Тарихий обидалар атрофидан ер ажратилмайди!

11:55 05 Июль 2019 Маданият
643 0

Фото: «Халқ сўзи»

Бугун Самарқанд шаҳрининг Ёшлар марказида вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш истиқболлари: муаммо ва таклифлар масалалари бўйича очиқ мулоқот шаклида конференция бўлиб ўтди. Унда 500 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ва тадбиркорлар иштирок этишди.

Конференцияни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов очиб бериб, барча тадбиркорларга ўз фаолиятига доир дуч келаётган муаммоларини очиқ ва ошкора билдиришларни айтди.

- Ҳозир тадбиркорлар томонидан билдирилаётган ҳар қандай мурожаат ва таклиф эътиборсиз қолдирилмайди, балки шу ернинг ўзида рўйхатга олинади ва қатъий назоратга олинади. Шаффофлик, ошкоралик, вазиятга адолатли ёндашув — жамиятимизда демократик қарашларни шакллантиради, - деди Эркинжон Турдимов.

Шундан сўнг вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи тингланди. Унда солиқ тизимига оид преференциялар ва имтиёзлар ҳақида сўз борди. - Мен Пастдарғом туманилик тадбиркорман. Менга туман Миллий банк томонидан асаларичиликни ривожлантириш бўйича 85 миллион кредит ажратиш бўйича муаммо бўляпти.

Вилоят ҳокими мазкур банк масъулларига 3 кун ичида тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилишлари учун муддат берди. Тадбиркор, мабодо муаммоси ҳал этилмаса ўзининг телеграм саҳифасига хабар қолдириши мумкин эканлигини билдирди.

- Мен Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонидан замонавий ҳожатхона қуришга рухсат ололмайман дейди самарқандлик фуқаро. - Регистон майдони тарихий обида дея, жавоб берди вилоят ҳокими. Шу ўринда сизларга энг муҳим бир фикримни айтмоқчиман: Самарқанд шаҳрида бундан буёғига бирорта қурилиш, у хоҳ уй-жой бўлсин, хоҳ тадбиркорлик иншооти бўлсин мутлақо рухсат берилмайди. Самарқанд шаҳрида туризм ва сервис ривожланади. Тарихий ва маданий меросларга дахл қилмайдиган мумтоз меҳмонхоналар қурилади. Ноқонуний қарорлар тўхтатилади, бекор қилинади. Самарқанддаги тарихий жойларга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

- Мен Каттақўрғон туманида тикувлик кичик корхонаси раҳбариман. 30 та ишчим бор. Муаммом шундаки, тумандаги бўш турган бинолардан бири ажратилса. Барча мурожаатларим самарасиз бўлмоқда. Уч ойдан бери сарсонман. Агар масалам ҳал бўлса, 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратаман.

Вилоят ҳокими масъул раҳбарларга мазкур мурожаат бўйича муддатли топшириқ берди. Ошкора саволлар ва аниқ жавоблар иштирокчиларда катта таассурот уйғотди. Тадбиркорларни қизиқтирган кўплаб долзарб ва муаммоли мурожаатлар ўз ечимини топди.

Умид СОРИЕВ, “Халқ сўзи“ мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019