“Tashkent City”да қуриладиган энг баланд бино лойиҳасига нега ўзгартириш киритилди?(Фото)

15:07 29 Август 2019 Жамият
1046 0

 “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик марказида “Осмон ҳамма учун” шиори остида бунёд этиладиган улкан иншоот лойиҳасига ўзгартириш киритилди. Бунга инвесторлар — маҳаллий «Murаd Buildings» компанияси ҳамда Туркиянинг «Ozguven Architecture» архитектура бюроси раҳбарлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида изоҳ берди. 

Гап шундаки, дастлаб Ўзбекистондаги биринчи осмонўпар бинонинг баландлиги 215 метрдан ошиши айтилган эди. Аммо қурилиш ишлари олиб бориладиган бир ярим гектар майдондаги ер қатлами, тупроқ таҳлили, шунингдек, бошқа синовлар натижаси бинони янада баланд қилиб тиклашга ундади. Яъни унга яна 51,5 метр қўшилиб, 266,5 метрга етказишга қарор қилинди. 

Замонавий мажмуага “Nest One” номи берилди. 51 қаватли улкан иншоотдан “люкс” таснифига кирувчи 746 та хонадон ўрин олади. 

— “Nest One” нафақат ўзининг маҳобати, балки беш юлдузли меҳмонхоналар даражасидаги қулайликлари билан ҳам аҳолини мамнун қила олади, — дейди «Murаd Buildings» компанияси раҳбари Мурод Назаров. — Иншоот замонавий меъморий ечимларга эга бўлиб, бу ерда яшовчилар уйдан ташқарига чиқишга деярли эҳтиёж сезишмайди. Меҳмонларни кутиб олиш учун муҳташам ресторанлар, бизнес мулоқотлар учун конференция заллари, спорт мажмуалари, қўйингки, бугунги тезкор ҳаёт учун зарур барча шароит муҳайё этилади. Бу каби қулайликлардан бир хонали уй сотиб олганлар ҳам бемалол фойдаланишлари мумкин. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг. Бироқ ҳали хонадонларнинг баҳоси эълон қилингани йўқ. Инвесторларнинг айтишича, бу ҳақда шу йилнинг 15 сентябрида аниқ маълумотлар тақдим этилади. Чунки ўша куни хонадонлар савдоси бошланади.

Кўпчиликни улкан мажмуанинг мустаҳкамлиги, айниқса, зилзилага қанчалик бардошли бўлиши қизиқтираётгани бор гап. Хўш, бинонинг хавфсизлиги қай даражада таъминланади? 

— Ер силкинишига бардошлилик синовлари Туркияда ўтказилди ва бино 9 баллик зилзилага дош беришига ишонч ҳосил қилдик, — дейди «Ozguven Architecture» архитектура бюроси директори Озгюр Онур Озгювен. — Бундан ташқари, баланд биноларга жиддий хавф туғдирадиган шамолга қарши синовлар ҳам ўтказилди. У Германияда олиб борилди. Шунингдек, қурилишда ҳар бир жиҳатга алоҳида эътибор қратилмоқда. Масалан, пойдевор ўта мустаҳкам бўлиши учун “Barret” тизими қўлланилди. “М800” маркали бетондан фойданишга қарор қилдик ва бунинг учун 4 миллион АҚШ доллари имқдорида инвестиция киритилиб, Тошкент атрофида махсус бетон заводи қурилмоқда. Хуллас, биз бунёд этадиган бино барча хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беради.

“Tashkent City” халқаро ишбилармонлик марказининг кўрки ва зийнатига айланадиган “Nest One” мажмуаси 2021 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда. 

Саид РАҲМОНОВ

(“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019