёлнинг аччиқ қисмати. Суд унга қандай жазо берди?

15:13 25 Май 2020 Жамият
526 0

...Ҳаммаси Манзуранинг хорижий давлатга ишлаётган онасининг ёнига борганидан бошланди. Қиз бу ерда онасининг истагига кўра, мўмин- қобил кўринган, асли қўшни давлатлик Қулмуҳаммад исмли йигитга турмушга чиқди. Шаърий никоҳдан ўтишди.

Кейин эса Қулмуҳаммад Манзурани намоз ўқишга ўргатди. Рўмол ўраб юриши кераклигини айтди. Ўзича диний билимларни қулоғига қуйишга киришди. Фаровон турмушга қандай эришиш мумкинлиги ҳақидаги сафсаталарни миясига сингдирди. Ёш, ғўр, ҳаётнинг паст-баландини билмаган Манзура шу тариқа ёт ғоялар таъсирига тушиб қолди.

Бу орада турмуш ўртоғининг юртига келишди. Фарзандли бўлишди. Кейин эса Қулмуҳаммаднинг хоҳишига кўра, Манзура хорижга чиқишга оид зарур ҳужжатларни тайёрлаб, Озарбайжонга йўл олди. Эр-хотин Боку орқали Туркияга, ундан Эрон Ислом Республикасига ўтишди. Ўзларига ўхшаган бир гуруҳ хом сут эмган бандалар билан жиноий тил бириктириб, Покистон ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудидаги тақиқланган “Туркистон Ислом Ҳаракати” террорчилик ташкилотига бориб қўшилдилар.

Бу орада Манзура бирин-кетин фарзандли бўлди. Турмуш ўртоғи эса террорчилар билан кетар, тоғли минтақаларда жанговар таълим олар, қайтиб келганида эса “ҳижрат” қилиш кераклигини айтарди. Бир гал Манзура унга “Туркияга ишлаш учун олиб келган эдингиз, аммо Туркиядан Эронга, Эрондан эса энди Покистонга кетамиз деяпсиз, мен у ерларга бормайман” деганида турмуш ўртоғи “Фарзандларингни менга ташлаб, ўзинг яшаш жойингга қайтиб кетавер” деди. ”Болаларим учун у ерда қолишга мажбур бўлдим”, дейди у кейинчалик судда берган кўрсатмасида.

Ҳар қандай ишнинг ҳам ниҳояси бор. Қулмуҳаммад қора ниятли шериклари билан кетганича қайтиб келмади. Маълум бўлишича, ҳукумат қўшинлари билан жангда у ҳалок бўлган. Шундан сўнг Манзура маълум бир муддат ўтгач, террорчи гуруҳ аъзоларидан бирига турмушга чиқди. Яна фарзанд кўрди. Ҳали 36 ёшга кирмай туриб, жами етти фарзанднинг онаси бўлди. Унинг бегона юртларда қанақанги кунларни бошидан кечирганини эшитган киши “Эй, банда, “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл”, деган нақл бор. Сенга шу кўргуликлар зарурмиди?Наҳотки, келажагингни, яқинларингни, сенга оқ сут бериб катта қилган, “болам” деб асраб-авайлаган она-юртингни ўйламадинг?” деган саволларни бериши тайин.

Қарангки, халқимиз, давлатимиз кечиримли. Бағрикенг. Ғамхўр. Адашган, алданган, ёт элларда не-не кечмишларга дучор бўлган бир гуруҳ аёлларни фарзандлари билан Ватанга қайтарди. Улар орасида биз айрим мулоҳазаларга кўра исми-шарифини Манзура, деб ўзгартирганимиз аёл ҳам бор. Табиийки, Манзура Ғаффорова ҳам ўз қилмиши учун суд олдида жавоб берди. Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси Б.Ачилов раислигида ўтган мажлисда у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 2442-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва унга шу модда билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

”Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?